Биламизки, эртанги ғалла хирмонининг қанчалик салмоқли бўлиши бугун амалга ошириладиган ишларга боғлиқ. Шу боис, 2019 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экиш ишларини сифатли ва самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳамда вилоят ҳокимининг тегишли қарорлари қабул қилинган, ушбу ҳужжатларда мавсумда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар аниқ белгилаб берилган.
Бироқ, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан олиб борилган назорат тадбирлари шуни кўрсатмоқдаки, вилоятимизнинг баъзи туманларида муддати аниқ белгиланган тадбирлар 30-40 фоизга бажарилган, холос.
Хусусан, экиш сеялкалари, мосламалар ҳамда агрегатларни марказлашган ҳолда таъмирлаш ва отрядлар усулида экиш бўйича тегишли топшириқлар берилган бўлса-да, Шаҳрисабз, Ғузор, Қамаши, Нишон ва Яккабоғ туманларида ғалла экиш учун отрядлар тўлиқ ташкил этилмаган, экиш техникалари тарқоқ ҳолда ишлатилаяпти.
Бугунги кунда вилоятимизда мавжуд ғўза қатор ораларига ғалла экиш мосламалари сони 1 минг 376 донани ташкил этади. Мавсум олдидан ушбу мосламаларнинг барчаси туманлардаги “Агротеххизмат” масъулияти чекланган жамияти бўлимларига келтирилиб, тўлиқ таъмирланиши ва техник кўрикдан ўтказилиши лозим эди. Лекин ишларни ташкил этишдаги масъулиятсизлик оқибатида мавжуд мосламаларнинг бир қисми мутлақо таъмирланмаган ва кўрикдан ўтказилмаган.
Бундан ташқари, фермер хўжаликлари томонидан кузги бошоқли дон экинларини экиш учун сифатли ер тайёрлаш, экин майдони атрофларини тозалаш, маҳаллий ўғитлар жамғариш ишлари ҳам белгиланган даражада ташкил этилмаган.
Хусусан, Китоб туманидаги “Ярқулов Юнус Аъзамович”, “Турсунов Жавоҳир Мажидович”, Қарши туманидаги “Гулистон бахт агро”, “Прогрес агро”, Касби туманидаги “Ферузбек Хақберди ўғли”, “Фазлиддин”, Миришкор туманидаги “Жаҳонгир юрт фахри” фермер хўжаликлари дала атрофлари “конверт усули”да тайёрланмаган, тўлиқ контур ҳосил қилинмаган, маҳаллий ўғитлар жамғарилмаган.
Таъкидлаш ўринлики, кузги ғалла экишда экин майдонларини ўз вақтида сувлаш ҳам муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Бу вақтда айрим ҳудудларда сувнинг кескин камайиб кетиши боис, ундан оқилона фойдаланиш лозим.
Шундан келиб чиққан ҳолда, вилоятда сув таъминоти оғир ҳудудлар аниқлаб чиқилиб, алоҳида чора-тадбирлар дастури белгиланган. Яъни, ҳар бир фермер хўжалиги ғалла экиладиган майдонни график асосида, ўзига сув бериладиган вақтда сувлаши керак. Бироқ, Миришкор туманидаги “Шоматов Эрназар Шоматович”, “Буронова Норгул”, Касби туманидаги “Тоғаев Лазиз”, Қарши туманидаги “Глобал бизнес барака”, “Ҳамдам агро чорва”, Китоб туманидаги “Нуғайли Бешқазоқ”, “Саид Салом”, “Асл Шабоз Шер” фермер хўжаликларида суғориш ишлари бошланмаган, сув йўллари тозаланмаган.
Инспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан аниқланган юқоридаги каби камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш, ғалла экиш тадбирларини сифатли ташкил этмаган масъулларга нисбатан интизомий чоралар қўллаш бўйича тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилди.
Фарҳод АРСЛОНОВ,
инспекциянинг вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари