Ва яна “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида: “Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар”, дейилади. Қонунларимиз ҳамда муқаддас динимиз ислом кўрсатмаларига мутлақо зид келса-да, дунёнинг бошқа давлатларидаги сингари мамлакатимизда ҳам миссионерлик ҳаракати кўзга ташланмоқда.
Миссионерлик ҳақида гап кетар экан, аввало ушбу тушунчанинг луғавий ва истилоҳий маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу сўз лотин тилидаги “missio” феълидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш” маъносига эга. “Миссионер” сўзи эса “вазифани бажарувчи” деган маънони англатади. Турли луғатлар ва манбаларда миссионерликка кўплаб таърифлар берилган. Уларнинг деярли барчасида миссионерликка хос хусусиятлар тавсифланиши баробарида, бу тушунча асосан христиан дини билан боғланади. Жумладан, ҳар йили қайта нашр этиладиган “World Book” (“Жаҳон китоби”) энциклопедиясида “Миссионер бирор диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган инсон”, дея қайд этилган. Умуман олганда, турли луғатлар ва манбаларда баён этилган таърифлар бир-бирига жуда яқин ва ўхшаш бўлиб, уларга таянган ҳолда қуйидаги хулосани чиқариш мумкин: миссионерлик - бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш, демакдир.
Бугунги кунда ҳам фаол миссионерлик билан турли йўналишдаги ташкилотлар шуғулланаётган экан, бундай ҳаракатларнинг ғоявий-ақидавий асосларини кўриб чиқиш, англаб олиш мақсадга мувофиқдир. Уларнинг асосий мақсади маълум давлатларда ўзларига тарафдорларни кўпроқ йиғиш, улар орасида ғарбона, христиан ҳаётини тарғиб қилиш ва шу орқали жамиятда ўзларига хайрихоҳ бўлган гуруҳларни шакллантиришдир. 2001 йилда чоп этилган “Бутундунё христиан энциклопедияси”га илова тарзида 2002 йилда АҚШда “Бутунжаҳон христианлиги тенденцияси” китоби нашр этилди. Унда христианлик 2025 йилгача эришиши лозим бўлган 8 та асосий мақсад санаб ўтилган. Хусусан, унда айтилишича,
- Ер юзи аҳолисининг “Инжил” билан таништирилиши 73,1 фоиздан 100 фоизга етказилиши;
- дунё аҳолиси таркибидаги христианларнинг улуши 33 фоиздан 40 фоизга ўсиши;
- христианларнинг 10 фоизини ташкил қилган миссионерларнинг улуши 20 фоизга кўтарилиши;
- христианлар ўз даромадларининг 1,8 фоизини черков ҳисобига ўтказиб келишган бўлишса, бу кўрсаткич 3 фоизга етказилиши;
- ҳар 3 минг кишига 1 та миссионер тўғри келган бўлса, бу кўрсаткич ҳар минг кишига 1 та миссионерни ташкил этиши;
- черков мавжуд бўлмаган, аҳолиси 50 мингдан ортиқ 116 та шаҳарнинг барчасида черковлар юзага келиши;
- черковлар тузилмаган мингдан ортиқ этник гуруҳнинг ҳар бирида черковлар ташкил этилиши;
- “Инжил” шу пайтгача умуман таржима қилинмаган ёки қисман ўгирилган барча тилларга таржима қилиниши лозим.
Ер шарида бир ҳудуд борки, у алоҳида эътиборга молик. Ушбу минтақа классик геосиёсат наздида ҳам асосий ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга. XIX асрдаёқ таниқли геосиёсатчи А.Мехен жаҳон майдонида 30-40-параллеллар орасидаги “қарама-қаршиликлар ҳудуди”ни ажратиб кўрсатган. Ушбу ҳудудларда империяларнинг манфаатлари тўқнашади. Замонавий геосиёсатчилар эса ушбу ҳудуднинг аксарият қисмини “беқарорлик тугуни” деб аташади. Ҳозирги кунда Марказий Осиёнинг бир қисмини ҳам қамраб олган ушбу ҳудуд христиан миссияларининг асосий ҳаракат нуқтасига айланган. Миссиялар томонидан ушбу ҳудудларни ўзлаштириш учун бир қатор режалар ишлаб чиқилган.
Миссионерлик стратегиясининг яна бир муҳим таркибий қисми бу диний ташкилотлар сонини оширишга интилишдир. “DAWN” (“Кун чиқиши”) миссионерлик ҳаракати раҳбари Д.Монтгоммери фикрича: “Черковларни кўпайтириш стратегияси - халқларни масиҳийликка ўтказишнинг энг тўғри йўлидир”. Бунинг исботини Қирғизистон ҳукумати ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасининг маълумотларида ҳам кўриш мумкин. Унга кўра, ҳозирги кунда Қирғизистонда 216 протестант диний ташкилоти, шу жумладан, 20 та хорижий конфессиялар миссиялари фаолият юритмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатга 830 та миссионер оралаган, уларнинг асосий улуши Жанубий Корея, АҚШ, Германия каби давлатлардан келган даъватчиларга тўғри келади.
Миссионерликка бойиш йўлларидан бири сифатида қаровчилар ҳам талайгина эканини алоҳида қайд этиш лозим. Маълумки, кўпчилик протестант жамоалари ўз аъзолари даромадларининг муайян қисмини черков ҳисобига ўтказишни талаб қилади. Баъзи черковларда бу нарса мажбурий бўлмаса-да, хайр-эҳсон қилиш қаттиқ тарғиб қилинади. Тадрижий ва агрессив тарғибот олиб борилиши натижасида кишилар “ўз хоҳишлари билан” бор-будларини черковга топширишади. Оддий диндорлар, жумладан, янги прозелитлар ҳам камтарона, ташкилот раҳбарлари эса ҳашаматли офисларда ўтириб шоҳона ҳаёт кечиришади. Бунинг исботи сифатида қуйидаги мисолни келтириш мумкин.
Яқинда Россияда “Церковь Богоматери” номли секта устидан бўлиб ўтган суд жараёнларида ушбу гуруҳ раҳбарлари ўз издошларини худо йўлида хонадонларини ўз раҳнамоларига ҳадя қилишга даъват қилишгани ва шу йўсинда бир неча фуқаро ўз квартирасини сохта раҳбарларга ҳадя қилиб юборгани эълон қилинди.
Жамият тараққий этиб, юксалиб борган сари миссионерлик ҳам унга мос равишда замонавий фан-техника ва технологиялардан усталик билан фойдаланган ҳолда ўз услуб, воситаларини такомиллаштириб бормоқда.
Бугунги кунда миссионерлар ўз тарғибот фаолиятларида янги, замонавий усул ва воситалардан, жумладан, замонавий теле, аудио, видео, радио ва компьютер технологияларидан кенг фойдаланмоқдалар.
Миссионерларнинг ёшлар билан ишлашда бир неча усуллари мавжуд: талабалар, болалар учун миссиялар, ёзги оромгоҳлар шулар жумласидандир. Ҳозирги кунда “Халқаро христиан оромгоҳлари” ассоциациясига МДҲ мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг 7 мамлакатидаги 177 оромгоҳ аъзо бўлган. Ушбу оромгоҳлар дастури шундай ишлаб чиқилганки, мавсум охирига бориб, у ерда дам олган бола христианликни қабул қилади.
Ҳозирги кунда мисссионерлик ташкилотлари христианликни тарғиб қилишда аудио, видео ва электрон маҳсулотлар, рўзнома ва ойномалар, интернетда онлайн ўқув курслари ташкил этиш йўлларидан ҳам фаол фойдаланмоқда. Жумладан, миссионерлик мазмунидаги кассеталар ишлаб чиқариш ва тарқатиш билан шуғулланувчи кўп сонли халқаро агентликлар фаолият юритмоқда. Ушбу йўналишдаги энг йирик ташкилот - Global Recordings бўлиб, у 21 миллий агентликни бирлаштиради ва ҳозирги кунга келиб, 4 минг 562 тил ва лаҳжада маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Европа ва Америка қитъаларида миссионер даъватчилар машҳурлик борасида шоу-бизнес ва киносаноат юлдузларидан қолишмайди. Маълум бўлишича, телевидение орқали даъват қилишдан энг кўп Адвентистлар ва Тўлиқ Инжил Христианлари жамоалари фойдаланади.
МДҲ ҳудудида ҳам бир қатор миссионерлик дастурлари эфирга узатилмоқда. Жумладан, Россиянинг “ТВ-3” канали орқали бутун МДҲ га узатиладиган “Кеннет Коупленд миссияси”га қарашли “Иймонли кишининг баралла овози” дастури, бундан ташқари, Пятидесятник йўналишига тегишли “CNL”, “ICB” каби телеканаллар Инжилни тарғиб қилиш билан шуғулланади.
Интернет тармоғида ҳам миссионер ташкилотлар ўз саҳифаларига эга. Ушбу сайтларда миссионерларга турли маслаҳатлар, жумладан, мусулмонларни протестантликка ўтказиш ҳақида тегишли кўрсатмалар ва миссиология бўйича ўқув курслари олиб борилади.
Миссионерлик ҳаракатлари ортида диний заминда миллатни ичидан бўлиб ташлашга қаратилган ғаразли сиёсий мақсадлар ётганини у келтириб чиқарган фожиалар мисолида англаб етиш мумкин. Турли миллат ва дин вакиллари истиқомат қилиб келган Югославиянинг Сербия, Словения, Хорватия, Македония, Черногория, Босния ва Герцеговина каби давлатларга парчаланиб кетгани этноконфессионал зиддиятлар қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигининг ҳаётий-амалий ифодасидир. Бу миссионерлар ўз олдиларига қўйган мақсадларга эришадиган бўлсалар, улар фаолият олиб бораётган мамлакатда ҳам халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзул келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.
Миссионерларнинг бугунги кундаги фаолияти ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат бундай таҳдиддан холи эмаслигини кўрсатади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш талаб этилади.
Юртимизда турли динлар ўртасида бағрикенглик, тинчлик, осойишталик, демократик тараққиёт йўлида ҳамкорлик йўли қўллаб-қувватланади. Бироқ миссионерлик, диний экстремизм, терроризм, ақидапарастлик, динларни бир-бирига қарама-қарши қўйишга ҳаракат қилувчи ёвуз кучлардан огоҳ бўлиш ва уларнинг қабиҳ ниятларини амалга ошириш йўлидаги ҳаракатларига қарши курашиш ҳар биримизнинг ҳам инсонийлик, ҳам фуқаролик бурчимиздир.
Раҳматилло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби