Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

05.03.2019


МУҲОКАМА ҚИЛИНГАН 23 МАСАЛА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАРГА ОЛИБ КЕЛАДИ?

Хусусан, "Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қонунга асосан сайлов муносабатларига оид бир қатор масалаларга ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида катта ижтимоий хавфи бўлмаган жиноятлар ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этиши бўйича чекловлар олиб ташланди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзодлар кўрсатиш тартиби бекор қилинди. Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати амал қилиши қонунчилик даражасида тартибга солиниб, "битта сайловчи - битта овоз" принципи таъминланиши белгиланди. Сенат аъзоларини сайлаш тартиби қонунчилик йўли билан белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Сайлов кодексида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, ташкилотлар томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби белгиланмоқда. Унга кўра, номзодлар туман, шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама этилади ва округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар ҳам мустаҳкамланди. Жумладан, йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар сайлов комиссияларининг аъзолари бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Сайлов комиссияси аъзолари бошқа сайлов комиссияси, сиёсий партиялар аъзолари бўлиши мумкин эмас. Ҳокимлар, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, номзодларга бевосита бўйсунадиган шахслар сайлов комиссиялари таркибида бўлишига ҳам йўл қўйилмайди.

Сенаторлар маъқуллаган "Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида"ги Қонунда тиббий хизматлар қулайлиги ва сифатлилиги, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш ва оилани режалаштириш бўйича давлат томонидан кафолатланган хизматлар ҳажмини таъминлаш, шахсий ҳаётга аралашувдан ҳимояланиш, шахсий ва оилавий сирни сақлаш, инсонпарварлик, инсонга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, репродуктив муаммоларни ҳал қилишда ахборотнинг махфийлиги, репродуктив саломатликни сақлаш масалаларида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги каби масалалар ўз ифодасини топган.

"Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги Қонунга асосан учувчисиз учадиган аппаратлар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кирганлик, ўтказганлик, олганлик, сақлаганлик ёки улардан фойдаланганлик, шу билан бирга, учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш, улардан фойдаланиш ёки бошқа шахсларга бериш тартибини бузганлик, шунингдек, улардан бошқа мақсадларда фойдаланганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилди. Шунингдек, учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб киришда, ўтказишда, олишда, сақлашда ёки улардан фойдаланишда уларни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилиниши ҳақида қўшимчалар киритилди.

Мазкур қонунга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарима миқдорлари оширилишини, қурилиш соҳасида назорат қилиш ва йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат қилиш инспекцияларининг кўрсатмаларини бажармаганлик, объектларни қурилиш соҳасидаги ва йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат қилиш инспекцияларининг рухсатисиз қурганлик учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилди. Архитектура ва қурилиш органларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомаларни тузишга оид ваколатлари Қурилиш соҳасида назорат қилиш ва йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат қилиш инспекцияларига ўтказилди.

Шунингдек, ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик, муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни, ихтирога, фойдали моделга ва саноат намунасига бўлган ҳуқуқларни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.

"Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида"ги Қонун асосида маъмурий назоратнинг қонунийлик, инсонпарварлик, белгиланадиган чекловларнинг табақалаштирилгани ва индивидуаллаштириш каби принциплар мустаҳкамланди. Маъмурий назорат, маъмурий чеклов, назорат остидаги шахс, назорат остидаги шахснинг яшаш жойи каби таянч тушунчаларга аниқлик киритилди. Шунингдек, суд томонидан вояга етган ўта хавфли рецидивист деб топилган шахсларга, оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахсларга, Жиноят кодексига биноан оғир ёки ўта оғир жиноят ҳисобланадиган қилмишларни содир этганлик учун бошқа давлат ҳудудида озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаган шахсларга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилиши мумкинлиги, маъмурий назорат судланганлиги олиб ташланган ёки судланганлик ҳолати тугатилган шахсларга нисбатан ўрнатилиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Шунингдек, назорат остидаги шахсларга нисбатан суднинг содир этилган қилмишнинг хусусияти ҳисобга олинган ҳолдаги қарори асосида маъмурий чекловларга аниқлик киритилмоқда. Қонунда қўлланиладиган маъмурий чекловлар суд томонидан ички ишлар органларининг тақдимномасига ёки назорат остидаги шахснинг ёхуд унинг вакилининг аризасига, шунингдек, меҳнат жамоасининг, жамоат бирлашмасининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг илтимосномасига биноан, назорат остидаги шахснинг турмуш тарзи ва хулқ-атвори ҳақидаги маълумотлар инобатга олинган ҳолда қисман бекор қилиниши мумкин. Мазкур қонун аввал судланган шахслар томонидан жиноятлар такроран содир этилишининг олдини олишга, уларда жамиятда ўзини ижобий тутишга мойилликни яратишга, шунингдек, қайта тарбиялашда ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда жамоатчиликнинг ролини оширишга хизмат қилади.

Ялпи мажлисда муҳокама қилиниб, сўнг маъқулланган "Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун билан мансабдор шахсларнинг Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) олдидаги масъулиятини кучайтириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс Омбудсманнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норма билан тўлдирилди. Шунингдек, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида"ги Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Омбудсман томонидан доимий равишда қамоқда сақлаш жойларига кириш, қамоқда сақланаётган шахслар сони ҳақида маълумот олиш, уларни сақлаш шароитини ўрганиш, қамоқда сақлаш жойларидаги шахслар билан холи учрашиш, шунингдек, ушбу жойлар маъмурияти ходимлари билан учрашиш ва ушбу учрашув ҳамда суҳбатларни техник воситалардан фойдаланган ҳолда баёнини ёзиш йўли билан қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олишга қаратилган.

Омбудсманга бундай жойларда шахсни сақлашнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишиб чиқиш ва маъмуриятдан уларнинг кўчирма нусхаларини олиш, маъмуриятдан қамоқда сақланаётган шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш, унга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатишни талаб қилиш ва бу тадбирлар ўтказилишида иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Омбудсман қамоқда сақлаш жойлари маъмурияти раҳбариятидан қамоқда сақланаётган шахслар ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича тушунтиришлар олиш, қамоқда сақлаш жойлари маъмурияти раҳбариятининг қонунга зид ҳаракатига (ҳаракатсизлигига) чек қўйиш бўйича кечиктириб бўлмас чоралар кўриш, шахсларни қамоқда сақлаш шароити ҳақида хулоса тайёрлаш ва уни тегишли ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юбориш, шунингдек, тегишли давлат органларига қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олиш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар киритиш ҳуқуқига эга бўлди.

 "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди. Унга асосан 24 қонун ва 8 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги, "Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида"ги, "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги, "Реклама тўғрисида"ги, "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги қонунларга, Ҳаво кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Фуқаролик кодексига "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонундан келиб чиқиб, қонунларни бир хил талқин қилиш ва қўллашни таъминлашга қаратилган таҳририй тузатишлар киритилди.

Шунингдек, бир қатор қонунларга суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан таҳририй тузатишлар киритилди. Жумладан, процессуал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тартиби, шартлари ва асосларини аниқлаш мақсадида Жиноят-процессуал кодекси янги нормалар билан тўлдирилди. "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонунга киритилаётган тузатишга кўра, ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари суриштирувчиларига, терговчиларига ва раҳбарларига нисбатан жиноят ишлари Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, Тошкент шаҳар, вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг терговчиларига, бўлинма раҳбарларига ва бошлиғига нисбатан эса Бош прокурор ёки унинг ўринбосарлари томонидан қўзғатилиши белгилаб қўйилди. Мазкур қонун жиноят процессини янада такомиллаштиришга, жиноят ишларини тергов қилишда қонунийлик ва адолатлилик принципларини таъминлашга, терговчилар мустақиллигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишга кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида бошқа бир қатор масалалар қаторида Қашқадарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи ҳам эшитилди. Амалга оширилган ишлар эътироф этилиб, маҳаллий ҳокимият органларининг вилоятни ривожлантириш масалаларини ҳал этиш бўйича жавобгарлигини оширишга қаратилган қарор қабул қилинди.

Сенат ўн саккизинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач, қонунларда белгиланган вақтда кучга киради. Кейинги вазифа уларнинг ўз вақтида ижрочиларга етказилиши, ижроси ва тарғиб этилишини таъминлашдан иборат. Зеро, бу қонунлар мамлакатимиз ва  халқимиз ҳаётида муҳим роль ўйнайди.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари

 

Report typo