Республика ҳукуматининг шу йил 18 сентябрдаги қарорига мувофиқ, мобиль гуруҳлар мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болалардан шакллантирилиб, замонавий талабларга жавоб берадиган ва қайта жиҳозланган "ISUZU НC 40" русумли автобуслар негизида ташкил этилади. Шунингдек, уларга таълим-тарбия бериш ва ўйин фаолияти майдончалари учун ер майдонлари ажратилади.
Мобиль гуруҳлар анъанавий мактабгача таълим муассасалари (МТМ) сингари ўқув-услубий ва дидактик материаллар, ривожлантирувчи ўйин ва ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан таъминланиб, у ерда педагогик фаолият билан тегишли касбий маълумот ва тайёргарлик, юксак ахлоқий ва маънавий фазилатларга эга бўлган шахслар шуғулланишади. Мактабгача таълим мобиль гуруҳлари давлат МТМга бириктирилади, ходимлари - тарбиячи, унинг ёрдамчиси ва ҳайдовчи шу МТМ штатида туради ва унинг раҳбарига ҳисобот беради.
- Ҳукумат қарорига асосан мактабгача таълим мобиль гуруҳлари вилоятимизнинг учта туманидаги бешта маҳаллада, яъни Касби туманидаги Комилон, Муборак туманидаги Амир Темур ҳамда Чироқчи туманидаги Наймансарой, Хўжаобод ва Шўрқудуқ маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида ташкил этилади, - дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Феруз Жабборов. - Бугунги кунда туман ҳокимликлари томонидан бу мобиль гуруҳларнинг таълим бериш ва ўйин фаолияти майдончалари учун ер ажратилиб, Касби ва Муборак туманларида қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
Ҳукумат қарори билан тасдиқланган низом талабига кўра, мобиль гуруҳларда мактабгача таълим хизматлари бепул кўрсатилади, улар ўз фаолиятини 2 сменада, бир ҳафтада 6 кун амалга оширади. Гуруҳлар бир хил ёки аралаш ёш принципи бўйича тўлдирилади. Бир гуруҳда болалар сони 16 нафардан ортиқ бўлмаслиги лозим.
Ушбу тажриба-синов лойиҳаси натижалари мактабгача таълим тизимининг мутахассислари томонидан соғлиқни сақлаш соҳаси ва жойлардаги давлат ҳокимияти ижроия органлари вакиллари билан биргаликда 2020 йил 1 сентябрга қадар таҳлил қилинади. Таҳлил асосида лойиҳани давом эттириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ҳукуматга таклифлар киритилади.
Эслатиш жоизки, шу йил июль ойида мактабгача таълим вазирлиги ва "Ўзавтосаноат" акциядорлик жамияти ўртасида мактабгача таълимнинг муқобил турларини жорий этиш жабҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланганди. Унинг асосий йўналиши автобуслар негизида мобиль МТМ ташкил этиб, олис қишлоқлар, тоғли ҳудудлар ва МТМ мавжуд бўлмаган аҳоли пунктларида яшайдиган болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишдан иборат.
Темур НИЗОМОВ