"NTCS EXTRUSION GROUP" (Россия-Англия) хорижий корхонаси Муборак туманига 53 миллион доллар инвестиция киритди.
Ушбу инвестиция ҳисобига қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланиладиган, бу борада АҚШ, Канада, Германия ва Эрон давлатлари етакчи саналадиган минерал ўғит (серабентонит, серакарбомид, сераводород) ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Натижада 200 та янги иш ўрни яратилади.
Корхона томонидан лойиҳани амалга ошириш учун тумандаги Кончилар маҳалласи саноат зонаси ҳудудида жойлашган, "Ўзагрокимёҳимоя" АЖга қарашли омборхона биноси сотиб олинган бўлиб, ҳозирда лойиҳанинг қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Туман ҳокимлигидан билдиришларича, ҳозирда 53 миллион доллар миқдоридаги ускуналар Муборакка келтириб бўлинган. Лойиҳани қисқа муддатларда ишга тушириш мўлжалланмоқда.
Мазкур лойиҳа ишга туширилгач, йилига 10 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи, 34 миллион долларлик экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш имкони яратилади.