Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги тегишли фармони ҳамда 2018 йил 7 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, Бош прокуратура ҳузурида мазкур инспекция ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилган эди.
Инспекция олдига қишлоқ ва сув хўжалиги, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, экинлар уруғлари етиштирилиши ва таъминоти, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланиш, мавжуд техникалар ва уларнинг ҳолати, пахта хом ашёси, дон, уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланиш ҳолати ҳамда шу каби қатор ишларнинг ижро этилиши устидан назоратни олиб бориш вазифаси юклатилган.
Ўтказилган тадбирда бошқарманинг тармоқ ва туман бўлимлари раҳбарлари, масъул ходимларига ушбу вазифалар ижроси бўйича амалга оширилаётган ва оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида кўрсатма ва тушунчалар берилди. Бу борада уларнинг фикр ва мулоҳазалари, таклифлари тингланди.
Мурожаатлар билан ишлаш тизимини самарали йўлга қўйиш, аҳоли ва тадбиркорлардан келиб тушаётган ҳар бир мурожаатга эътибор қаратиш, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва шу каби масалалар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш, бу борада комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан тегишли тартибда чора кўрилишини таъминлаш инспекция олдида турган энг устувор вазифа эканлиги яна бир маротаба таъкидланди.
Айтиш жоизки, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси янги ташкил этилгани боис, унинг таркибидаги кадрларнинг кўпчилиги ёш ва аксарияти энди фаолият бошламоқда. Инспекциянинг вилоят бошқармасида ҳам ана шундай ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Шу боис, йиғилишга ёш ходимларнинг ота-оналари ҳам таклиф этилиб, улар бошқармада фарзандларининг ишлаши учун яратилган шарт-шароитлар, уларнинг иш тартиби ва жараёнлари билан яқиндан таништирилди.
Моҳира МУҲАММАДИЕВА,
инспекциянинг вилоят бошқармаси мурожаатлар билан ишлаш бўйича бош инспектори