1
Оғажонлар! Бу кўҳна дунёда ишқибозликдан ёмони бўлмас экан. Бандасини ишқибозликнинг хумори вақти-вақти билан тутиб тураркан. Унинг домига бир илинсанг, морбоз қўлидаги сеҳрли таёқча мисол ақлу ҳушингни тизгинлаб измига солиб оларкан.
Хоҳ инонинг, хоҳ инонманг, биз кўпкари гурунгларининг хумориси бўлиб қолдик.
Айниқса, далаю даштларга ўт ўрлаб, чучмомаю турфа баҳор неъматлари юз кўрсатган Наврўзи олам кунларида халқимизнинг суяк сурган ўйинлари - кўпкарию курашдан сўз очмасдан туриш душвор экан. Начора, хотиралар тил ёриб, эски мавзуда, янги гурунгни қўр олдиришдан ўзга чора тополмас экан киши.
Дангал гап, кўпкари гурунгларини тинглаш ҳузур экан, тинглашдан ҳам чавағонлар улоқ талашган давраларни юрак ҳовучлаб кузатиш беҳроқ бўларкан.
Чавандозлар, туёғидан ўт чақнаган тулпорлар, кўпкари давраларидан сўз очилганда, умри сурув изида ўтган Сатторқул чўпоннинг кўзлари порлади;
Жума бобонинг гап халтаси очилди;
Чоршанби чавандоз завқи ошиб тиззаларига шапатилади;
Жовли малимнинг мужгони ёшга тўлди;
Имомберди бобонинг биздан сира айрилгиси келмади;
Ўрол тракторчи "бизникига кириб ўтмабсиз-да", деб афсусланди...
Эҳ-ҳей, айтаверсак гап кўп.
Аммо, бари кўрмиш, эшитмишларни жамлаб қоғозга тушириш ҳаммасидан мароқлироқ бўларкан.
Бежизга Ўрол тракторчи "ўзим кўрган, эшитган давраларни ёзиб бораман, ҳозир икки дафтар тўлди" демаганди.
Шу машғулотга берилдигу, бошқасига қалам юрмай қўйди.
- Кўпкарининг чин ишқибозлари ҳам, хабари қулоғига чалинган бирон даврани қолдирмай, қишлоқма-қишлоқ кезадиган шинавандалари ҳам кўп, бироқ мен умрим давомида таниган, гурунгини олган мухлислар орасида Бозор Қўчқор билан баҳслашадигани камдан-кам.
Алпон чавандознинг хайрлашиш чоғида болалардек беғуборлик, болаларча самимият билан айтган шу сўзлари таъсирида Лангартоғ томонлардан олган таассуротларимиз оҳори тўкилмасдан тағин кўпкари гурунгларини қўмсаб қолдик.
2
Кўпкарининг оҳанрабоси деймизми, меҳригиёси деймизми, хуллас, бир шоҳиди бўлганни умр бўйи ўзига асир этадиган нимасидир бор.
Бўлмаса неча минг йиллардирки авлоддан-авлодга ўтиб, қоидалари сайқал топиб, мухлислари от, чавандозлари зот, тарафкашлар ор, чекка-чемардан кўз қирини ташлаган сулув қизлар ёр талашиб яшармиди бу удум.
Кейинги юз йилликда кўпкарининг бошига не-не кунларни солишмади.
Уни иллат деб ҳам аташди.
Зиллат (залолат) тамғасини босиб, тақиқ ҳам қилишди.
"Қизил империя" даврининг "ҳукумат одамлари" не-не давраларга гуррос солиб, минг-минг мухлислар қалбини забт этиб келган отларни мажбуран гўштликка тортиб олишди.
Барибир кўпкари яшайверди.
Улоқчи халқи уни бир зум бўлсин унутмади.
Ҳавас исканжасида толхивичдан той миниб, "улоқ" талашган болалик кимнинг хотирасидан мосуво бўларди.
Совуқдан зир қақшаб, бурун шарқираб оқса-да, эскигина чопонга ўралиб кўпкари майдонидан кўз узмаган болалар афсона эмас, бу - Сиз, бу - биз, бу - ҳаммамиз.
Қайсидир суворий "бу ёққа қара болажон, отимни совутиб кел" деб жиловни қўлига тутқазишини мўлтираб кутган ўсмирлар - бўлғуси чавандозларимиз.
Ким неча отини от эмас, суюкли биродарим, номусим ҳам орим, бу дунёда борим, деб атаган чавандозлар ўтмади.
Уларнинг даврасига бир кирсангиз, қайта-қайта ўша гурунгларни қўмсайверасиз. Ахир ёш бир ерга бориб, соч-соқол қировга айланса-да, кўнгил қаримаса не қилишсин, юрак ҳовурини хотиралар билан бостиришади-да.
Ҳалиям қалбан майдонга талпиниб туришади.
Қўйиб берсанг тулпорига отланиб, "ҳайё-ҳуйт" деганча жўнаб кетавериш сиёғи бор.
Бизникиям бир шинавандалик-да, шундай гурунглар дилимизни ром этди.
Қулоғимизга чалинганлар ботинимизда қайта-қайта сайқал топиб, бирин-сирин оқ қоғознинг сийнасига тўкилди.
3
Кўпкари икки хил кўринишда чопиларкан.
Аксарият чўл қишлоқларида улоқ чавандозлар тўдасига махсус ҳавозадан ташланаркан.
Тоғликлар ер улоқ чопишаркан.
Улар ҳавозадан ташланган улоққа тан беришмайди:
- Ғирроми кўп, баковул кимнинг тарафдори бўлса, ўшанга ўнғай қилиб ташлайди, ер улоқда ҳаммада бир хил имконият, такани ерга эгилиб кўтармасанг, талашиб-тортишмасанг нима қизиғи бор, - дейишади.
Тўғри, кўпкари майдонида бир-бирини қўллаганга не етсин.
Аммо улоқ ҳавозадан ташланганда, беш-ўнтаси жам бўлиб, зот оларини ўраб олиб, солимга рақибнинг қўлини ҳам теккизишмаскан.
Ҳавоза улоқда ажрим этилган зотларнинг сони-ҳисобига етиб бўлмаскан. Ер улоқда совринни ажрим қилиш учун камида бир-икки соат вақт кетаркан. Ер улоқда чавағон талашиб зот айираркан. Ҳавозачи келишиб совриндор бўларкан.
Жовли чавандознинг бир гурунги сира эсимдан кўтарилмайди:
- Чинакам чавандознинг ичида жини бўлади, кўпкарига кирганда кўзига солимга ташланган такадан бошқа нимарса кўринмайди. Бир гал лангароталик Имомберди чавандознинг тўйида Алпон билан такани баравар ердан уздик, бир оёғи унда, иккинчиси менда, мактабда қўлига қалам ушлатганман, шогирдим менга ён берар деган умидда:
- Алпон, бу менман, - дедим.
У юзимга бир қаради-да, такани силтаб тортиб, тақимига босиб кетди.
Кўпкари сўнгида ёнимга келиб:
- Кечирасиз устоз, бу Алининг ол майдони, полвон отасини ҳам сийламайди, - деди.
Дангалчи шогирдимни суюб бағримга босдим...
Асл чавандозу улоқчи отни жинхўр ҳам аташаркан.
Жинхўр дегани хумори бўларкан.
Бундай чавағон кўпкари майдонида такага қўл тегизмасдан, от эса эгаси солимни устига босмасидан тиниб-тинчишни билмас экан.
4
Эшитсак, туёғидан ўт чақнаган тулпорларда хосият кўп бўлар экан.
Бу забонсиз жонивор ўз соҳиби сингари вақти келганда қайғудан аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкиб, зафар қучганда қувончдан ял-ял яшнаши ҳам айнан ҳақиқат экан.
Э-э-э, ким нима деса деяверсин, отда ҳам кўнгил бўларкан.
У эгасининг қайғусини ҳам, севинчини ҳам нозик бир туйғу билан ҳис этаркан.
Баъзилар:
- Отнинг деви бор, - дейишади. - Унинг кавш қайтарганини кўрган одам ё ажалга нишон ёки бир каромат соҳиби бўлади.
Эҳтимол отнинг ростданам деви бордир.
Бир қарасанг, ёли ўн саккиз яшар қизнинг икки ўрим сочидек зич тўқилиб қолади, қўлингга қайчи олсанг-да ечолмайсан.
Бир қарасанг, жувоннинг ёйилган сочларидек майин тортади, таърифини етказиб айтолмайсан.
Бу ҳолни ҳалигача биров аён этолмаган, сир-синоатига ҳеч кимса етолмаган.
Эҳтимол бу отнинг девига асир тушган парилар санъатидир.
Элимизнинг мақолини эшитгансиз: "Ит - вафо, хотин - жафо".
Аммо аҳли чавандоз борки, бу мақолга сира тан бермайди.
Аллоҳ яратган жониворлар ичида итни эмас, отни биринчи ўринга қўяди.
Бежизга ўтмиш аждодларимиз "эшакдан йиқилсанг тошга, отдан йиқилсанг болишга тушасан", дейишмаган.
Эшак бошингга етаркан, от соҳибимнинг бирон ери лат емасин деб остингга кўрпачадек тўшаларкан.
Хуллас, Махтумқули шоир назмга солганидек, йигитнинг энг яқин йўлдоши ҳам, юрагини очарли сирдоши ҳам от бўларкан.
5
Очиғи, анчадан буён бир воқеликнинг таги-тубига етолмай ҳалак эдик.
Бир савол дилимизга сира тинчлик бермасди:
- Халқимиз кўпкарини намунча қадрламаса?
- Наҳот таъқибу тазйиқлар занжири ҳам илдизи минг йилликларга туташган бу қадриятимизни элимиз дилидан ситиб чиқаролмаган бўлса?
Саволлар залворли, саволлар ниҳоясиз эди.
Қанча бош қотирган бўлсак-да, икки орада бош қотирганимиз қолди, жавобини тополмадик.
Билсак, бундан оддийроқ, бундан ечимлироқ савол йўқ экан.
Бунга аҳли чавандоз гурунгини эшитиб осонгина амин бўлдик:
- Кўр-кўрона берилган буйруқ, элнинг дилини англамай чиқарилган амр билан аждоддан-аждодга ўтиб, юраклардан жой тутиб қолган эътиқодни синдириб бўлармикан?
Англасак, кўпкари халқимизнинг иймон синови, мардлик чегараси, орият шажараси экан.
Толиб ўзига ҳаёт сабоғини берган мактабни унутиб билмас экан.
- Э-э, у замонлардан мен гап очмай, Сиз эшитманг, тишлам нонга зор ўтган дамларимиз тўқ юрган кунларимиздан кўп эди. Минг шукур, ҳаммаси ортда қолди. Лекин эзгу кунларимизнинг қадрига етиш учун ўтмишни эслаб туриш керак экан. Ўша замонларда бир учқур от, билаги кучга тўлган бир суворий қавмининг ризқ-рўзи бўлганди. Урушдан сўнгги оғир йилларда эл кайвониси - Амирқул Сейли зотдор отлари кўпкарида айирган совринларни расамади билан тақсимлаб, қавмининг бева-бечоралари, камбағал оилаларини очарчиликдан омон олиб ўтганига ўзим шоҳид бўлганман.
Бу гаплар бизнинг ижодкорлигимиз маҳсули ёки тўқима деган хаёлга борманг, бу мулоҳазани қизилмозорлик Жума бобонинг гурунгларидан олдик.
Оғир дамларда нафсингни алдайдиган даражада бўлса-да, ризқингни берган, қаддингни кўтарган, дилингни овутган қадриятни кўзтумор янглиғ кўз қорачиғингда, қалбтумор этиб дил ардоғингда асрамай бўлармиди!
6
Биродарлар!
Элимиз аҳли донишлари айтмаган гап қолмаган, айтганлари бир ҳовуч ҳикмат экан.
"Кўр кўрни қоронғида танийди", деган доно халқимиз.
Ўзи кўр бўлса, тағин қоронғида, бир-бирини қандай этиб таниркан?
Ишонаверинг, бу тимсол бериб айтилган, суяк сурган мақолларимиздан.
Уни яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам ишлатса бўлади.
Ғаразгўй ғаразгўйга, яхши яхшига интилиб яшайди.
Бир инсон иккинчисини гап-сўзсиз, кўз қарашлари билан англашига ҳам қиёс берса бўлади бу мақолни.
Ишонмасангиз, қўштамғалилик Бозор Қўчқор билан, пасттоллик Холиёр Ҳомид билан гурунглашиб кўринг.
Униси бунисини, буниси унисини мисол келтирмай бирон ҳикояни гапиришмайди.
Кўпкарига, қанотли отларга ишқибозлик улар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб, қиёматли биродарларга айлантирган.
Камида эллик йиллик қадрдонлар дунёни унутиб гурунгга берилишади, буниси унисини маъқуллаб, униси бунисини тўлдириб. Биз эса уларни ҳавас билан кузатиб, гурунгларини қоғозга туширишдан ўзга чора тополмаймиз.
7
- Шундай қилиб десангиз, "катталар" кўпкари чопишни тақиқлаб қўйишди. Қўлга тушиб қолсангиз, омон-замонингизни бермай ҳукумат идораларига судрайдиган ясовуллар пайдо бўлди. Ўша кунларни эслайсизми, Холиёр жўра?
- Эсламай ўлибманми, отларни қўрада сақлолмай тоғу тошлар ичига яшириб юрардик-ку.
- Яширмай кўр, мелисалар қўлингдан отингни биғиллатиб олиб кетишгани десанг, "ҳукумат қарорига қарши чиқдинг" деб ўзингни ҳам минг бир қозига ошно этишарди.
- Лекин кўпкари чопишга қўйишмагани ёмон бўлганди-да, нега шундай қилишди экан, Бозор ошна?
- Ўзбек ўтмишини унутсин дейишган-да.
- Бунинг нима ҳожати бор экан? Демак, бу ўзбекчилигимизга қарши фитна экан-да?
- Баракалла, энди ҳаммасининг тагига етдинг. Лекин шундай замонларда ҳам йигитларимиз бўш келишмаганди.
- Ярим тунлари, кўздан йироқ бўлсин деб олис тоғ дараларида, ўрмонлар ичида кўпкари чопганларимизни айтаяпсиз-да?
- У ёғи Яккабоғу Китоб, буёғи Деҳқонободу Ғузор, Чироқчи, Қамаши, Қаршидан бир ҳимога маҳтал йигитлар етиб келишарди.Тунги соат ўн иккидан тонгги уч-тўртгача бир калла қанд, гарди рўмол учун кўпкари талашардик. Эрталаб келиб қараган одам бу ерда нима бўлганининг фаҳмига етолмасди.
- Баъзилар шовлоққа нега оқ улоқ ташланиши сабабини ҳалигача билишмайди.
- Агар ярим тун оқ улоқ ташланмаса, солимни кўриб бўлмасди-да. Шовлоқнинг оқ улоғи ўша оғир кунлардан қолган хотира.
- Мана, нафақат кураш, балки кўпкари бўйича ҳам чемпионат ўтказиладиган кунларга етиб келдик.
- Энди шунинг шукрига етишни, тинч кунларни кўз қорачиғидек авайлаш кераклигини ёшларга тушунтириш Сизу бизнинг вазифамиз-да, оғайни...
Абдунаби АБДИЕВ