Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 декабрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

28.08.2018


МУҲТАШАМ ОРЗУЛАР УШАЛГАН САОДАТЛИ КУНЛАР ШУКУҲИ

Кечаги кунимизни – бир ёқлама ривожланган, фақат хом ашё етказиб беришга, мутлақ пахта яккаҳокимлигига асосланган иқтисодиётимизнинг ночор аҳволини, қашшоқликка дучор бўлган кишилар, жамиятда соғлом муҳитни қарор топтириш муаммоларини эслайдиган бўлсак, айни шу йиллардаги мавжуд вазият, ўз навбатида, истиқлолнинг аҳамияти кўз олдимизда намоён бўлади. Шунга монанд истиқлол айёми бу йил “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган эзгу ғоя асосида нишонланиши замирида ҳам юртдошларимизнинг Ватанимизга бўлган меҳру муҳаббати ва чексиз фахру ифтихори мужассамдир.

Айни жиҳат Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида жойлашган амфитеатрда мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган вилоятимизнинг асосий байрам шодиёнасида ҳам ўз ифодасини топди.

Тантанали тадбирда жам бўлганлар турли декорациялар, монитор орқали намойиш этилаётган лавҳалар, санъаткорлар чиқишлари орқали бугунги ютуқ ва марраларга қандай оғир ва машаққатли меҳнат эвазига эришганимизни яна бир карра хаёлидан ўтказади. Ҳамма бир-бирини улуғ айём билан муборакбод этади, сиҳат-саломатлик, тинч-осойишта кунлар бардавомлигини тилайди. Чунки барча ютуқларимиз асосида истиқлол турганини ёшу қари яхши англайди.

Кечаги кунимизни эсласак, собиқ иттифоқ валломатлари 90-йиллар бошида давлатимиз ҳақида “Бизсиз куни ўтмайди” қабилида муносабатда бўлгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Хўш, амалда қандай бўлди? Ўтган даврда ғалла мустақиллигига, чегараларимиз дахлсизлигига, профессионал армия ва унинг халқ билан бирдамлигига, ёнилғи-энергетика мустақиллигига тўла эришдик. Ўзимизнинг ер ости ва ер усти бойликларимиздан, ишлаб чиқариш ва интеллектуал салоҳиятимиз, куч-қудратимиздан фойдаланиб, кўпни кўрган, меҳнаткаш халқимизнинг ақл-заковати, ғайрат-шижоатига таяниб, дунёдаги шиддат билан ривожланаётган давлатлар қаторига кирдик.

- Ўтган давр муҳим бир ҳақиқатни тасдиқлаб бермоқда, - дейди педагог Одил Норов. – Фаровон ҳаётимизни, буюк келажагимизни фақат мустақиллик асосида қуриш, одамларимизни фақат мустақил сиёсат асосида рози қилишимиз мумкин. “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу ғоялар ана шу ҳақиқатнинг ҳаётдаги ифодасидир.

Қайд этиш лозим, Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила - тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” каби кенг қамровли дастурлар озод юртда ҳаёт кечираётган аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, уларнинг фаровонлиги, хавфсизлиги ва орзу-умидларини рўёбга чиқариш, шахс сифатида камолотини юксалтириш, қадр-қимматини, ҳурматини жойига қўйишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

- Яратилган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, жорий йил бошида якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият бошладим, - дейди Китоб туманилик Умринисо Ҳомидова. – Асосан миллий ҳунармандчилик, ироқи каштачилик билан шуғулланамиз. Шунингдек, трикотаж маҳсулотлари, болалар ва эркаклар кийимлари, буюртма асосида аёллар либослари тикишни ҳам йўлга қўйганмиз. 7 та тикув машинамиз бор. 4 нафар тенгдошимни иш билан таъминладим. Яқинда “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури доирасида лойиҳам маъқулланиб, 20 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олдим. Маблағни хом ашё олиш ва фаолиятимни янада кенгайтиришга сарфламоқчиман.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз ҳаётининг бирор бир жабҳаси йўқки, унда мустақилликнинг ўрни, аҳамияти ва шукуҳи сезилмаса, жамиятимизнинг бирор-бир аъзоси йўқки, унинг ҳаётида истиқлолнинг ижобий самараси, ҳаётбахш таъсири из қолдирмаган бўлса. Истиқлол берган имкониятларни вилоятимизда биргина шу йилда бажарилган ишлар мисолида кўрсак, унинг аҳамиятини янада чуқур ҳис қилмиз.

Вилоятда биргина қурилиш соҳасида дастлабки ярим йилликда 1 триллион 616 миллиард сўм миқдоридаги қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. Мазкур маблағ эвазига 1810 та арзон уй-жой, давлат идора ва ташкилотларининг хизматчилари учун 88 та, профилактика инспекторлари учун 159 та хизмат уйи, ҳарбий хизматчилар учун 120 та, ёш оилалар учун 70 та, фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари учун 30 та, миллий гвардия ҳарбий хизматчилари учун 30 та, ички ишлар ходимлари учун  90 та хонадондан иборат уй-жойлар қад ростламоқда.

Шу йил 28-29 январь кунлари Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқлари асосида қўшимча равишда яна 17 та объект қурилмоқда. Уларнинг 9 таси мактаб бўлса, 8 таси соғлиқни сақлаш муассасасидир. Қолаверса, тегишли дастурга мувофиқ яна 3 та болалар спорти иншооти қурилаётир.

Шунингдек, Қарши шаҳрида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳайкаллари  қад ростлади. Улуғ шоир номидаги махсус мактабга асос солинди. Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида Абул Мўъийн ан-Насафий зиёратгоҳида кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилади. Бу йилдан бошлаб ҳар икки йилда ўтказиладиган бу санъат байрамини муносиб кутиб олиш бўйича вилоятимизда қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Маълумотларга кўра, бундан 27 йил бурун вилоятимизда атиги 7 та енгил саноат корхонаси бўлган. 2018 йилнинг 6 ойида вилоятимизда 1578 та янги кичик корхона ва микрофирма (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) ташкил топди. Содда айтганда, бугун воҳамизда ҳар минг кишига 13,2 тадан кичик тадбиркорлик субъекти тўғри келмоқда.

- Бугун ишлаган, ҳалол меҳнат қилган одам кам бўлаётгани йўқ, - дейди чироқчилик фермер Расул Ёриев. – Илгари бир деҳқоннинг косаси оқарганини ҳеч эшитмаганмиз-да. Йўқдан бор қилса, ишбилармонлик қобилиятини рўёбга чиқарса, ўғри, муттаҳам сифатида қаматиб юборилган. Бир қарашда ақл бовар қилмайди бунга, бироқ халқимиз шу кунларни ҳам бошдан кечирди. Шунинг учун мустақилликнинг қадрига етишимиз, у берган имкониятлардан унумли фойдаланиш керак. Бизнинг Чироқчини олинг. Қисқа даврда қилинган ишлар ақлни шошириб қўяди. Буларнинг бари истиқлол шарофатидан.

Мустақиллик йилларида эришилган натижалар байрам дастурида ҳам ўз ифодасини топди. Болакайлар айтган бахт, шодлик, ёруғ келажак ҳақидаги куй-қўшиқлар билан саҳна шўх-шодон кулгига тўлди. Юрт осойишталиги учун азиз жонини аямаган мардлар ёд этилган чиқишлар барчани тўлқинлантирди. Ватан, унга содиқлик, қандай буюк юртда умргузаронлик қилаётганимизни яна бир карра ҳис қилишга ундади. Эл суйган санъаткорлар ижросидаги дилбар наволар барчага хуш кайфият, шодонлик улашди.

Амфитеатрда ҳукмрон байрам шукуҳи қалбларга кўчди. Энг улуғ, энг азиз айём тантаналари воҳамизнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: байрам тантаналаридан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo