Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Президент фармонига биноан юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларидан 26 нафари Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида Қашқадарё вилояти араб миллий маданий маркази бошқарув кенгаши аъзоси Муқумбой Мавлонович Оллобердиев ҳам бор.
Фармонга кўра, М.М.Оллобердиев мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни, турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини асраш, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарни ривожлантириш борасидаги катта хизматлари, Янги Ўзбекистоннинг тинчликсевар ва халқпарвар сиёсатини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, шунингдек, турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, юртимиз иқтисодиётини юксалтиришга қўшган муносиб ҳиссаси, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли ишлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Мукофотларни тантанали топшириш маросими мамлакатимиз пойтахтида Халқлар дўстлиги кунига бағишлаб ташкил этилган Дўстлик фестивали доирасида ўтказилди. Шунингдек, бу сана муносабати билан “Дўстлик палитраси” халқаро тасвирий санъат асарлари намойиши, “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” қардош халқлар ёзувчи ва шоирлари китоблари кўргазмаси, “Халқлар дўстлигини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг ўрни” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, фестивалда юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган, шунингдек, хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантиришда самарали натижаларга эришган бир гуруҳ ватандошларимиз ва чет эл фуқаролари, жами 150 нафар киши “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланди. “Дўстлик” видеороликлар танлови ғолиблари эътироф этилди.