Бугун - Халқаро оила куни
Оила инсоний фазилатлар, эзгу-истаклар, қадриятлар такомил топадиган, минг йиллар давомида шаклланган тарбия масканидир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 2 сентябрдаги ялпи йиғилишида 1994 йилдан бошлаб ҳар йили 15 май Халқаро оила куни сифатида нишонлашга қарор қилингани ҳам бежиз эмас.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 февралидаги фармони билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилгани тизимдаги янги ислоҳотларга йўл очди.
Тан олиш керак, кўплаб ижтимоий оғриқларга сабаб бўлаётган эрта никоҳлар ҳали-ҳамон кузатилаяпти, ажралишлар сони ошиб бормоқда, аёллар жиноятчилиги, вояга етмаганлар назоратсизлиги ҳамда ҳуқуқбузарлигига буткул тўсиқ қўйилгани йўқ.
- Албатта, фаолиятимизда ажрашишларнинг олдини олишга алоҳида эътибор берилади, - дейди вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Комила Каромова. - Саъй-ҳаракатларимиз натижасида жорий йилда ажрим ёқасига келиб қолган 988 та оиланинг 630 таси яраштирилди. 2019 йилда вилоятимизда ажрашишлар сони 1567 тани, жорий йилнинг тўрт ойи давомида эса 466 тани ташкил этди. Ажримларнинг 1242 таси ёш оилалар ҳиссасига тўғри келаётгани ҳали қиладиган ишларимиз кўплигини кўрсатиб турибди.
Таъкидлаш ўринли, бошқарма ҳар бир хонадонда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш учун карантин даврига мўлжалланган "Намунавий оила кун тартиби"ни илгари сурди. Бунда оиланинг ҳар бир аъзоси, яъни кексалар, ота-она ва фарзандлар эҳтиёжлари, фақатгина уйда бажарилиши мумкин вазифалар кўзда тутилган.
- Тўғрисини айтсам, аниқ режа интизомга ўргатар экан. Интизом эса бугунги синовли кунларда жуда муҳим, - дейди деҳқонободлик тадбиркор Ваҳоб Норсафаров. - Хусусий боғча, меҳмонхона ва мини стадионимизда ишлайдиган 25 нафар ходимга ҳам қатъий кун тартибига амал қилиб, карантин даврида уйда қолишлари учун жавоб бердим. Маоши сақланиб қолаётгани учун улар асосий вақтини оила даврасида ўтказишди.
Қайд этиш лозим, бошқарма ташаббуси билан Telegram ижтимоий тармоғида очилган "Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш" канали кўплаб муаммоларни тинглаш, ҳал қилиш, кишиларни қизиқтираётган масалаларни таҳлил қилишда аҳамиятли бўлмоқда.
Нима бўлганда ҳам бундай лойиҳа ва ташаббуслар оилалар мустаҳкамлиги, фаровонлиги ва хотиржамлигига хизмат қилиши даркор.
Шоҳиста БОЗОРОВА