Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

12.03.2019


МОҲИГУЛ ВА ЭЪЗОЗА - ЗУЛФИЯХОНИМ ҚИЗЛАРИ САФИДА

 Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тантаналарида мукофот эгаларига совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилди. Улар орасида икки нафар вилоятимиз вакили бор.

 Тошкент давлат аграр университетининг 3-босқич талабаси Моҳигул Шукурова ҳамда Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг 10-синф ўқувчиси Эъзоза Алишерова ана шундай нуфузли мукофотнинг 2019 йилги соҳибаларига айланишди.

***

Моҳигул Шукурова Деҳқонобод туманида  туғилган. Қишлоқ хўжалигининг мевачилик йўналишида илмий изланишлар олиб бормоқда. У шу пайтга қадар  турли кўрик-танловларда фаол иштирок этиб, ғолибликка сазовор бўлган. Хусусан, Моҳигул 2016 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган "I-Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси", 2017 йилги "Х-Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар" Республика ярмаркасининг фаол иштирокчиси саналади.

 2013 йилдан буён "Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида олма зараркунандаларига қарши уйғунлаштирилган кураш усуллари самарадорлиги" мавзусидаги илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Тадқиқотлар натижаси ўлароқ "Боғларимизни асрайлик" номли илмий- оммабоп рисоласи, Германияда чоп этилган "Интегрированные меры против вредителей яблони на юге  Узбекистана" илмий монографияси муаллифи.

 2017-2018 йилларда АҚШнинг USAID ташкилоти,   Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан ҳамкорликда уюштирилган "Йил давомида экологик соф, тоза ва сифатли мева, сабзавот ҳамда узум етиштириш" мавзусидаги иқтидорли талабалар ва магистрлар анжуманида "Истиқлол мевалари жамоаси билан 1-ўринни қўлга киритган.

 Моҳигул Шукурова 2018 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи стипендиянти бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган "Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси" кўрик-танловида "Иқтидорли қизнинг энг истиқболли инновацион ғояси" номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.

 У замонавий ахборот технологиялари бўйича ҳам чуқур билимга эга. Интернет тармоғи орқали ёшлар билан маънавий-маърифий тадбирларга оид мавзуларда онлайн мулоқотларни ўтказиб келмоқда.

 ***

- Ўзим Косон туманида туғилганман, - дейди Эъзоза. - Ёшлигимдан шеър ёзишга, бадиий китоблар ўқишга меҳрим баланд. Ана шу қизиқишим мени Президентимиз ташаббуси билан Қарши шаҳрида очилган Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатига етаклади. Мана шундай нуфузли мактабга қабул қилинишим мени янада олға ундади. Айниқса, бу ердаги адабий муҳитдан янада илҳомланиб,  Ватан, она, дўстлик, меҳр-муҳаббат ва она табиатимиз ҳақида жўшиб шеърлар ёза бошладим.

 Ёш ижодкор шеърлар ёзиш билан бир қаторда, "тил билган - эл билади"  нақлига ҳам амал қилади. Ҳо-зирда рус, инглиз, япон тилларини мукаммал билади ва бемалол мулоқот қила олади. Эндиликда француз тилини ўрганишни бошлаган.  

 Эъзоза Алишерова ўтган йил июнь ойида Япония илм-фан ва технологиялари агентлиги томонидан ташкил этилган  халқаро анжуман чоғида хорижлик тенгдошлари билан фикр алмашди, "Sakura science program" дастури бўйича кунчиқар юрт таълим муассасаларида бўлди. У ердаги таҳсил жараёни, инновацион лойиҳалар билан танишди. Мейжо университетида ўтган конференцияда ўзи каби қатор хориж ёшлари билан Нобель мукофоти совриндори Хироси Амано маърузасини тинглашди. Тадбир давомида Абдулла Ориповнинг Эъзоза томонидан инглиз, япон тилларида ўқилган шеърлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

 ***

 Дарҳақиқат, Қашқадарёда, бутун юртимизда Моҳигул ва  Эъзоза каби иқтидорли ёшлар кўп. Муҳими, улар маънавиятга тикилган сармоянинг ҳосили сифатида шиддат билан бўй чўзмоқда.

 Сожида АЛЛАЁРОВА

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Report typo