Аёл ва замон
Қадимий ва ҳамиша навқирон Шаҳрисабз шаҳри нафақат тарихий обидалари, балки халқ амалий санъатининг кўпгина йўналишларида иш олиб бораётган ҳунармандлари билан ҳам маълуму машҳур. Улардан бири “Мевазор-Саодат” ишлаб чиқариш кооперативи бошлиғи Саодат Низомова қарийб 15 йилдирки ҳунармандчиликнинг йўқолиб бораётган тур ва услубларини тиклаб, янада ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бугун у тиккан кашталар, попурчилик буюмлари, айниқса, ироқи каштадўзликнинг энг қадимий нусхалари кўп хонадонларда, ҳатто хорижий коллекцияларда ҳам учрайди.
- Саодат Низомованинг ишлаб чиқарган ҳар хил ўлчамли миллий андозадаги кашта ва безак маҳсулотлари маҳаллий бозорларда харидоргирлиги билан биргаликда чет эллик сайёҳлар ўртасида ҳам катта қизиқиш ўйғотган, - дейди “Ҳунарманд” уюшмаси туман бўлими бошлиғи М.Аҳроров. Шу боис унинг устахонаси бир қанча сайёҳлик фирмалари йўналиш жадвалига киритилган. Туманимизга келган кўплаб сайёҳлар унинг ҳанармандчилик устахонасига ташриф буюриб, кашта тўқиш жараёни ва ҳар хил турдаги каштачилик маҳсулотлари билан таништирилади. Шунингдек, кейинги пайтларда у сайқал берган сўзана ва кашталар меҳмонхоналарда, умумий овқатланиш шохобчаларида миллийлигимизни акс эттирувчи безак ўрнида ишлатилмоқда. Бу эса кашта ва каштали буюмларга ўзига хос эътибор ортаётгани ва улар кенг тарқалаётганидан далолат.
Истиқболли бизнес-ғояларни амалга ошириш йўлида тинмай изланаётган ҳунарманд доимий равишда республикамизнинг турли ҳудудларида ўтказиладиган ярмаркаларда ўзининг миллий маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этиб келмоқда. Жумладан, 2018 йилда “Ташаббус” кўрик-танловининг шаҳар босқичида иштирок этиб “Энг яхши тадбиркор аёл” номинацияси ғолиби бўлган. 2017 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро савдо туризм ярмаркасида, 2018 йилда Наврўз байрами кўргазмасида ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган Халқаро мақом санъати анжумани кўргазмасида, ўша йилда Қўқондаги фестивалида ҳам иштирок этган. Айни пайтда Саодат Низомова Хитой, Туркия, Италия, Франция, МДХ давлатларида ташкил қилинган кўргазмаларда ҳам фаол қатнашиб, юртимизнинг қадимий ҳунармандчилик намуналарини намойиш этиб келмоқда.
-Хорижий давлатларда ўтказилаётган фестивалларда қатнашганимизда чет элликлар, айниқса, ироқи усулида тикилган чопон, дўппи, маҳси, нимча, камзул, ҳамён, бўғжома ва сумкаларга ҳайрат билан боқишади, - дейди Саодат Низомова. – Кашталарнинг ёрқин ранги, нафис услубига маҳлиё бўлишади. Биздан унинг тайёрланиш сирларини кўп сўрашади. Айниқса, каштага ишлатиладиган маҳсулотлар ва ипак рангларига қизиқишади. Бу ҳам қўл меҳнати туфайли юзага келишини, кўп вақт ва қийинчилик эвазига яралишини билгач, ҳайрати янада ошади. Қизиқиш билан кўпгина меҳнат маҳсулларимизни сотиб олишади. Яна тикиб беришимизни илтимос ҳам қилишади. Шунда меҳнатим ортидан қадр топаётганлигимдан ғурурланиб кетаман.
Саодат Низомовага бу ғайрат-шижоат аслида момосидан ўтган. Кумушой момо тумандаги илк қалдирғоч тадбиркор аёллардан бири бўлган. Айни пайтда момомерос касбни Саодат опанинг қизи Дилноза Тўраева ҳам ҳунармандлар сулоласининг бешинчи авлоди вакиласи сифатида онасидан ўрганиб ўзлаштирмоқда.
Саодат Низомова 2018 йилдан буён туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда фаолият олиб боради. Айни пайтда “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га кирган хотин-қизларни ўқитиб, каштачилик сирларини ўргатмоқда. Улардан 5 нафари каштадўзликни тўлиқ ўзлаштириб алоҳида фаолиятини йўлга қўйган.
- Уйда ўтирган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида тоғли ҳудудда алоҳида цех очиб, Ғилон, Сарчашма, Кўл, Тамшуш каби қишлоқлардаги 200 нафар хотин-қизни каштачилик йўналишида ўқитиб, уларнинг иш билан бандлигини таъминладим, - дейди Саодат опа. - Айни пайтда уларнинг 100 нафари касаначилик асосида фаолият юритаётган бўлса, 100 нафари доимий ишчилардир.
Саодат Низомованинг бу саъй-ҳаракатлари бесамар кетмади. У “Йил аёли - 2021” республика кўрик-танловида иштирок этиб, вилоятда биринчи ва республикада учинчи ўринни қўлга киритди.
Шоҳиста БОЗОРОВА