Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
10 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ЖАҲОНГИР тайёрлади.

27.07.2017


“МИТТИ ҚУШЧА”НИНГ БУЮК ПАРВОЗИ

МАШАҚҚАТЛИ БОЛАЛИК ВА МАШҲУР ЛАҚАБ

1933 йилнинг 28 октябрь санасида Бразилиянинг Рио-де-Жанейро штати яқинидаги Пау-Гранде қишлоғида истиқомат қилувчи Амаро ва Мария Каролиналарнинг кўп болали оиласида бешинчи фарзанд дунёга келди. Чақалоқда туғма ногиронлик белгилари бир талай бўлиб, чап оёғи ўнг оёғидан калта, бундан ташқари ғилайлик, умуртқа суяги нотекислиги ва тос суякларининг бирлашиб кетиши сингари камчиликлар бор эди.

Футболчи ёшлигида ҳиндулар шевасида гарринча, деб аталувчи митти тропик қушчани овлашни ғоят хуш кўрарди. Боз устига, бразилиялик иқтидор уларнинг сайрашига тақлид қилишни қойиллатарди. Хуллас, Гарринча лақаб бўлиб, футболчига ўз опаси - Терезанинг сўзларидан кейин “ёпиштирилган”. У шундай деганди: “Сен шунчалик кўп қуш тутасанки, яқинда ўзинг гарринча бўлиб қолишинг мумкин...”

ФУТБОЛГА ҲАВАС

Гарринча улғайган сари футболга қизиқиши ошиб бораверди. Бир талай жисмоний камчиликларга эга бўлган содда болакайнинг дунёдаги ягона овунчоғи футбол эди. Ўқишлари ҳам ҳаминқадар бўлган болакай мактабни зўрға тугатгач, кун ўтказиш учун шаҳардаги текстиль фабрикасига ишга киради. Фабриканинг футбол жамоаси эса Мануэл ўз иқтидорини намоён этиши учун яхши имконият берди. Корхона футболчиси спортдаги маҳорати боис тез орада тилга тушади.

Бу ерда жуда чиройли ўйин намойиш этаётган оқсоқ болакайни “Ботафого” жамоасининг собиқ ўйинчиси Арати кўриб қолади. У ёш футболчи кўрсатаётган ажойиб ўйиндан завқланиб, унга кийим ва бутса олиб беради ва “Ботафого” клубига кўрикка етаклаб боради.

“ЖОАН ХАФА БЎЛМАЙДИ”

1953 йилнинг ёзида Гарринчани  “Ботафого”нинг асосий кўригига олиб келишади. Ўйингоҳ ўртасида елкаси оғиб турган, гавдасини бир томонга ташлаб-ташлаб юрадиган йигитчани кўрган футболчилар ва мураббийлар орасида кулги кўтарилади. Чунки улар даставвал Гарринчанинг чиндан ҳам кўрик учун келганига ишонишмаган, буни ҳамкасбларидан бирининг ҳазили деб ўйлашганди.

Охири бунинг ҳазил эмаслигини билган жамоанинг бош мураббийи Жентил Кордозо ўзини кулгидан тийиб, ўша пайтда клубда тўп сураётган ва Бразилия термасининг асосий ҳимоячиси саналган  машҳур Нилтон Сантосга болакайни синаб кўришни буюради. 

Нилтон майдонга тушгач, тўпни Гарринчага ташлаб беради ва ундан ҳунарини кўрсатишни сўрайди. Қаршисида машҳур ҳимоячи турганини билмаган Гарринча тўпни Сантоснинг оёқлари орасидан олиб ўтиб, олдинга ташланади. Гангиб қолган ҳимоячи ишқибозлар қийқириғи остида майдонга қулайди. Гарринча эса унинг ортидаги барча футболчиларни бирма-бир алдаб ўтиб, дарвозага гол уради. Дунёнинг энг зўр ҳимоячиси бу сафар ҳеч нарса қила олмайди.

Синов тугагач, клуб мутасаддиларидан бири Гарринчага ҳазил аралаш:

- Нега ундай қилдинг, ахир у жаноб Сантоску. Хафа бўлиб қолса, сени клубга олмаслиги мумкин, - дейди.

Гарринча эса ҳар доимгидек соддалик билан:

- Мен қайдан билибман, ахир Пау-Грандедаги Жоан исмли ҳимоячини ҳар сафар шунақа қиламан, у ҳечам хафа бўлмайди-ку, - деб жавоб қайтаради.

Мана шу жавобдан келиб чиқиб, Бразилияда Гарринчага қарши майдонга тушган барча ҳимоячиларни “Жоанлар” деб аташ урфга киради. Ҳатто кейинчалик Сантос ҳам Гарринчанинг катта футболдаги биринчи “Жоан”и бўлганлиги учун фахрланишини айтади.

Хуллас, шундан сўнг йигитча жамоага қабул қилинди. “Халқ қувончи”, Бразилия қаҳрамонига айланган Гарринчанинг спортдаги фаолияти шу тарзда бошланади.

ГАРРИНЧАНИНГ ПАУ-ГРАНДЕЧА ЎЙИНИ

Орадан тўрт йил ўтиб Гарринчанинг шуҳрати Бразилия бўйлаб ёйилди. Терма жамоага таклиф этилди. Аслида эса унинг терма жамоага таклиф этилишини журналистлар ва мухлислар талаб қилишар, лекин мураббийлар хоҳлашмас ва барча ўйинларда уни захира ўриндиғига “михлаб” қўйишарди. Мураббийларнинг бундай қилишига асос ҳам бор эди. Чунки  Гарринча ҳеч қачон мураббийларнинг кўрсатмаси билан чегараланиб қолмас, майдонда ўз билганича, ўзи хоҳлагандай ўйин кўрсатарди.

Қолаверса, натижанинг қандай бўлиши ҳам уни қизиқтирмасди. Унинг бутун борлиғига сингиб кетган ўз футболи бор ва майдонда жонини бериб ана шу футболни ўйнарди, холос. Аслида Гарринчанинг машҳурлигига ҳам, футболни тарк этиши-ю, ҳеч кимга айланиб қолишига ҳам, кўплаб оламшумул ғалабаларни қўлга киритган даҳонинг хору зорликда вафот этишига ҳам унинг ана шу ўйини, футболни бутун борлиғи билан севгани, ундан бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламаганлиги ва футболсиз  яшай олмаслиги сабаб бўлди.

У жаҳоннинг энг номдор ўйингоҳларида ҳам Пау-Грандедаги ўйинидан чиқиб кета олмасди.

Бразилиянинг Коста Рика терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувидаги воқеа кўп бор эсланади. Учрашув охирларига келиб, ҳисоб 1:1 эди. Бразилияликлар мураббийи шогирдларининг тезроқ гол уришини кутарди. Ўзининг навбатдаги рейдларидан сўнг Гарринча дарвозабон билан яккама-якка чиқади. Лекин тўпни дарвозага тепмайди. Орқага қайтиб, яна ҳимоячиларни алдашга киришиб кетади ва яна дарвозабон қаршисига чиқади. Яна тепмайди. Ҳамма ҳайрон. Мураббий асабийлашган. Ниҳоят учинчи мартасида у дарвозабон оёқлари орасидан тўпни дарвозага киритади. Учрашувдан сўнг берилган мураббийнинг табиий саволига:

- Нима қилай, дарвозабон оёқлари орасини очмади-да. Мен унинг оёқлари орасидан гол урмоқчи эдим, - деб жавоб беради.

Бразилия чемпионатидаги яна бир ўйинда эса тўп билан “финт” қилаётган Гарринча майдон ташқарисига чиқиб кетиб қолади. У ҳимоячиларни шу қадар чиройли тарзда алдаб ўтиб борардики, футболчининг алдамчи ҳаракатларини охиригача кўриш илинжида ҳакам ўйинни тўхтатмайди.

Ҳа, у шунақа эди. Уни ҳамма яхши кўрарди. Лекин мураббийлар эмас. Чунки уни қолипга солиб бўлмасди. У Пеле каби ҳар соҳада мукаммалликка интилмасди. Унинг ўз футболи бор эди ва фақат шу футболни ўйнарди. Зарба бериш керак бўлса бермасди, югуриш керак жойда тўхтаб, ҳимоячини кутарди, майдонда мўъжиза яратарди. Айнан унинг бетакрор ўйини мухлислар қалбини жунбишга келтирарди.

“FAIR PLAY” - ГАРРИНЧАНИНГ  “ЖЕНТЛЬМЕН”ЛИГИ

Ҳозирда мухлисларнинг олқишига сазовор бўладиган “Fair Play”, яъни ҳалол ўйин қоидасининг пайдо бўлиши ҳам Гарринча билан боғлиқ. 1960 йилнинг 27 мартида “Маракана” стадионида “Флуминенсе” ва “Ботафого” жамоалари ўзаро куч синашган. Майдон эгалари ҳимоячиси ўз дарвозаси яқинида Гарринча билан курашда қоқилиб, йиқилади. Дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиққан Гарринча эса орқасига қараб, рақиб ҳимоячисининг майдонда букчайиб ётганини кўради ва дарвоза ёнида тўхтайди. Тўқсон тўққиз фоиз голлик имкониятда турган бўлишига қарамай, тўпни майдон ташқарисига тепиб юборади.  Йиқилган ҳимоячига ёрдам кўрсатилгач, рақиб томон тўпни майдон ташқарисидан ўйинга киритади. “Флуминенсе”нинг ўйинчиси Гарринчанинг одамгарчилигидан шу қадар тўлқинланиб кетган эдики, у аут ташлаётиб, яна тўпни Гарринчанинг оёқлари остига отади.

Ўшандан буён бу анъана Бразилия, сўнгра бутун жаҳон футболида ёзилмаган қоидага айланди.

ИККИ КАРРА ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ

Бошқа мураббийлар каби Бразилия терма жамоасининг ўша пайтдаги бош мураббийи Феола ҳам Гарринчанинг ёш боладек қилиқларидан қанчалик асабийлашмасин, барибир ён беришга мажбур эди. 1958 йилги жаҳон чемпионатида Гарринча шундай ўйинлар кўрсатдики, мухлислар унинг ўйинларидан завққа тўлишди.

1962 йилда ўтказилган навбатдаги жаҳон чемпионатида эса Гарринча қаҳрамонга айланди. Чемпионатда Пеле иккинчи учрашувдаёқ оғир жароҳат олиб, таркибдан чиққанди. Оқибатда жамоада асосий масъулиятни Гарринча ўз зиммасига олди. Айниқса, Англияга қарши кечган баҳсда Мануэл мўъжиза яратди: у барча ҳимоячиларни, улар якка бўлса ҳам, икки-уч киши бўлса ҳам, алдаб ўтди ва битта голга ҳаммуаллифлик, иккита голга муаллифлик қилди. Бразилия иккинчи марта чемпион бўлди, газеталар эса “Дунёнинг энг яхши ўйинчиси Пеле эмас, Гарринча” деб ёзишди. У ҳақда “Халқ қувончи” деб номланган фильм суратга олинди.

ҲАЁТ ИНТИҲОСИ

Гарринчанинг майдонда қанчалик омади чопмасин, ҳаётда бунинг акси эди. Дунёнинг энг зўр ўйинчиси бўла туриб, пулга зориқиб юрган вақтлари бўларди. Фақатгина томошабинлар учун ўйнайдиган бу содда йигитнинг орқасидан пул топадиганлар кўп эди. Бразилия жамоалари йилига юзлаб учрашувлар ўтказар, таркибида Гарринча тўп сурган “Ботафого”га қарши майдонга тушган клублар йирик миқдорда пул тўлашарди. Мануэл эса ўзидан анча ёмон ўйнайдиган ўйинчилардан ҳам кам ҳақ оларди.

Кўпинча уни клуб мутасаддилари алдаб, тоза бланкка имзо чектириб, кейин шартномага арзимаган суммани ёзиб қўйишарди. Натижада ноёб иқтидор соҳиби сариқ чақага эга бўлиш учун тўп сурарди. Баъзан мўмай даромадга эга бўлган кезлари ҳам ундан унумли фойдаланиш қўлидан келмасди. Масалан, жаҳон чемпионатида ғолиб чиққани учун берилган мукофот пулининг учдан бир ҳиссасини Пау-Грандедаги фабрикалардан бирига сармоя сифатида киритиб, деярли ҳеч қандай манфаат кўрган эмас. Маблағнинг қолган қисмини эса кўрпанинг қатида сақлаган. Футболчининг хароба кулбада ҳаёт кечирганини инобатга олсак, бу пулларнинг нам тортиб, яроқсиз ҳолга келиб қолганлигини тушуниш қийин эмас. Чунки, Гарринча банкларга ишонмасди.

Футболни тарк этгач, Гарринча ҳаётининг мазмунидан ҳам айрилди. Ичкиликка ружу қўйди ва Рио-де-Жанейро кўчаларида дайдиб кун ўтказа бошлади. Иқтисодий қийинчиликларга дуч келиб, солиқ идораларидан қарздор бўлиб қолди. Тартибсиз, ночор ҳаёт унга касалликни рўбарў қилди ва 50 ёшга ҳам тўлмай вафот этди. 1983 йил 20 январь куни Гарринча билан бўлиб ўтган “Маракана” ўйингоҳидаги видолашув маросимига 300 мингдан зиёд мухлис келди, шунча одам унинг “Ботафого” ва Бразилия термаси жамоаси байроқлари билан ўралган тобути орқасидан йиғлаб эргашди.

ЁДГОРЛИК

2010 йилда “Ботафого” стадионининг ғарбий трибунаси рўпарасига Гарринчанинг 2,5 метрли ҳайкали ўрнатилди. Уни ҳайкалтарош Эдгар Дювивьер яратди. Ёдгорликни атайлаб, футболчининг дўсти - Нилтон Сантос ҳайкали ёнига қўйишди.

ЖАҲОНГИР тайёрлади.

Report typo