Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

22.02.2017


МУҲИМ СИЁСИЙ ЖАРАЁНДА

Президентимиз "Юксак маънавият - енгилмас куч" асарида  таъкидлаганидек, "...Биз маънавий ҳаётимизни, миллий онг ва қадриятларимиз, эътиқод ва тафаккуримиз, урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, маънавий оламимизни юксалтиришга интилар эканмиз, буларнинг барчаси маҳалла идорасига янада кўпроқ имконият бериш, унинг ҳуқуқий ва амалий ваколатларини кенгайтириш билан бевосита алоқадор эканини ўзимизга яхши тасаввур қиламиз. Шу орқали биз ўзимизнинг эзгу мақсадимиз бўлмиш эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ҳеч шубҳасиз, улкан қадам қўйган бўламиз".

Шу нуқтаи назардан фуқаролик жамияти институтлари ўртасида алоҳида мавқега эга фуқаролар йиғинлари учун энг муносиб етакчиларни сайлаш муҳим аҳамият касб этади. Чунончи, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётган маҳалланинг янада самарали фаолият юритиши айнан йиғин раисларига, фаолларнинг ташаббускорлиги ва жонкуярлигига боғлиқ.

- Фуқароларимиз ижтимоий-сиёсий жиҳатдан фаол, - дейди фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Яккабоғ туман комиссияси раиси Очил Қодиров. - Улар  юрт тақдирига бефарқ эмас, Ватан равнақига ўзини дахлдор деб биладилар. Зеро, юрт  тараққиётига ва гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшиш биринчи галдаги вазифамиз эканини унутмаслигимиз керак.

Бу йилги сайловда туман бўйича 51 та маҳалла оқсоқоли ва уларнинг 400 нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланади. Сайловни намунали ташкил этиш ва ўтказиш кўп жиҳатдан маҳаллаларда тузилган ишчи гуруҳлари фаолиятига боғлиқ. Шу сабаб мазкур ишчи гуруҳлар таркибига фуқаролар йиғини, тегишли ҳудудда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, халқ депутатлари туман Кенгашининг депутати киритилган. Ишчи гуруҳлари фаолияти учун алоҳида хоналар ташкил этилиб, зарур оргтехника воситалари билан таъминланган.

Маҳалла - халқ виждони. Халқ уни бошқаришга муносиб номзодни танлайди. Сайланган номзод икки ярим йил давомида маҳаллага бош-қош бўлади. Бугунги кун оқсоқоли замонавий билимга эга, ҳуқуқий онги юксак, халқнинг аҳиллигини таъминлай оладиган, ташкилотчи ва ташаббускор, ўз навбатида оиласи тинч, ҳаётий тажрибага эга ва ҳаётнинг паст-баландини кўрган, хушхулқ ва одобли, юриш-туриши бамаъни, сиёсий жиҳатдан етук шахс бўлмоғи лозим.

- Биз кўрсатилган 4 нафар номзоднинг ушбу талабларга қай даражада жавоб беришига алоҳида эътибор қаратдик, - дейди Эсат фуқаролар йиғинининг ишчи гуруҳи  раиси Гулчеҳра Раҳимова. - Чунки бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган туб иқтисодий ислоҳотларни чуқур англаб етадиган, кенг мушоҳадали ва айни чоғда, ҳудуд, у ерда истиқомат қилаётган аҳоли  турмуш тарзи, қизиқиш ва интилишлари билан таниш бўлган муносиб номзодларни оқсоқоллик ва маслаҳатчи лавозимларига таклиф этиш маҳалла эртаси учун жуда муҳим.

Мухтасар айтганда, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови очиқ-ошкоралик, қонунийлик асосида ташкил этилиши ва ўтказилишидан барча фуқаролар бирдек манфаатдор. Зеро, маҳалла ободлиги, у ерда тадбиркорлик ва ишбилармонликнинг ривожланиши, аҳолининг бандлиги ва турмуши фаровонлиги таъминлаши айнан мазкур сайлов натижаларига ҳам бевосита боғлиқ.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo