Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Илҳом ШЕРАЛИЕВ

13.12.2018


"МОЛ" ХАРИДОР ҚЎЛИГА ЕТГАНДА...

Буни қуйидаги жиноий ҳолатлар, уни содир этган кимсалар мисолида ҳам кўришингиз мумкин.

(Мақоладаги барча исм ва фамилиялар ўзгартирилган).

"Оғу" сотиб, меҳмон кутмоқчи эди

Асли Шаҳрисабзлик Зариф Мўминов бир неча йилдан буён Нишон туманидан ижарага ер олиб, деҳқончилик билан шуғулланиб келган.

Ҳалол меҳнати ортидан озми-кўпми даромад топиб, рўзғор тебратаётган Зарифнинг хаёлини кун келиб осон бойлик орттириш режаси эгаллаб олди. У худди шу мақсадда ўзининг Нишон тумани Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги, қурилиши тугалланмаган, ҳеч ким яшамайдиган участкасида бир неча тўп "наша" гиёҳванд ўсимлигини парваришлайди. Жорий йилнинг октябрь  ойида пишиб етилган "оғу"ни  қуритиб, иккита "баклажка"га жойлайди ва кўздан пана жойга яшириб қўяди.

У "мол"га харидор излаб, бир-иккита танишларига бу ҳақда шипшиб қўйганди. Ноябрь ойи бошида ана шу ўртоқларидан бири телефон қилиб, гиёҳванд модда сотиб олмоқчи эканини айтди.

Савдонинг бароридан келганидан севинган Зариф Мўминов 20 та гугурт қутисидаги гиёҳванд моддани 2 миллион сўмга сотишга келишади. "Мол"ни айтилган жойга олиб бориб, эвазига пулни олаётган вақтида вилоят божхона ҳамда ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари томонидан қўлга олинди.

Тергов ҳаракатлари жараёнида Зариф Мўминов бу ишни молиявий қийинчиликлар туфайли қилгани, ҳатто, ўша куни ушбу моддани сотишга ундаган сабаб ҳам уйига катта қизининг бўлажак қайнота-қайнонаси меҳмонга келаётгани, уларга яхши дастурхон тузаб, беками-кўст меҳмон қилиш нияти бўлганини  билдирди.

Қизиқ-а, ота кўр-кўрона дастурхон тузаш, ноз-неъматларни тўкиб-сочиш билан бўлажак қудаларнинг олдида оила обрўсини юксалтирмоқчи бўлса. Бунинг учун, ҳатто жиноятга қўл урса. Балки  Зариф Мўминов аслида ҳалоллик, топганига қаноат қилиш, тўғри сўзлаб, тўғри юриш энг катта обрў эканини бугун тушунгандир, лекин энди кеч.

Янга ва қайнуканинг хуфёна "бизнес"и

Нишон тумани Нурчи маҳалласида яшовчи Эшқувват Эшмуродов жорий йилнинг сентябрь ойи ўрталарида ўзи билан бир маҳаллада истиқомат қиладиган акасининг уйига меҳмонга боради. Гап орасида янгаси - Инобат Воҳидова секингина унинг қулоғига шипшийди:

- Қўлимга бир жойдан озгина гиёҳванд модда тушиб қолганди, яшириб қўйганман. Шунга харидор топиб берсангиз, зўр иш бўларди-да.

Қарангки, қайнука ҳам бу "бизнес"га қизиқиб қолади. Уйга келгач, бир-иккита танишлари орқали янгаси  айтган "мол"га харидор суриштира бошлайди. Орадан бир ойдан ошиқроқ вақт ўтиб, харидор топилади ҳам. Ўзини Ҳошим деб таништирган бу кишига 156,1 грамм чиқадиган "марихуана" гиёҳванд моддасини бир миллион сўмга сотишга келишади.

Ишни уддалаганидан хурсанд Эшқувват янгасидан целлофан қоғозга ўралган "оғу"ни олиб, айтилган манзилга олиб боради. У ушбу моддани Ҳошимга бериб, пулни санаб олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинди.

Энди янга ҳам, қайнука ҳам қонун олдида жавоб беришга мажбур.

Ҳайрон қоласан киши, Эшқувват Эшмуродов ҳамда Инобат Воҳидованинг ҳар иккиси ҳам оилали, бола-чақали. Фарзандларига тўғри тарбия бериши, уларга ҳалол нимаю, ҳаром нима эканини ўргатиши керак бўлган бу инсонларнинг ўзлари уларнинг бошини эгиб, элу юрт олдида "оғуфурушнинг боласи", деган номни бўйнига илиб, иснодга қолдириб ўтирса...

Гултувакда етилган "гиёҳ"

Қамаши тумани Навоий маҳалласида яшовчи Мансур Эшбобоев  салкам 50 ёшни уриб қўйган. 4 фарзанднинг отаси. Каттагина ҳаётий тажрибага эга, оқни-қорадан яхши фарқлай биладиган ёшда. Аммо нафс аталмиш бало олдида ожизу нотавон экан.

У жорий йил бошида 3-4 дона "наша" гиёҳванд ўсимлиги  уруғини топиб олади. Дастлабки терговда берган кўрсатмасида айтишича, киракашлик қилиб юрган вақти машинасига чиққан бир киши унга ушбу уруғларни кўрсатган, шу вақтда уч-тўрт дона уруғ машинага тушиб қолган экан.

Бу уруғлар ниманинг дони эканини яхши билган Мансур Эшбобоев уни уйга олиб келиб, гултувакка экади ва парвариш қилади. Экин тўлиқ пишиб етилгач, қуритади. Сўнг эзиб олади ва гугурт қутиларига жойлаб, кўздан пана жойга сақлаб қўяди.

Мансур Эшбобоев чойхонада ўтириб, Шербек исмли киши билан танишиб қолади. Улфатчилик авжига чиққач, гап орасида янги танишга  ўзида 10 граммдан кўпроқ гиёҳванд модда борлиги, агар харидор топилса, уни сотмоқчилигини айтади.

- Ака, у нарсани сақлаб туринг, - дейди Шербек. - Мен ҳам "наша" чекиб тураман. Икки-уч кун ичида пулни тайёрлаб, ўзим сотиб оламан.

Ваъдага мувофиқ, уч кундан сўнг харидор Мансур Эшбобоевга телефон қилиб, пул тайёрлиги, "мол"ни туман марказидаги бозор ёнига олиб келиши кераклигини айтади.

Шу куни Мансур Эшбобоев уйида бир тадбирга тайёргарлик кўраётган, меҳмонлар чақирган эди. Ошпаз айрим масаллиқларнинг етишмаслигини айтгач, ўғли уларни олиб келиш учун машинада туман марказига йўл олади. Бу пайтда харидор билан савдони пишитган ота ҳам "Зарур ишим чиқиб қолди, бозорга бориб келишим керак", деб ўғли билан бирга жўнайди.

- Сен нарсаларни олиб чиқавер, мен машинада бир кишини кутаман, - дейди ота ўғлига манзилга етиб келгач. Ўғил эса бамайлихотир бозорга киради.

Харидор шу атрофда кутиб турган экан. Мансур Эшбобоев  телефон қилиши билан, дарҳол у ўтирган машина ёнига етиб келади. Учта гугурт қутига солинган "қора оғу"ни олиб, келишилганидек 300 минг сўм пулни беради.

Ана шу пайт фуқаролик кийимидаги бир неча кишилар атрофни ўраб олиб, ўзларини таништиради ва Мансур Эшбобоевдан сотган "мол"и ҳақида изоҳ сўрайди. У ана шу фурсатда ўзи қўл урган жиноятнинг оқибатини тушунган, афсус, надомат қилгандир, эҳтимол, аммо энди кеч эди.

Ўғил бозордан нарсаларни олиб, машина ёнига келганда, отасини қўлига кишан тақилган ҳолда кўради. Уйларига меҳмонлар кела бошлаганида эса Мансур Эшбобоев ИИБ идорасида қилмишлари юзасидан сўроқ қилинаётган эди.

Халқимизда "Тўғри юрдим - етдим муродга, эгри юрдим - қолдим уятга" деган нақл бор. Юқорида қилмишлари баён қилинган  кимсалар ҳам нафс васвасасига берилиб, ўз оёқларига ўзлари болта уришди, оиласи бағридаги тинч ва осуда ҳаётларини тиканли симлар ортида, "маҳбус" деган тамға остида кечажак ҳаётга алмашишди.

Илҳом ШЕРАЛИЕВ,

Нишон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими бошлиғи, капитан

Report typo