Олий Мажлис Сенати қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Ботир Матмуродов тадбирни кириш сўзи билан очаркан, кам таъминланган ва вояга етмаган фарзандлари бўлган муҳтож оилаларни, ишламайдиган оналарни, шу жумладан, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларни самарали ижтимоий ҳимоя қилиш устувор вазифа эканлигини қайд этди. Бундай ҳимоя кафолатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларида, Оила кодексида, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунда ва бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган.
Қайд этиш лозимки, вилоятимизда вояга етмаган ҳамда меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш масалалари юзасидан 149 та қарор, 42 та фармойиш ва 15 та дастур қабул қилиниб, ижро этилган. Бугун вилоятимизда истиқомат қиладиган 3 миллион 89 минг кишининг 1 миллион 87 минг нафари вояга етмаган болалардир. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз шахслар сони эса 1456 нафарни ташкил этади. Вилоятнинг имконияти чекланган болалар учун мўлжалланган 4 та ихтисослашган давлат таълим муассасасида 1052 нафар кўзи ожиз, яхши эшитмайдиган бола ва ногирон ўқитилади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ вилоятнинг барча – 660 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органида ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссиялар тузилган ва ушбу комиссиялар 2 ёшгача фарзандлари бўлган кам таъминланган оилаларга, 14 ёшгача вояга етган фарзандлари бўлган муҳтож оилаларга ҳамда меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларга нафақалар тайинлаши даркор. Шунга мувофиқ ушбу мақсадларга 2016 йилда 155 миллиард 970 миллион сўм сарфланган.
Бироқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссияларининг аксарияти тегишли Низом нормаларига амал қилмаган. Бу эса улар томонидан ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам белгилаш ҳамда тўлашда молиявий хато ва суиистеъмолларга, шунингдек, бюджет маблағларининг мақсадсиз ишлатилишига олиб келмоқда. Ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олган оилаларда вазият мониторинг қилинмаяпти. Халқ депутатларининг вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари депутатлик назоратини амалда олиб бормаяпти. Мазкур комиссиялар 2016 йилда ушбу масалаларни ўз мажлисларида бирор марта муҳокама қилмаган. Вилоят молия органлари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига моддий маблағлар ажратилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ўз вақтида тақдим этилмаслиги нафақалар ва моддий ёрдам ажратиш кечиктирилишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, бугунги кунда вилоятда суд қарорига асосан никоҳи бекор бўлган 1838 та оила яшайди. Моддий қўллаб-қувватлаш зарур бўлган, шу жумладан, алимент тўлаш орқали қўллаб-қувватлаш зарур болалар сони 18 минг 168 нафарни ташкил этади. Суд департаменти вилоят бошқармаси туман (шаҳар) бўлимларида 17 минг 726 та ижро иши мавжуд бўлиб, уларнинг 2827 таси бўйича ота-оналар ўз вақтида алимент тўламаслиги туфайли болалар қийин моддий аҳволга тушиб қолмоқда.
Тадбирда ана шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Таклиф ва тавсияларни ҳисобга олган ҳолда, қайд этилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли қарор қабул қилинди.
Мажлисда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев иштирок этди.
Б.ЎКТАМ