Ҳикоя ва ҳажвияларим республика нашрларида тўхтамай тез- тез чоп этилиб турган кезлар. Буёғи таниш-билишлардан мақтов сўзларини эшитиб ҳам юрибмиз. Хуллас, еру кўкка сиғмай осмону фалакларда учиб-қўниб юрган пайтларимиз.
Ўтган аср саксонинчи йилларининг охири. Ўшандай тўлиб- тошиб юрган даврда бир ҳикоя ёздим-у Гулистон” журнали таҳририятига почта орқали йўлладим. Одатда бирон нарса ёзсам, ботинимда газета-журналга юборишга фармон бўларди. Ана шундан сўнггина жўнатардим. Ҳикоя кўп ўтмай матбуотда босила қоларди. Бу гал эса ундай амр бўлмади. Чунки ҳикоя ўзимга ҳам унчалик ўтиришли эмасди. Почта орқали журнал таҳририятига жўнаб кетди-ю ичимда бир нарса чирт этиб узилгандай бўлди. Ўзимни ялқовликда айблаб ҳам қўйдим. “Нега жўнатдим ўзи? Тағин таҳрир қилиб, бироз ишлов берсам бўлармиди?” деган ўй тинчлик бермай қолди. Ҳаловатим йўқолди.
Шундай кунларнинг бирида Тошкентга - семинар-ўқувига чақириб қолишди. Бир неча кундан сўнг вақт топиб, пойтахтнинг қоқ марказида савлат тўкиб турган, тепасига каттакон соат ўрнатилган ўша машҳур баланд бинога кўтарилиб, “Гулистон” журнали таҳририятига кирдим. Мақсадим - юборган ҳикоямни қайтариб олиш. Наср бўлимида мени ўзим тенги, балки ёши мендан каттароқ бир киши илиқ қаршилади. Ҳол-аҳвол сўрашиб, танишиб ҳам олдик. У киши газета-журналлардаги чиқишим туфайли мени яхши танишини, ижодим маъқул бўлаётганлигини айтганида, рости, кўнглим тоғдай кўтарилди. Ходим столи устида турган папкалардан бирини очди-да, менинг ҳикоямни қўлида тутиб:
- Ҳикоянгизни ҳам олдик. Матбуот нашрларида зўр кетаяпсиз. Гап - йўқ,- дея бироз тин олди ва ҳижолат тортгандек сўзида давом этди. - Манови ҳикоянгиз ҳам ажойиб чиққан. Лекин... лекин менимча сал сустроқми дейман-да. Рейтингингизни бироз бўлса-да, тушириб юбормасмикан. Балки озгина ишларсиз...
Мен “Шунинг учун келганман, ҳикояни бироз таҳрир қилишимга тўғри келади” демоққа оғиз жуфтламоқчи бўлиб тургандим, у киши яна қўшимча қилди:
- Бош муҳаррир ҳикоянгизни чоп этиш учун имзо қўйиб берган...
Шу гапдан сўнг дарров ўжарлигим тутиб қолса денг. “Бош муҳаррирга ёққандирда, журналда босишга руҳсат этибди. Теришга беравермайсизми?!” Шу фикр лоп этиб кўнглимдан ўтди. Тағин андиша устун келиб индамадим.
Фурсат ўтмаёқ кимдандир менинг келганлигимни билиб, журнал бош муҳаррирининг ўринбосари, таниқли ёзувчи Оқилжон Ҳусанов хонага кириб келди-да, кифтимдан тутиб, ўзининг хонаси томон етаклади. Қабулхонага кирдик. Чап ёндаги дермантин қопланган эшик пештоқига “Бош муҳаррир Мирмуҳсин”, ўнг тарафдагисига эса “Бош муҳаррир ўринбосари Оқилжон Ҳусанов” деб ёзиб қўйилган экан. Хонага кирганимиздан сўнг, Оқилжон ака мен билан обдан сўрашиб бўлгач:
- Келганингиз жуда яхши бўлди-да. Кўпдан бери Мирмуҳсин домла “Шу қашқадарёлик йигит келса, мен билан бир учраштиринг” деб юрарди. Келганингиз айни муддао бўлди. Мен сизни ҳозир домланинг олдига олиб кираман! - деди.
Дабдурустдан ўйланиб қолдим. Тўғриси, қалбимнинг бир чеккасини андак ҳадик ҳам босди: Мирмуҳсин машҳур бир ёзувчи бўлса. Адибнинг “Умид”, “Чиниқиш”, “Дегрез ўғли”, “Меъмор, “Тунги чақмоқлар”, “Зиёд ва Адиба”, “Қадрдонлар”, “Широқ” сингари асарлари, шеърлари, ҳикоялари ва достонларини завқ-шавқ билан мутоала қилганимда бола эдим. Мен унинг олдида ким бўпман. Мирмуҳсиндек катта ёзувчи киму мен ким?! Йўқ, кирмайман!
- Оқилжон ака, ҳозир ишим жуда зарур эди, - дея чайналдим. - Бошқа маҳал домланинг олдига кирарман. Ҳозир индаманг.
Оқилжон ака майингина жилмайди ва:
- Нега энди бунчалик чўчийсиз? Сиз учун жуда яхши гаплар бўлади ҳозир. Менга қаттиқ тайинлаган. Сизни олиб кирмасам бўлмайди! – деди-да, билагимдан маҳкам ушлаб, қаршимиздаги хонага - Мирмуҳсин домланинг ҳузурига бошлади.
Кенг ва ёруғ хона тўрида домла столга бағрини бериб, қўлида ручка ушлаганича энгашган кўйи “Гулистон” журналининг навбатдаги сони лойиҳасини ўқиб, хатоларини тузатиб ўтирарди. Мени домланинг салобат босди.
- Мумкинми, домла? - деди Оқилжон ака.
Мирмуҳсин домла столдан бош кўтарди:
- Мумкин-мумкин, келинг-келинг Оқилжон!
- Мана, сиз сўраётган қашқадарёлик йигит...
Бирдан домланинг чеҳраси ёришиб, ўрнидан турди-да:
- Э-ээ, Абдуқаюм, келинг-келинг! - дея қўл бериб кўришди ва ўтиришга жой кўрсатди.
Шундай улкан адиб билан ёнма-ён ўтирибман. Ҳатто менинг исми-фамилиямни ҳам билади бу инсон. Мен бундай ҳолдан ғурурланиб ҳам қўяман.
Оқилжон ака узр сўраб, бизни хонада холи қолдирди.
Мирмуҳсин домла уй ичимни, оилам ва фарзандларимни, қаерда таҳсил олганлигимни, ишларимни батафсил сўраб-суриштирди.
- Абдуқаюмхон ука, мен ижодингизни синчиклаб кузатиб бораяпман. - Журналимизда, адабиёт ва ёшлар газеталарида, бошқа нашрларда чиқаётган ҳикояларингиз жуда манзур бўлаяпти. Бўш келманг, ука! Тўғри, тушунаман, ишингиз ижод қилишингизга бироз... нима десам экан, бироз ҳалал берармикан десаммикин... Йўқ, барибир вақт топиб ижод қилавериш керак. Катта-катта давлат арбоблариям ижод қилаяптику. Ҳеч қачон ижоддан тўхтаманг.Тинмай ёзаверинг. Классик адибларнинг асарларини кўпроқ ўқинг. Ёзганларингизни бизнинг журналимизгаям, бошқа нашрларгаям йўллаб туринг. Кўраяпсиз-ку, яхши асар журнал ғаладонида кўп вақт қолиб кетмайди, тезда чоп этилади.
Мирмуҳсин домла қарийб бир соатлик суҳбатимиз жараёнида ижод ва ижодкор масъулияти ҳақида жуда кўп қимматли гапларни айтди. Бу мусоҳабадан ниҳоят даражада қониқиш туйдим.
Суҳбатимиз ниҳоясида домла қўллари билан эгнимга қоқиб, мени эшиккача кузатиб қўйди.
Анчайин енгил тортиб, Оқилжон аканинг хонасига кирдим. Оқилжон ака мамнун ҳолда қаршиларкан:
- Ҳа, ана, айтмадимми, яхши гаплар бўлади деб. Мирмуҳсин домла ҳар кимниям ҳузурига чорлайвермайди! – деди жилмайганича.
Оқилжон Ҳусановнинг ҳузуридан чиқиб, шошганимча тағин наср бўлими хонаси томон йўл олдим. Мирмуҳсин домла билан мулоқотдан сўнг менда ижодга бўлган масъулият янада ошган, шунинг баробарида кўнглимнинг бир бурчига салгина ғашлик солиб турган ҳикояни журналда чоп этмасдан қайтариб олиш илинжи бор эди.
- Ҳикояни менга қайтариб берасизми? - дедим масъул ходимга. - Фикрларингиз ўринли. Мен қайтадан кўриб чиқсам...
- Бунга бош муҳаррир имзо қўйганди. Ҳикоя таҳририятда қолади. Ўзингизда нусҳаси бордир...
Эшик томонга йўналарканман:
- Ҳа-ҳа, бор-бор. Ҳикояни журналда чоп этманг, майлими? – дедим чин дилдан.
- Сиз рози бўлсангиз, майли. Лекин таҳрирдан сўнг ҳикояни бизга кечиктирмасдан жўнатинг. Келишдикми? – дея у киши ўрнидан турди.
- Келишдик!
Мен таҳририят идорасидан пастга тушарканман, Мирмуҳсиндек машҳур ва катта ёзувчи ҳамда ажойиб инсон билан кечган самимий суҳбатдан дилим осмон қадар кўтарилди. Шу билан бирга ижодга нисбатан масъулият залворини ҳам ҳис этдим.
Абдуқаюм БЕККАМОВ