Сессия ва тайинловлар
Хабарингиз бор, шу йилнинг 2 март куни ижтимоий тармоқларда Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовга тегишли аудиоёзув тарқалиб, унда солиқ тушумларини ўз вақтида таъминламагани учун Бахтиёр Ражабов йиғилиш иштирокчиларини турли сўзлар билан ҳақоратлагани ва сўккани акс этган.
Ушбу ҳолат юзасидан вилоят ҳокими, депутатлар, кенг жамоатчилик ўз салбий муносабатларини баён қилишди. Қолаверса, Бахтиёр Ражабовнинг ўзи ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалган овоз унга тегишли эканлигини тан олиб, маҳалла раисининг беписанд муомаласи сабаб сўкинганини маълум қилди.
4 март куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Миришкор тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида эса Бахтиёр Ражабов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Президент маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов ва вилоят ҳокими Зоир Мирзаев иштирокида ўтган сессияда Бахтиёр Ражабовнинг қилмиши ҳокимият тизими учун мутлақо номуносиб экани таъкидланди.
Шу пайтга қадар Қарши тумани ҳокими сифатида ишлаб келган Ғайрат Бегалиев номзоди Миришкор тумани ҳокимлигига тасдиқланди.
Шунингдек, Миришкор тумани прокурори Жасур Турсунов ўрнига Ички ишлар вазири ўринбосари бўлиб ишлаган Акромхон Бобохонов туман прокурорлигига тайинланди.
Шу куни халқ депутатлари Қарши тумани Кенгашининг ҳам навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари - маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Махсуда Мустафаева Қарши тумани ҳокими этиб тасдиқланди.
М.Мустафаева 1971 йил Косон туманида туғилган бўлиб, ҳокимият тизимига келгунига қадар коллеж директори вазифасида фаолият кўрсатган. Ундан сўнг Касби тумани ҳокими ўринбосари - хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосарлигидан вилоят хотин-қизлар қўмитаси раислигига кўтарилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 1988-1990 йилларда ҳам Қарши туманига аёл киши - М.Гелдиева раҳбарлик қилган. Шаҳрисабз шаҳрини эса 1983-1988 йилларда Ш.Мансурова бошқарган.
Айтиш ўринли, М.Мустафаевага қадар мамлакатимизда Сирдарё вилояти Боёвут туманига Дилфуза Уралова, Бухоро вилояти Олот туманига Наргиза Неъматова, Андижон вилояти Бўстон туманига Садбархон Мамитова ҳоким этиб тасдиқланди.
Вилоятимизда, бундан ташқари, яна бир қатор тайинловлар ҳам бўлди.
Вилоят ҳокимининг ижтимоий, ёшлар масалалари бўйича ўринбосари котибияти 1-тоифали мутахассиси лавозимида ишлаб келаётган Беҳруз Муродов Қарши тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган бўлса, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курси директори лавозимида фаолият кўрсатган Фарҳод Очилов вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари котибияти етакчи мутахассислигига қўйилди.
"Геолог" маданий ва спорт-соғломлаштириш мажмуаси бошлиғи ўринбосари бўлган Ғайрат Султонов Қарши шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташкилий-кадрлар бўлими 1-тоифали мутахассиси Сардоржон Абдуллаев Қарши тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Н.ХЎЖАЕВ