Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
13 июль, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

20.06.2024


Муборак ИЭМ қуввати 10 баравар ошади

Инвестиция лойиҳалари

Бугунги кунда "Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамияти таркибидаги Муборак иссиқлик электр марказининг лойиҳа қуввати соатига 60 мегаваттни ташкил этса, яқин 3-4 йил ичида мазкур кўрсаткич 10 баравар ошиши кутилмоқда.

Муборак ИЭМ раҳбари Комил Хайруллаев "O'zbekiston 24" телеканалига берган интервьюсида айтганидек, яқин келажакда мазкур корхонада янги тежамкор ускуналарни ишга тушириш орқали камида 300 мегаватт-соат қувватга эга янги блоклар барпо этилади ва истеъмолчиларга бир йилда етказиб бериладиган электр энергияси миқдори 1,9 миллиард киловатт-соатга оширилиб, шунинг ҳисобидан 134 миллион куб метр табиий газ тежаш имкони яратилади.

Иссиқлик электр маркази мутахассисларининг таҳририятимизга маълум қилишича, "Муборак ИЭСни кенгайтириш" лойиҳаси доирасида корхонада Хитой ва Туркия компаниялари консорциуми томонидан иккита замонавий буғ-газ қурилмаси бунёд этилади. Улардан ҳар бирининг қуввати 163 мегаваттни ташкил этиб, иккаласи бир соатда 326 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқаради. Буғ-газ қурилмаларини барпо қилиш жараёнида дунёга машҳур "Siemens" компаниясининг 2 та энергосамарадор газ турбинасини ўрнатиш ҳам режалаштирилган.

Шу ўринда эслатиш жоизки, мамлакатимиз раҳбарининг ўтган йил 2-3 май кунлари Германия Федератив Республикасига ташрифи давомида ўтказилган Германия-Ўзбекистон бизнес форуми доирасида "Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамияти ва "Siemens Energy" компанияси ўртасида умумий миқдори 72 миллион еврога тенг шартнома имзоланган. Унга асосан "Siemens Energy" компанияси томонидан юртимиздаги иккита объект учун жами 4 та, шу жумладан, Муборак иссиқлик электр маркази учун ҳар бирининг қуввати 54 МВтга тенг бўлган иккита газ турбинасини ишлаб чиқариш ва етказиб бериб ўрнатиш назарда тутилган. Шунингдек, Муборак ИЭМнинг янги буғ-газ қурилмалари учун замонавий буғ турбиналари, утилизация қозонлари ҳамда бошқа зарур асбоб-ускуна ва технологик жиҳозлар келтирилади. Эътиборлиси, ушбу лойиҳа асосан Хитой ва Туркия компаниялари консорциумининг ўз  маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, уни сармоя билан таъминлашга Осмоности мамлакатининг молия ташкилотларидан бирини ҳам жалб қилиш мўлжалланмоқда.

- Режага кўра, иккита буғ-газ қурилмасини барпо этиш орқали марказимизни кенгайтириш лойиҳаси 2027 йилда ниҳоясига етказилади, - дейди Муборак ИЭМ директори ўринбосари Турдибек Алиев. - Унга қадар, аниқроғи, 2025 йилда айнан шу Хитой ва Туркия компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда 360 гектар майдонда соатига 240 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш мақсад қилинган.

Ҳисоб-китобларга қараганда, Муборак ИЭМ тасарруфида йирик қуёш фотоэлектр станцияси бунёд этилиши натижасида йилига 470 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 94 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади.

Таъкидлаш ўринлики, Муборак газни қайта ишлаш заводи ва ҳудуддаги бошқа саноат корхоналарини энергия билан таъминлайдиган Муборак ИЭМ соатига 60 мегаватт электр энергияси ва 378 гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонада ўтган йил ёзда қуввати 1,2 мегаваттга тенг фотоэлектр станцияси ишга туширилиб, унда ҳосил қилинадиган электр энергияси корхонанинг ўз эҳтиёжлари учун ишлатилади.

Айрим маълумотларга кўра, Муборак ИЭМда 240 мегаваттли қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасига 195 миллион доллар, иккита буғ-газ қурилмасини барпо этишга эса 462,2 миллион доллар йўналтирилади. Уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида марказнинг электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати соатига 600 мегаваттдан ошади. Бу эса ҳудудда турли соҳаларда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларни электр қуввати билан ишончли таъминлаш имконини беради.

Ўз мухбиримиз

Report typo