Мусулмонларнинг севимли ва асосий байрамларидан бири бўлган ушбу айём вилоятимизда ҳам эзгулик, хайру саховат руҳида, катта кўтаринкилик билан нишонланди. Шу куни эрта тонгдан кўнгилларига эзгу ниятларни жо этган ватандошларимиз ҳайит ибодатини адо этиш мақсадида масжидларга шошилишди ва жомеъ масжидларида ҳайит намозларини эмин-эркин адо этишди. Дуога қўл очган биродарларимиз Аллоҳдан юртимиз тинч-осойишта, фарзандларимиз имон-эътиқодли, дустурхонларимиз тўкин-сочин бўлишини сўрашди. Шундай муаззам кунларнинг қадри бўлакчалигини таъкидлаб, шу кунларга етказгани учун Аллоҳга шукрона келтиришди.
Аллоҳга беадад шукурлар бўлсинки, мустақиллик шарофати билан шукроналик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларимиз тобора мустаҳкамланиб бораяпти. Диёримиз кундан-кунга чирой очиб, ҳаётимиз тобора фаровонлашмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимизда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари кўлами сезиларли даражада ошмоқда.
Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, ойларнинг султони бўлган Рамазон ойи ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтди, ҳар қачонгидан файз-футуҳли, шукуҳли, баракотли бўлди. Юртдошларимиз холис ният билан Исломнинг беш рукнидан бири бўлган Рамазон рўзасини тутишди. Масжидларимиз намозхонлар билан янада гавжумлашди. Қуръон хатмлари қалбларимиздаги ғуборларни ювиб, ихлосимизни янада оширди. Юртдошларимизнинг саховатлари, меҳр-мурувватлари бу муборак ойда янада ошди. Моли нисобга етганлар закотларини чиқариб, Аллоҳ буюрган ўринларга, етим-есирлар, боқувчисини йўқотган қариялар, кам таъминланган оилалар, меҳрибонлик уйлари ҳамда эҳтиёжмандларга тарқатдилар.
Юртдошларимиз Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлишса, ҳайит байрамини ундан-да аълороқ, ундан-да файзлироқ қилиб нишонлашди. Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга хушнудлик, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлашдир.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўзларининг ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар: “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир”.
Ҳақ таолога беадад шукроналар бўлсинки, буюк истиқлол шарофати ила юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчлик неъматининг қадрига етмоғимиз, уни асраб-авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки бу дориломон кунларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: “Агар (берган неъматларимга) шукур қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...”.
Бизлар ҳам берилган неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароит ва ғамхўрликларни Аллоҳнинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукур қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукур қилмабди”.
Яратганга шукурки, буюк фарз амали Рамазон ойи рўзасидан сўнг, Аллоҳнинг тавфиқи билан диёримизга кириб келган муборак Рамазон ҳайити барчамиз учун шодлик ва хуррамлик айёмига айланди. Шундай қутлуғ кунда юртдошларимиз унинг шукрини адо этиш учун ота-оналари, қавму қариндошлари зиёратига боришди, уларнинг дуоларини олишди. Бетоб, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабар олиниб, ёрдамга муҳтож кишиларга хайр-саховат кўрсатилди, барча бир-бирини ҳайит билан муборакбод этиб, эски гина-кудуратлар унутилди. Айтиш жоизки, силаи раҳм ва инсоний фазилатларни ошириш эвазига Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиш мумкин. Бунга интилиш байрам кунлари ҳар бир мусулмон амалларида ўз ифодасини топди.
Раҳматилло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби