Танлов буюк шахс, давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг ибратли ҳаёти, юрт равнақи ва мамлакат келажаги учун ҳар қандай тўсиқ ҳамда қийинчиликларни енгиб ўтишдаги мардонавор саъй-ҳаракатлари натижасида эришилган мустақилликнинг нақадар бебаҳо неъмат эканлигини ёшлар онгига сингдириш, шунингдек, юртимиздаги ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш мақсадларини кўзлайди.
- Иншолар танлови 2 босқичда ташкил этилди, - дейди институтнинг маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Умрбек Тошниязов. – 300 нафардан зиёд талаба қатнашган дастлабки босқичда 1-, 2- ва 3-ўринни эгаллаган 20 нафар талаба факультетлар кесимида аниқлаб олинди ва ғолиблик кейинги 20 та ижодий иш асосида кўриб чиқилди.
Танловга тақдим этилган иншолар мавзунинг тўлақонли очиб берилиши, стилистик ва грамматик жиҳатдан тўғри ёзилгани, адабиётлардан фойдаланганлик даражаси ва таҳлилий ёндашувлар, мустақил фикр, ижодкорлик хусусиятлари, ҳаётий мисоллардан кенг фойдаланилгани, мавзуга оид долзарб масалалар, уларнинг ечимлари тўғрисида таклифлар келтирилгани каби мезонларда баҳоланди.
Шунга асосан иқтисодиёт факультети 4-босқич талабаси Саодат Ботированинг ёзган иншоси энг яхши деб топилган бўлса, 2-ўринни геология ва кончилик факультети талабаси Дурдона Жумаева қўлга киритди. Муҳандис-техника факультети 1-босқич талабаси Ойдиной Самиджонованинг Биринчи Президентимиз фаолиятига ижодий ёндашуви 3-ўринга муносиб кўрилди.
Ғолибларга фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари топширилди.
Маълумот учун, тегишли Низомда иншолар танловида 1-ўринни эгаллаган талабага 500 минг, 2-ўринга 400 минг, 3-ўринга 300 минг сўм мукофот берилиши кўзда тутилган.
Т.ПЎЛАТОВ