Халқимиз ва давлатчилигимиз тарихига оид китоблардан бири Мирзо Улуғбекнинг 1425 йилда ёзилган "Тўрт улус тарихи" ("Тарихи арбаъ улус") асаридир. Соҳибқирон Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек 1394-1449 йилларда яшаб, 1411 йилдан Мовароуннаҳр ва Туркистон ҳукмдори бўлган. Унинг астрономияга оид "Зижи жадиди Кўрагоний" асари катта шуҳрат қозонган. Адолатли ва маърифатли ҳукмдор бўлиши билан бирга буюк олим, илму фан ва маданият ҳомийси тариқасида ном қолдирган.
Мирзо Улуғбекнинг "Тўрт улус тарихи"да дастлаб Одам Атонинг яратилиши, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам ва унга қадар ўтган пайғамбарлар тарихи баён қилинган. Сўнгра Туркистон заминида подшоҳлик қилган Туркхон, Мўғулхон, Қорахон ва Ўғизхонлар, турклар ва мўғул қавмлари ҳақидаги маълумотлар битилган. Аланқува ва ундан тарқалган авлод, яъни Бузунжор қоон, Буқахон, Дутумонхон, Қобулхон, Бойсунғурхон ва Ясугай Баҳодир ҳақида айтиб ўтилган.
Чингизхонни "Соҳибқирони аъзам Чингизхони муаззам" ва Амир Темурни "Соҳибқирони акбар Амир Темур Кўрагон" деб эътироф этган.
Савол туғилади: Мирзо Улуғбек нега Чингизхонга бунчалик катта ҳурмат билан қараган? Чингизхон ва Амир Темур авлодларининг амакиваччалар эканлигини исботлашга ҳаракат қилган?
Асарда ёзилишича, Аланқува авлодидан Туминахон подшоҳнинг Қобулхон ва Қочувли баҳодир исмли эгизак фарзандлари бўлган. Қобулхон Чингизхоннинг учинчи бобоси бўлса, Қочувли баҳодир Амир Темурнинг саккизинчи бобосидир.
Фарзандлари хоҳишига кўра, Туминахон Қобулхон авлоди хон ва Қочувли баҳодир авлоди лашкар амири бўлишини васият қилади. Бу ҳужжат "Туминахон ол тамғаси" деб аталади. Ушбу аҳднома ҳақида Амир Темур ҳам "Темур тузуклари"да эслаб ўтган. Улуғбек шу васият асосида давлат бошқарилганини таъкидлайди. Қочувли баҳодир вафот этгач, сипоҳ сардорлигига амакиси Эрдумчи барлос тайинланади. Барча барлослар унинг авлодларидир. Ясугай Баҳодир ўғли Чингизхон ҳокимият тепасига келгач, Қочувли баҳодир авлодидан Қорачар нўён лашкарбоши бўлади. Улар Туркистон тарафларга биргаликда келишган.
Чингизхон ўзи хонлик қилган барча ҳудудларни тўрт улусга ажратиб, тўрт ўғли, яъни Жўжи, Чиғатой, Ўқтой ва Тулухонга бўлиб беради. Ўғли Чиғатойни Мовароуннаҳр ва бир қатор бошқа ҳудудлар ҳукмдорлигига тайинлаб, Қорачор нўённи лашкарбошиликка қўяди. Шунингдек, ўғли Чиғатойга "Туминахон ол тамғаси"га риоя этиш ва Қорачар нўён билан бамаслаҳат иш юритишни тайинлайди.
Бу одат чингизий ҳукмронлар даврида давом этади. Чингизий ҳукмрон Қозонхон Амир Қазаған томонидан маҳв этилгач, чингизийлардан Донишмандча, Баёнқулихон хон этиб тайинланган. Амир Темур реал ҳокимиятни қўлга киритгач, Суюрғатмишхон ва Маҳмуд Султон хон этиб қўйилган.
Аммо аксарият тарихчиларимиз Чингизхон ва Амир Темурнинг аждодлари бирлигини инкор этишади. Мирзо Улуғбекнинг "Тўрт улус тарихи" асаридаги маълумотларга шубҳа билан қарашади. Бу шубҳа ва инкорни қайси тарихий ҳужжатлар билан исботлаш мумкин? Биз - тарихимизни билишга ихлосмандлар Мирзо Улуғбек бобомиз ёзиб қолдирган маълумотларга ишонмаслигимиз керакми?
1644-1664 йилларда Хоразм давлатида ҳукмронлик қилган Абулғозий Баҳодирхоннинг "Шажарайи турк" ("Турк сулоласи тарихи") асари тарихимизни ўрганишда муҳим ўрин тутади. Абулғозихон Чингизхоннинг ўғли Жўжи авлодидан бўлиб - давлат арбоби, олим, муаррих ва шоиргина эмас, шу билан бирга, истеъдодли адиб сифатида такрорланмас мерос қолдирган. Шарқ халқлари тарихи, маданияти, адабиётининг ўткир билимдони сифатида ўзбек халқи маданиятига беҳад катта ҳисса қўшган.
"Шажарайи турк" тарихни ўрганиш, билиш ва ундан тегишли хулосалар чиқариш зарурлиги билан бошланади. Асарда турк-мўғул қабилалари, ўзбеклар ва туркман уруғлари ҳамда Хоразмнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволига оид қимматли маълумотлар бор. Шунингдек, тил ва маданий мерос ҳамда деҳқончиликка оид кўп фикрлар учрайди.
Муаллиф "Шажарайи турк" асарида 400 дан ортиқ тарихий шахс номини тилга олган, улардан 110 кишининг ҳаёти ва фаолияти қисқача баён этилган. Китобда Одам Атодан бошлаб туркларнинг қадимги хонларидан Мўғулхонгача, Чингизхон, унинг ўғиллари, яъни Мўғулистонда ҳукмронлик қилган Ўқтой қоон, Мовароуннаҳр ва Туркистонда ҳукмронлик қилган Чиғатойхон, Эронда подшолик қилган Тулухон ва Хоразм, Дашти Қипчоқ ҳудудларида ҳукмронлик қилган Жўжихон ҳамда уларнинг авлодлари тарихи ёритилган. Шунингдек, асарда чингизийлардан бўлган Шайбонийхонлар тарихига оид маълумотлар ҳам мавжуд.
Асарда туркий халқлар Нуҳ пайғамбарнинг Ёфас отли ўғлидан тарқалгани, Ёфаснинг Турк, Туркнинг Тўтак, Тўтакнинг Деббоқуйхон, Деббоқуйхоннинг Аланчахон исмли ўғли подшо ўтганлиги айтилган. Аланчахоннинг Татар ва Мўғул исмли ўғиллари бўлиб, татарлар ва мўғуллар шу икки ўғилнинг авлодлари эканлиги таъкидланган. Ўғузхон даврида йирик давлатда амалга оширилган ишлар кўрсатиб ўтилган.
Абулғозихон Чингизхон авлодларини туркийларнинг қиёт уруғидан, онаси Улун ва хотини Бўртони қўнғирот уруғидан бўлган, деб кўрсатган. Абдулғозихон ҳам Мирзо Улуғбек каби Туминахоннинг Қобулхон ва Қочувли баҳодир исмли эгизак фарзандлари бўлиб, Амир Темур ва барча барлослар Қочувли баҳодирнинг авлоди эканлигини таъкидлаган. Халифа Носир Бағдодда туриб Чингизхон билан Хоразм шоҳи Султон Муҳаммад ўртасидаги ёвликни кучайтирган бўлса-да, катта уруш келиб чиқишига Чингизхон элчилари ва савдогарларининг ўлдирилиши сабаб бўлган.
1801-1874 йилларда яшаган рус генерали Михаил Иванин Чингизхон ва Амир Темур давридаги тарихий воқеалар, улар юритган сиёсат ва ҳарбий санъатларини чуқур таҳлил қилиб, "Икки буюк саркарда. Чингизхон ва Амир Темур: ҳарбий санъати, стратегия ва тактикаси" асарини ёзади. Мақсад - чор Россиясига Ўрта Осиё давлатларини босиб олиш ва Ҳиндистонга йўл очиш йўлларини кўрсатиб беришдан иборат бўлган. Бу борада эътибор Пётр I давридан бошланган ҳаракатларнинг самарасини таъминлашга қаратилган.
Асарда ёзилишича, ҳамма истилочилар қатори ҳокимиятга эришиш, бойлик тўплашга интилиш борасида Чингизхон ва Амир Темур ҳам шафқатсиз бўлган. Қўшинлар таъминоти эл-улус имкониятига боғлиқ эканлигини инобатга олиб, деҳқонлар, чорвадорлар ва ҳунармандларнинг турмуш шароитини яхшилашга эътибор қаратишган. Уларнинг қўшинидаги тартиб, ҳарбий тарбия ва тактик қоидалар замонасидан ўзиб кетганлиги сабабли доимо зафар қозонишган.
Иваниннинг ёзишича, Чингизхон ҳам, Амир Темур ҳам муҳим масалаларни кўпчиликнинг фикри билан қурултойда ҳал қилган, улар ким билан иттифоқчи бўлишни, душманларини бир-бирига ёв қилиб қўйишни, жосуслар хизматидан фойдаланишни, саркардаларни танлаш ва содиқлигини таъминлашни яхши билишган. Ўлжаларни тақсимлашда сахий ва адолатли бўлишган. Хатога йўл қўйганлар бир неча марта кечирилган, айбланувчиларнинг айби исботланган тақдирдагина жазога тортилган.
Икки саркарда ҳам тартиб ва адолат ўрнатишга, одамлар ва уларнинг мулкини хавфсиз таъминлашга жиддий эътибор қаратишган. Элу улус орасида Елу Чусой каби ҳурмати бор кишиларни атрофига тўплаб, уларга амал беришган. Ўғил болалар уч ёшидан бошлаб жисмоний ва ҳарбий машқлар билан шуғуллантирилган. Чингизхон ва Амир Темур ҳам диний бағрикенгликка эътибор қаратиб, дин вакилларини солиқлардан озод қилган ва уларга мурувват кўрсатган.
Иваниннинг эътирофича, кўп ҳолларда ҳукмдорларнинг фарзандларини ёшлигидан хушомадгўйлик, муғамбирлик, ёлғон ва иккиюзламачилик ўраб олади. Бу ҳолат шаҳзодаларни маънавий қашшоқлаштиради. Хонларнинг қурултойда сайланишини маъқулламайди. Чунки сарой аъёнлари ўз манфаатларига қарши турмайдиган мулойим хонларни сайлашга ҳаракат қилишади. Хоразм ҳукмдори Султон Муҳаммаднинг Чингизхондан енгилиш сабаблари сифатида ички зиддиятларнинг кучайганлиги, қўшиндаги тарқоқлик ва давлат ишларига Туркон Хотуннинг аралашиб кетгани кўрсатилади.
Асарда Амир Темур қўшинларининг таркиби, тузилиши ва жанг қилиш санъати батафсил ёритилган. Кўчманчи чорвадор халқлардан ўз вақтида катта қўшин тузиш имконияти яхши бўлган. Амир Темур савдогарлар, элчилар, саёҳатчилар, карвонбошилар ва дарвешлар орқали бошқа мамлакатлар ҳақида маълумотлар олишни яхши билган. Сиёсат билан мақсадга эришиш мумкин бўлса, уруш қилмасликка ҳаракат қилган. Адолатсизлик ва золимлик ҳукмрон давлатни босиб олиш осон бўлган. Солиқлар солишда эл-улуснинг иқтисодий аҳволига жиддий эътибор қаратилиб, солиқ ундиришда мажбурлов ман этилган.
Шу билан бирга, Чингизхоннинг Ёсо қонуни ва Амир Темурнинг "Темур тузуклари" ҳақида фикр юритилган. Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий санъати нафақат чор Россияси зобитларига, балки большевикларнинг "Қизил комиссарлар курслари"да ҳам чуқур ўргатилган.
Албатта, китоб ўқиш яхши, бироқ яхши китобларни танлаб ўқиш ва уқмоқ ҳар томонлама афзалдир.
Абдишукур ОМОНОВ