Шаҳрисабз ва Қамаши туманларининг туристик-рекреацион салоҳияти оширилмоқда
Қарор ва шарҳ
Шу мақсадда мазкур ҳудудларда йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантиришга 2023-2025 йиллар давомида қўшимча 175 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.
Жорий йил 23 февраль куни мамлакатимиз ҳукумати "Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз ва Қамаши туманларида хизматлар соҳасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" қарор қабул қилди. Ушбу ҳужжат билан тасдиқланган манзилли рўйхатга мувофиқ, бу икки туманда йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш борасида умумий қиймати 157 миллиард сўмга тенг 8 та лойиҳа (Шаҳрисабз туманида - 2 та, Қамаши туманида - 6 та) амалга оширилади. Масалан, "Шаҳрисабз-Мираки" автомобиль йўлининг 23 километрини (3-26 км) жорий таъмирлашга 2024-2025 йилларда республика бюджетидан 6,5 миллиард сўм, "Мираки-Ҳисорак" автомобиль йўлининг 7 километрини (7-14 км) тўла таъмирлашга эса худди шу манбадан 21,7 миллиард сўм ажратилади.
Энг кўп сармоя (112,6 миллиард сўм) "Лангар-Майданак" автомобиль йўлининг 28 километрини (38-66 км) тўла таъмирдан чиқаришга сарф қилиниб, шу мақсадда 2024-2025 йилларда халқаро молия институтлари (ХМИ) маблағларини жалб этиш назарда тутилган. Айнан шу йўлнинг яна 12 километрини (26-38 км) жорий таъмирлашга бу йил ХМИ сармояларидан 9 миллиард сўм, тағин 26 километрини (0-26 км) жорий таъмирлашга эса 2023-2024 йилларда 3 миллиард сўм харажат қилинади. Бунинг учун Шаҳрисабз ва Қамаши туманларида оммавий савдоларда сотиладиган кўчмас мулк объектларини сотишдан тушган маблағлар, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ишга солинади. Зеро, қарорга мувофиқ, мазкур маблағлар вилоятимиз ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасида жамланган ҳолда, истисно тариқасида, қарор иловасидаги чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Шу йилнинг ўзида республика бюджетидан ажратиладиган 2 миллиард сўм эвазига "Тўқбой-Қоратепа" йўлининг 7 километри ва яна 1 миллиард сўмга "Учтут-Тўқбой-Янги қурилиш" йўлининг 1,5 километрини жорий таъмирлаш мўлжалланмоқда. "Қизилтепа-Лангар-Майданак" автомобиль йўлининг 30-километридаги Лангардарё кўпригини (узунлиги - 30 погонометр) тўла тиклашга 1,2 миллиард сўм маблағ зарур бўлади.
Шаҳрисабз ва Қамаши туманларининг туристик салоҳияти юқори ҳудудларида нафақат йўл-транспорт, балки ичимлик суви ва оқова сув ҳамда электр тармоқлари инфратузилмаси ҳам ривожлантирилади. Мисол учун, Шаҳрисабз туманидаги Мираки маҳалла фуқаролар йиғинида 11,7 миллиард сўмга 9,1 километр оқова сув тармоқлари ва тозалаш иншооти қурилиб, Мираки қўрғонида 2,5 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи ва икки трансформаторли 2 та трансформатор пункти янгиланади. Бунга 577,5 миллион сўм талаб қилинади.
Шу билан бир вақтнинг ўзида Майданак обсерваторияси ва "Лангар ота" зиёратгоҳида 5,2 километр ичимлик суви тармоқлари ҳамда 1 та сув тақсимлаш иншоотини барпо этиш учун 5,2 миллиард сўм сарфланади. "Қизилтепа-Майданак" йўлида 2 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи ва 4 та трансформатор пункти (жами 530 миллион сўмга), Лангар МФЙда 1,5 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи ва 4 та трансформатор пункти (жами 371 миллион сўмга) янгиланади.
Қарорга асосан ҳаётга татбиқ этиладиган шу ва бошқа чора-тадбирлар Шаҳрисабз ва Қамаши туманларининг туристик-рекреацион салоҳиятини ошириш баробарида хорижий ҳамда маҳаллий туристлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, хизмат ва савдо объектларини инфратузилма билан таъминлаш орқали аҳолининг даромадини кўпайтириш учун ҳам замин ҳозирлайди.
Темур НИЗОМОВ тайёрлади.