Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

06.03.2018


МОҲИР ТЕМИРЧИ НЕГА "СТАНОК"КА ИШОНМАЙДИ?

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳунармандлар фаолияти қўллаб-қувватланаётгани улар ясаган буюмларнинг хорижликлар қизиқишига сабаб бўлаётгани ҳам сир эмас. Боиси, асосан қўл меҳнати билан тайёрланадиган бу буюмлар ўзининг бежиримлиги ва мустаҳкамлиги, табиийлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Косонлик темирчи Отабек Барноев фаолиятини ҳам бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Машҳур ҳунарманд - Тошпўлат темирчининг тўртинчи авлод вакили бўлган Отабек уста ясаган пичоқ, тақа, ўроқ, капгир, чўмич ёки бошқа шу каби турли буюмлар ўзининг бежиримлилиги ва мустаҳкамлиги билан аллақачон мижозлар эътиборини қозонган.

Темирчининг устахонаси ҳам ўзига хос. Бу ерда бор жиҳозлар - ўчоқ, қўра, супа, чўпкунда. Иш қуроллари эса сандон,   босқон, болға, омбур, эгов, чарх ва шу каби бир нечта буюмлардан иборат. Ҳунарманднинг айтишича, бундан бир, бир ярим аср муқаддам боболари қандай ишлашган бўлса, шундан буён авлод темирчилик фаолиятида деярли ҳеч қандай иш қуроли ўзгармаган.

- Кўпчилик мендан нега замонавий технологиялар, ишни енгиллаштириш имконини берувчи дастгоҳлардан фойдаланмаслигим ҳақида сўрайди, - дейди у. - Буни ўзим ҳам кўп бора ўйлаб кўрганман, аммо бизнинг ишимизда бунинг ҳечам иложи йўқ экан. Биринчидан, темирнинг оловда тобланиб, маромига келганини, сандонда болға дамини еб, керакли шаклга кирганини, етарлича силлиқланганини кўзингиз кўриб, қўлингиз ҳис этмаса, у буюмнинг мустаҳкам бўлиши қийин. Иккинчи томондан эса, биз бир ёки бир неча турдаги, ўлчамдаги буюм билан чекланиб қолмаймиз. Бу ерда юздан ортиқ тур ва ўлчамлардаги маҳсулот тайёрланади. Баъзи мижозлар ўзим умуман кўрмаган ва нимага ишлатилишини ҳам билмаган буюмларнинг чизмасини олиб келиб, шуни ясаб беришимни илтимос қилади. Мен эса чизмага қараб, ўша буюмни у айтган шаклда тайёрлаб бераман.

Ёки яна бир мисол, айрим мижозларимиз чап қўлга мослашган ўроқ ясаб беришимни илтимос қилишади. Улар чап қўлда ишлашга одатланган. Дарров ясаб берамиз. Хуллас, бир ёки иккита қолип билан бу ишларни амалга ошириб бўлмайди-да.

Дарҳақиқат, миллий ҳунурмандчилигимизнинг ўзига хос жиҳати ҳам ана шунда. Маълумотларга кўра, бугунги кунда ҳунармандларимиз ички ва   ташқи бозор учун минг турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқараяпти. Бу маҳсулотлар сифати, бадиий жиҳатдан юксаклиги, табиийлиги ва миллий ўзлигимиз, тарихий анъаналаримизни ўзида уйғунлаштиргани билан аҳамиятлидир.

 

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: Отабек Барноевнинг ҳунармандчилик устахонасидан лавҳалар.

Собир НАЗИЕВ олган суратлар. 

Report typo