Бугун Миришкорда ҳам истиқлол сабосидан файзиёб ҳар гўшада бўлгани каби яратувчанлик, бунёдкорлик руҳи ҳукмрон. Замонга муносиб қўша-қўша иморатлар қад ростлаяпти, ҳудуд қиёфаси янгиланиб бораяпти. Шунга монанд миришкорликларнинг қарашлари, фикр-ўйлари ҳам тобора янгиланиб, ғайрат-шижоат билан шу юрт равнақи, шу эл истиқболи учун ҳисса қўшиш илинжида яшаётир.
БУНЁДКОРЛИК РУҲИ
Туманнинг қай гўшасига борманг, бугун улкан қурилиш- бунёдкорлик ишлари кетаётганига гувоҳ бўласиз. Янги типдаги мактаблар, болалар мусиқа ва санъат мактаби, тиббиёт муассасалари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойлару аҳоли дам олиш марказлари – барча-барчаси ҳудуд чиройига чирой қўшиб, одамларнинг ҳаёт тарзини тубдан яхшилаш, турмуш маданиятини оширишга хизмат қилаяпти.
Хусусан, Юртбошимиз ташаббуси билан қишлоқ жойларда барпо этилаётган намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойлар Миришкор аҳолисига ҳам манзур бўлиб, ҳар жиҳатдан қулай шароит яратаётир.
- Бундай уй-жойлар яшаш учун ҳар томонлама қулайлиги боис, уларга бўлган талаб ошаяпти, - дейди туман ҳокимлигининг қурилиш-ободонлаштириш масалалари бўйича бош мутахассиси Шавкат Тошматов. – Шуни ҳисобга олган ҳолда, жорий йилда туманимизнинг Калта массивида 14 та, Янги Жейнов массивида эса 16 та шинам уй-жой қурилди. Келаси йил учун яна 30 та ана шундай уй қурилиши режалаштирилган бўлиб, Калта массивида 10 та, Янги Миришкорда 20 та замонавий иморат барпо этилади.
Туманда қишлоқларнинг шаҳарга бўйлашишини таъминлаётган бундай уй-жойлар сони 2009 йилдан буёғига 215 тага етди. Бу эса бир пайтлардаги пахса деворли одмигина иморатлар ўз ўрнини мана шундай кўркам, замонавий қишлоқ уйларига бўшатиб бераётгани, уларда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг ҳаётидан мамнунлик туйиб, бугунидан розилик ҳисси билан яшаётганидан далолат беради.
ФЕРМЕР БОЙ БЎЛСА...
- Миришкор – катта потенциалга эга туман, - дейди туман ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Алишер Мейлимуродов. – Шу боис, узоқ йилга мўлжалланган улкан режаларни сира чўчимасдан амалга ошириш имкони мавжуд. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида туман вилоятда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга. Ғалла етиштириш бўйича вилоятда 2-ўринда туради. Жорий йилги ҳосилимиз чўғи ҳам ёмон бўлмади.
Албатта, бу ютуқлар миришкорлик фермерлар, асл деҳқонларнинг саъй-ҳаракати натижасидир. Буни биргина туманнинг Чандир массивида жойлашган “Янгибой” фермер хўжалиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Ташкил этилганига 20 йилдан ошган хўжаликда асосий эътибор пахта ва ғалла етиштиришга қаратилган. Жами 88 гектар майдондан иборат хўжалик далаларининг 42 гектарида пахта етиштирилади. 43 гектар ерда эса ғалла экилади. Жорий йилги натижадан хўжалик аъзолари мамнун: давлатга дон сотиш шартномавий режасини ортиғи билан бажариб, 160 тонна ўрнига 185 тонна дон топширилди.
Кўп тармоққа асосланган фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини кўрган фермер Мухтор Шаропов ўз хўжалигида боғдорчилик ва узумчилик тармоғини ташкил этди.
- 2 гектар ерда мевали боғ барпо этганимизга 5-6 йилча бўлиб қолди, - дейди у. – Ўрик, бодом, қароли каби мевали дарахтлар экилган. Ҳосилини олаяпмиз. Ўтган йил баҳорида 1 гектар ерга ток кўчатлари ўтқаздик. Насиб этса, мўл ҳосил берадиган узумзорга айланади, деган ниятдамиз.
Замон талабига “лаббай”, дея жавоб қайтаришга ўрганган фермер келаси йили мевани экспорт қилишни мўлжаллаяпти.
- Бугунги кунда фермер ҳақиқий ер эгаси, мулкдорга айланди, - дейди Мухтор Шаропов. - Бироқ давр ундан тадбиркор, ишнинг кўзини биладиган ишбилармон бўлишни ҳам талаб этаяпти. Биз шу талабни ҳисобга олишимиз зарур. Шундан келиб чиқиб, хўжалигимизда аҳоли ва фермер хўжаликларига техник хизмат кўрсатишни ҳам йўлга қўйдик. Лекин бу билан кифояланиб қолмоқчи эмасмиз. Ҳали олдинда режалар, қилинадиган ишлар кўп. Чунки ишлайдиган давр келди. Ер – ўзимизники. Топилаётган даромад ўзимизники. Ишлаш учун шароит етарли. Яна нима керак одамга?
Маълумотларга кўра, 2011 йилда Миришкорда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари сони 753 тани ташкил этарди, бугунги кунда эса улар сони 1200 дан ошди. Жорий йил улар томонидан туманнинг 22 минг 680 гектар ерида пахта парваришланмоқда, 23 минг гектар ерда эса ғалла етиштирилди. Мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, картошка ва полиз экинлари етиштириш ҳамда экспортга чиқариш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар туман иқтисодий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Қолаверса, бу - деҳқон бир замонлардагидек фақат айтилганни бажарадиган, пешона тери билан етиштирган ҳосилига эгалик қила олмайдиган муте шахс эмас, балки ўз имкониятларини етарлича баҳолаб, чамалаб кўра оладиган, ўз сўзини айта оладиган мулкдорга айланганидан далолат беради.
ЧЎЛДАГИ ЯШИЛ САЛТАНАТ
Жейнов қишлоғи адоғида каттагина ўрмон кўзга ташланади. Бу – вилоят марказий давлат ўрмон хўжалигининг Жейнов бўлимига қарашли ҳудуд. 2004 йилда Баҳористон ўрмон хўжалиги негизида ташкил қилинган мазкур бўлимда ишлар замон талаблари асосида йўлга қўйилди. Ер майдони 596 гектарни ташкил этадиган бу жойни ҳақиқий яшил салтанат дейиш мумкин. 32 турдаги мевали ва манзарали дарахтлар парваришланаётган масканга келган кишининг баҳри дили очилади. Ўзимизнинг ширин-шакар мева берадиган олмаю анор, шафтолию олхўри, бодому ўрикдан ташқари, бўлим ходимлари япон софораси, заранг, тоғ арчаси, катальпа каби ноёб дарахт турларини ҳам кўпайтиришмоқда. 11 гектар ер майдони кўчатхонага айлантирилиб, бу ерда уруғдан экилган 1 миллион туп турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари парваришланаяпти. Бундан ташқари, турли-туман ноёб гул кўчатлари кўпайтирилмоқда.
- Фақат бугина эмас, 5 хилдаги доривор ўсимлик ҳам етиштираяпмиз, - дейди бўлим бошлиғи Муқимбой Оллобердиев. – 6 гектар ерга топинамбур, 1 гектар ерга тирноқгул, 0,5 гектар ерга кашнич, 50 сотих ерга мойчечак, 2 гектар ерга исириқ экилган. Шифобахш гиёҳлар дорихоналарга шартнома асосида етказиб берилади. Бундан ташқари, 10 гектар ерда қовоқ етиштираяпмиз, 3 гектар ерга лавлаги экилган.
Бўлимда 20 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган бўлиб, хўжалик қошида асаларичилик, паррандачилик ва қуёнчилик ҳам йўлга қўйилгани қувонарли. 100 дан ошиқ асалари оиласи боқилиб, аҳолига тоза асал етказиб берилаяпти.
- Албатта, бу ишларнинг бари истиқлол туфайли, - дейди Муқимбой Оллобердиев. – Юртимизда қишлоқ хўжалиги тармоқларини кенгайтиришга катта эътибор қаратилаяпти. Биз ҳам бу ишдан четда туришни истамадик. 3 йилча аввал паррандачиликни йўлга қўйгандик. Ҳозирда товуқлар сони 200 дан ошди, 90 та куркамиз ҳам бор. Ўтган йили ҳукуматимиз томонидан қуёнчиликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибордан куч олиб, қуённинг 5 бош полувеликан туридан олиб келгандик. Ҳозирда 80 тадан ошди.
Бўлим ходимларининг келажак режалари ҳам улкан. Хўжалик таркибида қўриқхона ташкил этиш, мавжуд тармоқлар ишини янада ривожлантириш, туяқуш фермаси ташкил этиш каби орзу-мақсадлар билан меҳнат қилишаяпти. Энг муҳими, илгаригидай “бизда фақат шу-шу ишларни амалга ошириш мумкин, холос, бундан ортиғи талаб қилинмаяпти-ку” қабилида эмас, ташаббускорлик руҳи билан янгича ишлаш, янгича қараш шаклланган. Бу эса кўплаб ютуқ-муваффақиятларга йўл очиши шубҳасиз.
ҚОРАКЎЛИ ҲАМ МАШҲУР
Маълумки, Миришкор чорвадорлар юрти ҳам саналади. Айниқса, қоракўлчилик-наслчилик ширкат хўжаликларида тайёрланадиган қоракўл териси машҳур. Унинг Помуқ нави ноёб ва харидоргир. “Қовурғагул” номи билан таниқли бўлган мазкур нав бошқа ҳудудларда тайёрланадиган қоракўлдан чиройли кўриниши ва сифатлилиги билан ажралиб туради.
Туманда 2 та - “Ўзбекистон” ҳамда Ғафур Ғулом номли қоракўлчилик-наслчилик ширкат хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда. Уларга қарашли яйловларда 27 ярим мингдан ортиқ қоракўл қўйлари боқилаяпти.
- Бугунги кунда хўжалигимизга қарашли 42 та отарда жами 18 минг бошдан зиёд қўй боқилаяпти, - дейди “Ўзбекистон” ширкат хўжалиги бош чўпони Шодиёр Гуллиев. - Чўпон-чўлиқларимиз учун шароитлар етарли. Меҳнатга яраша рағбат кўраяпмиз. Бу эса янада масъулият билан меҳнат қилишга ундайди.
Бундан ташқари, туманда 4 та қорамолчиликка ихтисослашган хўжалик фаолият кўрсатаётган бўлиб, аҳолини сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшаяпти.
ТОТУВЛИКДА ҲИКМАТ КЎП
Миришкор – кўп миллатли туман. Ўзбек, тожик, туркман, араб, татар сингари 20 дан зиёд миллат вакиллари бир оила фарзандларидай тинч-тотувликда ҳаёт кечирмоқда. Яратилган шароитлар боис улар асрий удум ва анъаналарининг бардавомлигини сақлаб, ардоқлаб келишаяпти.
- Қишлоғимизда 24 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, - дейди Янги Жейнов ҚФЙ раиси Рўзибой Тошев. – Неча-неча йиллардан бери бу ерда ўзбеклар, араблар тинч-тотувликда, баҳамжиҳатликда яшаб келишаяпти. Тўй-тадбирлар борми, ҳашар борми, ҳамиша ёнма-ён. Қуда-анда, дўст-биродар бўлиб яшаётган бу икки миллатни эт билан тирноққа ўхшатиш мумкин.
Дарҳақиқат, юртимизда истиқлол йилларида миллатлараро тотувлик ғояси ҳақиқий инъикосини топди. Қўлни қўлга бериб, баҳамжиҳат яшаб, меҳнат қилиб келаётган араб, туркман, тожик миллатига мансуб миришкорликларнинг туман иқтисодиётини ривожлантириш, унинг салоҳиятини белгилашда муносиб улуши бор.
Туманнинг Помуқ, Чандир қишлоқларида эса асосан туркман миллатига мансуб туб аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг асрлар оша сақланиб келаётган бардавом анъана ва урф-одатлари, ўзига хос ҳаёт тарзи билан танишар экансиз, бир жиҳат эътиборингизни тортади: аҳоли бугун ўз ҳаётидан рози. Ўз она тилида эркин сўзлашиб, ўз миллатига хос қадриятларни эркин намоён этиш имкони яратилганидан мамнун ҳолда умргузаронлик қилмоқда.
Чандир қишлоғилик Маъмур Ҳимматов 73 ёшда. Бир умр ҳалол меҳнат ортидан рўзғор тебратган Маъмур ота турмуш ўртоғи Ўғилшод Ҳимматова билан 9 фарзандни тарбиялаб, элга қўшди. Бугун кексалик гаштини сураётган нуроний билан суҳбатлашсангиз, шукроналик ҳиссини туясиз.
- Биз учун шу ер – Ватан, - дейди отахон. – Бундай юрт бошқа қаерда бор? Атрофда бўлаётган воқеаларни кўриб, кузатиб, эшитиб турибмиз. Шукур қиламиз, бизда ҳаммаси жойида, юрт тинч, обод, фаровон. Фарзандларимиз қаерда хоҳласа, таълим олаяпти, ишлаяпти. Меҳнат қилган кам бўлмаяпти. Яшаса, яшагулик, мақтаса, мақтагулик давр келди. Илгариги даврлар билан ҳозиргисини таққосласак, осмон билан ерча фарқ борлигини кўрасиз. Буни биз тенгилар яхши билишади. Бундай замоннинг қадрига етиш керак.
Асосийси, турли миллат вакилларидан иборат туман аҳолиси учун миллатлар ўртасидаги аҳиллик, тотувлик энг олий қадриятга айланган.
Ҳудудда туркман ва араб маданий марказлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, “Ал-арабия”, “Гўзал”, “Сарвиноз” каби фольклор жамоалари нафақат туман ва вилоятда, балки бутун республикада маълум ва машҳурдир. Тумандаги байрам тадбирлари, тўй-томошалар уларнинг иштирокисиз ўтмайди.
ЖЕЙНОВ ШИРИНЛИКЛАРИ
Статистик маълумотларга кўра, Миришкорда фаолият кўрсатаётган кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони ўтган йили 382 тани ташкил этган бўлса, бу йилга келиб, 400 тадан ошган.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, бир пайтлар Миришкор тумани фақат пахта, ғалла етиштиришга ихтисослаштирилган аграр ҳудуд ва салоҳияти шу билангина ўлчанар эди. Одамлар турмуши ҳаминқадар, инфратузилма ўзига яраша, аҳоли шунга кўнишга мажбур эди. Бугун-чи? Бугун туманнинг қайси гўшасига борманг, гуллаб-яшнаётган турмуш манзараларини кўрасиз. Чекка-чекка ҳудудларда ҳам қатор савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш объектларию ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилаяпти. Истиқлол йилларида ҳар қандай яхши янгилик дарҳол қўллаб-қувватланаётгани, тадбиркорликка кенг йўл очилгани ҳудуд ободлиги, аҳоли турмуш даражаси фаровонлигини таъминламоқда.
Бугун Миришкорнинг қишлоқ жойларида фаолият бошлаган кўплаб савдо, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш субъектлари туман аҳолисининг турли маҳсулотлар ва хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш баробарида қишлоқ ёшларининг иш билан бандлигини таъминлашда ҳам муҳим омил бўлаяпти. Жейнов қишлоғида ишлаб турган нон, макарон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган цех фаолияти бунга ёрқин мисол бўла олади. Тадбиркор Файзулла Тошев раҳбарлигидаги “Юксалиш” фирмасига қарашли цех очилганига 3 йилча бўлиб қолди. Асосан, нон, макарон маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган цехда кейинроқ турли-туман ширинликлар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилди. Турли шаклдаги печенье ва пряниклар махсус ўрамларда савдо дўконларига шартнома асосида етказиб берилади. Бундан ташқари, тўй-тантаналар учун буюртмалар қабул қилинади. Энг муҳими, бу ерда яратилган 6 та иш ўрнининг 3 тасида коллеж битирувчилари ишламоқда.
- Коллежни шу йил тамомлаганман, - дейди цех ишчиси Муҳаммадали Сайфуллаев. - Цехда ишлаётганимдан мамнунман. Биз тайёрлаётган маҳсулотларни ҳамқишлоқларимиз мақтаб-мақтаб тановул қилаётганларини кўрганимда, фахрланаман. Бу ерда иш ўрганиб, келажакда ўзим ҳам мустақил иш бошлашни ният қилаяпман.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка қаратилаётган эътибор мазкур соҳанинг тобора кенг ривожланиб, равнақ топиши учун омил бўлиб хизмат қилаяпти.
КЕЛАЖАК ЭГАЛАРИ УЧУН
Миришкорлик ўғил-қизлар қобилият, истеъдодда бошқа туманлардаги тенгдошларидан асло қолишмайди. Фанда ҳам, санъат ва спорт соҳасида ҳам улар юқори марраларни эгаллаб келишаётир. Зеро, туманда бунинг учун шароитлар етарли. Туман марказида “Баркамол авлод” болалар маркази, Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, Болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолият кўрсатаяпти. “Баркамол авлод” марказида айни кунда 210 нафар ўғил-қиз 13 та тўгарак асосида йўлга қўйилган машғулотларда иштирок этишаяпти. 2015 йилда ишга туширилган Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида эса келажак эгаларининг жисмонан соғлом ва бақувват бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бадиий гимнастика тўгарагида 4 ёшдан 11 ёшгача бўлган 30 нафардан зиёд қизалоқлар нафис спорт тури билан шуғулланаётган бўлса, миллий кураш, стол тенниси, волейбол, футбол каби спорт тўгараклари ҳам болалар билан гавжум.
- Ютуқларимиз чакки эмас, - дейди мураббий Умиджон Очилов. – Жорий йилнинг апрель ойида 2000-2002 ҳамда 2003-2005 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтказилган миллий кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати мусобақаларида 77 килограмм вазнда ёш спортчимиз Сирож Эрназаров 1-ўринга сазовор бўлди.
Мактабда мингга яқин туман ёшлари ўзлари қизиққан спорт тури билан мунтазам равишда шуғулланиб келишаяпти. Уларнинг эришаётган ютуқлари эса йилдан йилга юксалмоқда.
БАЙРАМГА ЭНГ МУНОСИБ СОВҒА
Кейинги пайтларда барча туманларда бўлгани каби Миришкорда ҳам аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида бир қатор хайрли тадбирлар амалга оширилди. Жорий йилда туманда 2 та маданият ва аҳоли дам олиш маркази ишга туширилди. Помуқда июнь ойида иш бошлаган марказ 250 ўринли томоша зали ҳамда турли тўгараклар учун мўлжалланган машғулот хоналарига эга. Помуқлик ёшлар бу ерда доира, рубоб, анъанавий ижрочилик, тасвирий санъат, фольклор ва актёрлик маҳорати сингари тўгаракларда ўз истеъдодларини тоблаш, билимларини ошириш имконига эга бўлишди. Шу йилнинг июль ойи бошида эса Жейнов маданият ва аҳоли дам олиш маркази фойдаланишга топширилди.
- Бу биз учун Истиқлолимизнинг 25 йиллигига энг яхши совға бўлди, - дейди марказ директори Ҳамро Шаропов. – Доира, рубоб, карнай-сурнай тўгаракларидан ташқари бу ерда қизларимиз учун бичиш-тикиш тўгараги фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Фото-видеостудия эса ёшларимизнинг қизиқишларига жуда мос келди. Ўйлайманки, марказимиз аҳолининг энг севимли гўшаларидан бири бўлиб қолади.
Хуллас, Миришкорда бугун ана шундай манзараларнинг гувоҳи бўлиб, юқоридаги каби яхши янгиликларни эшитасиз. Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тантаналарини эса туман аҳли яна қатор янгиликлар билан қарши олади. Қурилиши тугалланиб, байрам арафасида фойдаланишга топширилиши мўлжалланаётган бир қанча бинолар туман аҳлининг қувончига қувонч қўшиши табиий. Энг қувонарлиси эса, миришкорликлар юксак марралар сари дадил одимлар билан илгариламоқда.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.