Тарих ва биз
Маълумки, халқ оғзаки ижодида Хўжа Рушноий номи учрайди. Ривоятларга кўра, у жувозкашларнинг пири бўлиб, ёғ ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Ёруғлик, рўшнолик, хайрли амаллар тимсоли сифатида қадимдан қадрланади. Шунданми, юртимизда Хўжа Рушноий номи билан боғлиқ қадимий манзилгоҳлар, зиёратгоҳлар, мақбара ва масжидлар, қишлоқ ва маҳаллалар жуда кўп.
Муборак туманида ҳам Хўжа Рушноий номли қабристон ва унинг яқинида шу номдаги масжид бор. Эътиборли жиҳати, Самарқанд археология институти иккинчи босқич доктаранти Дилмурод Омонов бошчилигидаги илмий экспедиция аъзолари ана шу масжиднинг орқа томонидан ўрта асрларга оид қадимий қишлоқ харобаларини топишди. Ўзига хос жиҳатларидан бири, бу ерда деворлар лой гувала (юмаловланган лой бўлаги)дан қурилган экан.
- Қазишмалар жараёнида қишлоқнинг XIII-XIV асрларга тааллуқли эканини тасдиқловчи кўплаб тангалар, уй-рўзғор буюмлари топилди, - дейди институт илмий ходими Санжар Абдураҳимов. - Топилган қаламдонлар, уй хоналарининг қурилиши бу ерда тартибли ва зиёли одамлар кўп бўлганидан дарак беради.
Айни пайтда археологлар қазишма ишларини давом эттиришмоқда. Шундан сўнг барча топилмалар ўрганилиб, тўлиқ илмий хулосага келинади.
Собир НАРЗИЕВ
Муаллиф олган суратлар.