- Муддатли ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган тест саволларининг умумий сони 100 тани ташкил этади, - дейди Давлат тест маркази Қашқадарё вилояти бўйича доимий вакили Аъзам Имомов. - Шундан 40 таси жанговар тайёргарлик, 20 таси маънавий-маърифий тайёргарлик йўналишлари бўйича. Жорий йилги имтиҳонларга математика ва физика фанлари бўйича 10 тадан тест саволлари киритилди. Қолган 20 таси мантиқий саволлардир.
Ушбу тест синовида юқори балл тўплаган ҳамда хизмат давомида ҳар томонлама ўзини кўрсатган муддатли ҳарбий хизматчиларга ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаси берилади. Шу боис синов аскарлар учун янада масъулиятли кечди.
– Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманиданман, - дейди муддатли ҳарбий хизматчи Умиджон Эргашев. – Бир йил давомида ҳам руҳий, ҳам жисмоний жиҳатдан чиниқдим. Қолаверса, командирларимиздан жуда кўп нарсаларни ўргандик. Албатта, олган билимларим бугунги синовда қўл келди, деб ўйлайман. Натижам яхши бўлишига ишонмоқдаман.
Маълумки, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган фуқаролар мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларига киришда тест имтиҳонларида тўплаган баллининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлади. Номзодлар бундай тавсияномани олиш учун жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик, ҳарбий интизом ва тест синовлари натижалари бўйича энг кўп балл тўплаши зарур.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратда: тест синовидан лавҳа.
Саҳифа суратларини Собир НАРЗИЕВ олган.