Ўғрилик орқали топилган ҳаром мол бахтсизлик боисидир, дейди халқимиз. Бироқ айрим инсонлар бу гапларнинг маъносини англамай ёки англаса-да, улардан тўғри хулоса чиқармай, ҳалол меҳнат билан ризқ топишни эмас, нопоклик, ўғрилик йўлини танлайди.
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшаган фуқаро Р.Б. ана шундай кишилардан бўлиб, муқаддам 4 маротаба судланганига қарамай, ҳаётини ижобий томонга ўзгартиришга сира ҳаракат қилмади ва ўтган йилнинг октябрь ойида яна жиноятга қўл урди.
Бу воқеалар Қарши шаҳрининг Истиқлол маҳалласида содир бўлган. 2019 йил 6 октябрдан 7 октябрга ўтар кечаси хавфли рецидивист Р.Б. кўп қаватли уйнинг орқа томонида кўчада турган фуқаро Б.Х.га тегишли “Нексия-3” русумли автомобилнинг орқа пешойнаси ва олд чап томон эшиги ойнасини қаттиқ жисм билан уриб синдириб ва унинг эгасига 430 952 сўм миқдорида моддий зарар етказиб, ушбу автомашина салонидан пул ва бошқа қимматбаҳо нарса-буюмлар ўғирламоқчи бўлган, аммо ҳеч нарса топа олмагач, воқеа жойидан яширинган.
Бироқ бошлаган ишини якунламасдан тинчимайдиган ўғри шу маҳалладаги бошқа кўп қаватли уйнинг олд томонида турган фуқаро А.С.га тегишли “Нексия-2” русумли автомашинанинг олд чап томон эшиги ойнаси ва орқа кузатув камерасини уриб синдирди ва шу тариқа автомобиль эгасига 376 минг 065 сўмлик моддий зарар етказган ҳолда, ичида бўлган бозор баҳоси 100 минг сўмлик автомашина пульти, 110 минг сўмлик “Canale Di Blue” номли эркаклар атири, А.С.га тегишли ҳайдовчилик гувоҳномаси ва гувоҳнома солиб қуйилган қора рангли қутичани, Қуръон китобини ҳамда автомашина юкхонасида бўлган 150 минг сўм пулни, жами ўзганинг 736 минг 65 сўм миқдоридаги мол-мулкини яширин равишда ўғирлик йўли билан талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган.
Аммо юқорида айтиганидек, ўғрилик орқали топилган ҳаром мол бахтсизлик боисидир. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан хавфли рецидивист Р.Б. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилди ва унга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Алишер ОСТОНОВ,
Қарши махсус прокуратураси терговчиси