Қарор ва шарҳ
Вилоятимизда тижорат банклари томонидан ажратилган кредитларнинг 10 мингдан ортиғи муаммоли кредитлар бўлиб, уларнинг умумий ҳажми қарийб 755 миллиард сўмни ташкил этади. Жорий йилнинг охиригача бундай кредитлар сонини 8 минг 285 тагача, миқдорини эса 414,5 миллиард сўмгача қисқартириш мўлжал қилинган.
Бу рақамлар халқ депутатлари вилоят Кенгашининг "Қашқадарё вилоятидаги банклар томонидан ажратилган кредитлар қайтими ҳамда мавжуд муаммоли кредит қарздорликларни ундириш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида келтирилган.
Шу ўринда эслатиш жоизки, жорий йил 20 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил учун давлат бюджетининг асосий йўналишлари ҳамда тармоқ ва ҳудудларда амалга ошириладиган вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида иқтисодиётнинг барқарор ўсиши учун кредитлар қайтимини таъминлаш ва муаммоли кредитларни қисқартириш бўйича ҳам аниқ топшириқлар берилган. Кенгашнинг ушбу қарори айнан шу йўналишдаги вазифаларни бажаришга қаратилган.
Шу йил 26 октябрь куни қабул қилинган мазкур ҳужжатга кўра, вилоятимиз ҳудудлари кесимида муаммоли кредитларнинг энг кўпи: сон жиҳатдан Қамаши (1 минг 351 та) ва Деҳқонобод (1 минг 132 та) туманлари, ҳажм жиҳатдан Қарши шаҳри (185,8 миллиард сўм) ва Қарши тумани (қарийб 140 миллиард сўм) ҳиссасига тўғри келмоқда. Банклар кесимида эса энг кўп миқдордаги муаммоли кредитлар "Асака" банки (128,4 миллиард сўм), "Агробанк" (125,9 миллиард сўм) ва "Микрокредитбанк" (98,9 миллиард сўм)да йиғилиб қолган.
Кенгаш қарорига биноан, тижорат банклари томонидан ажратилган кредитларни, шу жумладан, мавжуд муаммоли кредит қарздорликларни ундириш бўйича Қашқадарё вилояти ишчи гуруҳи таркиби (раҳбари вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Қодиров), шунингдек, ҳар бир шаҳар ва туманга бириктирилган тегишли мутасадди ташкилот раҳбарлари рўйхати тасдиқланди. Ишчи гуруҳ аъзолари орасида банк соҳаси мутасаддиларидан ташқари, вилоят прокуратураси, иқтисодий ва фуқаролик судлари, солиқ, адлия, божхона, камбағалликни қисқартириш ва бандлик, ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, мажбурий ижро бюроси, Савдо-саноат палатаси, Кадастр агентлиги вилоят бошқармаларининг масъул шахслари ҳам бор. Уларга судларга даъво аризаларини киритиш, судларнинг иш юритувида бўлган ҳужжатлар бўйича тезкор қарор қабул қилиш, мавжуд ижро варақалар ижросини жадаллаштириш, жиноят аломатлари мавжуд бўлган кредитлар бўйича таъсир чораларини қўллаш ҳамда кредитларни ундириш борасида ўзларига юклатилган бошқа вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш топширилган.
Худди шундай ишчи гуруҳлари барча шаҳар ва туманларда ҳам ташкил этилиб, уларга тегишли ҳудудларга бириктирилган мутасаддилар раҳбарлик қилиши белгиланган.
Ҳужжатга мувофиқ вилоятимизда жорий йил якунига қадар ҳамда 2024 йилда кредитларни сўндириш графиклари ҳам тасдиқланди. Уларга кўра, жорий йилнинг охирги чорагида тижорат банкларининг сал кам 1,7 триллион сўм, 2024 йил давомида эса 7,8 триллион сўм ҳажмдаги кредитлари сўндирилиши зарур.
Кенгашнинг мазкур қарори билан бир қатор вилоят ташкилотлари зиммасига аниқ вазифалар юклатилди. Масалан, Марказий банк вилоят бош бошқармаси тижорат банклари билан биргаликда ҳар бир банк томонидан ажратилган кредитларни сўндириш бўйича тармоқ жадвалларини тасдиқлаб, муддати ўтган қарздорликларни ундириш мақсадида ҳар бир қарздор билан индивидуал ишларни ташкил этиши, кредит қайтарилиши ва муаммога айланишида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, ҳужжатларни ва расмийлаштирилган маълумотларни вилоят прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиб бориши даркор.
Айни пайтда камбағалликни қисқартириш ва бандлик ҳамда Марказий банк вилоят бош бошқармалари, шунингдек, вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси тижорат банклари билан биргаликда кредит маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушишини таъминласин ва лойиҳалар доирасида вужудга келган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриши шарт.
Амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар ойда халқ депутатлари вилоят Кенгашига ҳисобот бериб борилиши назарда тутилган.
Ўз мухбиримиз