ТОЖМАҲАЛ
Муҳаббат рамзига айланган иншоотлар ҳақида гап кетганда, албатта, кўпчиликнинг хаёлига биринчи бўлиб Агра шаҳрида жойлашган Тожмаҳал меъморий ёдгорлиги келади.
Бугун бу обидани кўриш учун ҳар йили Ҳиндистонга дунёнинг турли чеккаларидан кўплаб сайёҳлар келади. Улар иншоотнинг гўзаллигидан ҳайратланиш билан бир қаторда, унинг бунёд этилиши билан боғлиқ маҳзун ҳикояни ҳам қизиқиб тинглашади.
Асли эронлик бўлиб, қашшоқлик туфайли Ҳиндистонга кўчиб келган ва бобурийлар саройида ишлай бошлаган оилада қиз фарзанд туғилади. Унга Аржумандбону деб исм қўйишган. Аржумандбону ёши улғайган сари ўзининг оқилалиги, дид-фаросати, тадбиркорлиги, нозик табиати, иффати ва тенгсиз ҳусн-латофати билан сарой аъёнлари ўртасида катта эътибор қозонади. У 21 ёшида бобурий шаҳзода- Хуррамга (Шоҳ Жаҳонга) турмушга чиқади.
Бу вақтга келиб саройда Аржумандбону - Мумтоз Маҳал бегим (саройнинг кўрки) дея атала бошланди.
Малика Мумтоз Маҳал бегим 1631 йил ўн тўртинчи фарзандини дунёга келтириш вақтида, 38 ёшида вафот этди.
Шоҳ Жаҳон севикли рафиқаси Мумтоз Маҳал бегимга чексиз ҳурмати рамзи сифатида кейинги 36 йиллик умри давомида уйланмай ўтади. Мунис ва вафодор рафиқасининг номини абадийлаштириш мақсадида унга атаб ялтироқ оқ мармардан ҳашаматли мақбара қурдиради. Агра шаҳридаги улкан иншоот қурилишига 20 минг мутахассис уста ва ишчилар жалб қилиниб, 18 йилда битказилди. Бу улуғвор обида – севги ва вафо қасрининг қурилишига 40 миллион рупия маблағ сарфланган. Ушбу ҳашаматли мақбарани Мумтоз Маҳал бегим бошига кийдирилган тож рамзида “Тожмаҳал” деб атадилар. Марҳума Мумтоз Маҳал бегимнинг хокини кўчириб келтириб, шу ерга дафн этишди.
Айтишларича, Шоҳ Жаҳон ўғли Аврангзеб томонидан банди этилиб, Аградаги Қизил қалъага қамалади. Шунда у Тожмаҳални доим кўриб туриш учун битта туйнук қолдиришни сўрайди ва умрининг охиригача ўша туйнукдан бинога қараб яшаган.
У вафот этгач, Тож Маҳал мақбарасида Мумтоз Маҳал бегим ёнига дафн қилинган.
БИБИХОНИМ ЖОМЕЪ МАСЖИДИ
Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг Бибихонимга бўлган муҳаббати тарихдан маълум. Буюк жаҳонгирнинг қалбини забт эта олган бу аёл ўз замонасининг юксак идрокли, фаросатли, шунингдек, ҳусн-латофат бобида ҳам беназир кишиси бўлган.
Бибихоним мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётидан яхшигина хабардор бўлган, салтанат ишларида ўз доно маслаҳатлари билан иштирок этган. У айниқса, илм-маърифатга алоҳида эътибор берар, толиби илмларга ҳомийлик қиларди. Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий юришларида кўпинча ҳамроҳлик қилган. Бибихоним салтанатни бошқаришда вужудга келган айрим муаммоларни ҳал қилишга ўзининг оқилона маслаҳатлари билан ёрдам берган. Амир Темур Бибихонимга ошкора бўйсунмаса-да, бироқ унинг оқилона маслаҳатларига ўзида қандайдир эҳтиёж сезиб турган.
Соҳибқирон Бибихонимга бўлган ҳурмати ва муҳаббати рамзи сифатида Самарқандда унга атаб масжид қурдирган. Масжидни қурган уста ва меъморларнинг номлари номаълум. Тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, 801 йилнинг Рамазони шариф ойининг тўртинчи кунида масжид учун пойтахтнинг энг яхши жойини Амир Темурнинг шахсан ўзи танлайди. Машҳур усталар ва меъморлар бу улкан иморатнинг лойиҳасини тузади ва энг саодатли дақиқада унинг пойдеворини қура бошлайди. Масжид 1404 йилда қуриб битказилган.
Гўзал ва салобатли масжид тўлиқ қуриб битказилгач, Амир Темур уни доно ва оқила хотини Бибихоним - Сароймулкхонимга туҳфа қилган.
БОБИЛ ОСМА БОҒЛАРИ
Бобил осма боғлари дунёнинг қадимий етти мўъжизасидан бири саналади. Бу боғ милоддан аввалги VI асрда ўша вақтдаги Бобил подшоси Навуходоносор II фармойиши билан бунёд этилган.
Тарихий маълумотларда қайд этилишича, Навуходоносор II ўзининг азалий рақиби, Бобилни икки марта яксон қилган оссурияликларга қарши кураш учун Мидия подшоҳи Киаксар билан иттифоқ тузади. Улар биргаликда Оссурия устидан ғалаба қозонгач, иккала подшоҳ ишғол этилган мамлакат ҳудудини бўлиб олади. Шунингдек, ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида, Навуходоносор II Мидия подшоҳининг қизи Амитисга уйланади.
Тоғли, ям-яшил ҳудуд - Мидияда катта бўлган Амитисга чанг-тўзон ва сершовқин Бобил ёқмайди. Шу боис, Навуходоносор II рафиқасининг кўнглини олиш мақсадида сарой ёнида осма боғ яратишга буйруқ беради.
Боғ баланд сунъий майдон устига қурилган. Майдонга қават-қават айвонлар орқали чиқилган. Ҳар бир қават айлана-қубба шаклида бўлиб, уларни баланд тош устун тутиб турган. Айвонлар қамиш билан ёпилиб, устидан ғишт терилган, сўнг қўрғошин пластинкалар ётқизилган. Кейин юқорига жуда кўп миқдорда тупроқ чиқарилиб, бутун том бўйлаб қалин қилиб солинган. Ҳар бир қаватда дарахтлар ўтқазилиб, гўзал боғлар яратилган. Бу боғларни суғориш учун Фрот дарёсидан фойдаланилган. Сувни тепага кўтариб берадиган, чарм идишлар ўрнатилган улкан чархпалакни юзлаб қуллар кечаю кундуз айлантириб туришган. Бобилдаги самовий боғлар шу даражада гўзал эдики, уни етти иқлимда йўқ “боғи Эрам” деб мадҳ этишар эди.
Афсус, ҳозирги замон сайёҳлари бу боғларни кўра олмайдилар. Фрот дарёсининг даҳшатли сув тошқини уни вайронага айлантирди. Ҳозир у боғлар ўрнида минора ва айвонларнинг харобалари қолган, холос.
Яна бир жиҳатга ҳам тўхталиб ўтиш жоизки, малика Амитиснинг номи авлодлар хотирасида ўша замонда Оссурия ҳукмдори бўлган буюк малика – Семирамида (Шаммурамат) номи билан алмашиб кетган. Шу сабабли мазкур обиданинг яратилиш тарихи аксарият ривоятларда Семирамида номи билан боғланади.
ГАЛИКАРНАС ДАХМАСИ
Кичик Осиё (Туркиянинг ҳозирги Бодрум шаҳри)да бунёд этилган Галикарнас дахмаси ҳам дунёнинг етти мўъжизасидан бири сифатида эътироф этилади.
Дахма унча катта бўлмаган Каня подшолиги маликаси - Артемисия томонидан ўз эри - подшо Маусолусга атаб қурилган. Артемисия эрига бўлган чексиз муҳаббатининг рамзи сифатида унинг номини абадийлаштириш учун ушбу дахмани қурдириш фикрига келган ва бунинг натижасида Маусолус ва Артемисия номи ҳамон тарих саҳифаларидан тушмай келмоқда.
Ниҳоятда муҳташам бўлган мажмуа милоддан аввалги IV аср ўрталарида қуриб битказилган. Мажмуа биноси уч қаватдан иборат бўлиб, биринчи қавати зинасимон пойдевор шаклида оқ мармардан ишланган. Бу қаватда подшо ва унинг хотини қабрлари бор. Иккинчи қаватда чиройли мармар устунлар билан безатилган хоналар бўлиб, улар подшо ва малика шарафига турли маросимлар ўтказиш учун мўлжалланган эди. Кейинги қават бино томига қадар зинасимон пирамида шаклида мармардан ишланиб, энг юқори қисмида тўрт от қўшилган аравани ҳайдаб бораётган Маусолус ва Артемисия тасвири мармар ҳайкал тарзида ифода этилган, мақбаранинг киравериш қисмида мармардан ясалган шер ҳайкаллари ҳамда от елдириб бораётган чавандозлар тасвирланган эди.
Ҳозирда дахманинг фақатгина баъзи қисмлари сақланиб қолган, холос. Маусолус ва Артемисия ҳайкали эса Лондондаги Британия музейида сақланади.
Анора ҒОЙИБОВА,
Қарши давлат университети талабаси