Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

26.01.2017


МУКАММАЛ ҚОНУНЛАР — ДЕМОКРАТИК ДАВЛАТ АСОСИ

ЁШЛАР - УМИД ВА ИШОНЧИМИЗДИР

Хусусан, ялпи мажлисда маъқулланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун 4 та боб, 33 моддадан иборат бўлиб, унинг мақсади ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат. Қонунда умумий қоидалар, ёшларга оид давлат  сиёсатини рўёбга чиқаришни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи органлар ва муассасалар доираси, мазкур органларнинг ваколатлари, ёшларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва ижтимоий асослари белгиланган.

Мазкур қонуннинг 3-моддасида қайд қилинганидек, ёшлар деганда ўн тўрт ёшга тўлиб, ўттиз ёшдан ошмаганларни, ёш оила деганда ўттиз ёшдан ошмаган эр-хотиндан иборат бўлган оилани, ёш мутахассис деганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини битирган, ишлаётганига кўпи билан уч йил бўлган ўттиз ёшдан ошмаган ходимни тушуниш керак. Ёшларга оид давлат сиёсати давлат дастурлари ва бошқа дастурлар асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёшларга оид давлат сиёсатининг рўёбга чиқарилишини таъминлайди. Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, меҳнат, прокуратура, ички ишлар, адлия ва мудофаа ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда иштирок этувчи органлар ҳисобланади.

Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳаёти ва соғлигини сақлаш, уларни инсонийлик, ватанпарварлик ва қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, терроризм, диний экстремизм ва зўравонлик ғояларидан ҳимоя қилиш, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшлар спортини оммавий ривожлантириш, ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборат.

Қонунда ёшлар учун қўшимча кафолатлар белгиланди. Жумладан, бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълимини олиш, таълим муассасаларида ўқиш учун имтиёзли кредитлар олиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, чин етимларни турар жойлар билан таъминлаш шулар жумласидан.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ёшлар тадбиркорлиги давлат томонидан қўллаб-қувватланишининг белгиланиши муҳим аҳамиятга моликдир. Қонунда уларга имтиёзли кредитлар бериш, тадбиркорликка ўқитиш, дастурлар ишлаб чиқиш, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасида шартномалар тузиш назарда тутилган. Шунингдек, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари тартибга солиниб, булар мукофотлар, стипендиялар белгилаш, таълим грантларини тақдим этиш, фан, маданият ва саънат соҳасида ижодий устахоналар ва мактабларни ташкил этишга кўмаклашиш, спорт секциялари фаолиятини ташкил этиш орқали амалга оширилади.

Мазкур қонун қабул қилиниши муносабати билан 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларининг айрим нормалари ўз кучини йўқотди.

ШАХС ЭРКИНЛИГИ ВА ҲУҚУҚИНИ ТАЪМИНЛАШ – ЭНГ МУҲИМ ВАЗИФА

8 боб, 49 моддадан иборат “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида давлатимизда ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солиб турувчи 94 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, АҚШ, Буюк Британия, Россия, Германия, Франция каби давлатларнинг бу борадаги фаолияти ўрганилди, таҳлил қилинди ва хулосалар чиқарилди.

Мазкур қонунни қабул қилишдан кўзланган мақсад Ўзбекистон       Республикаси ички ишлар органларининг фаолияти тартибга солинишини янада яхшилаш ва ушбу органлар фаолиятини қонун йўли билан тартибга солишда мавжуд бўлган ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришдир. Қонуннинг 2-моддасида қайд қилинганидек, ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат.

Қонунда ички ишлар органларига хизматга қабул қилишнинг умумий шартлари ва уни ўташ тартиби белгиланди. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан жисмоний куч, махсус воситалар ва ўқотар қурол ишлатиш тартиби ҳамда шартлари ҳам белгилаб берилди.

Қонуннинг 26-моддасида қайд қилинганидек, ёши ўн саккизга тўлган ва ўттиздан катта бўлмаган тегишли маълумотга эга бўлган, ўзининг шахсий ва ишчанлик сифатлари, соғлигининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ички ишлар органлари ходимининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ички ишлар органларидаги хизматга ихтиёрий тартибда, танлов асосида қабул қилинади. Ички ишлар органларида хизмат қилаётган, махсус унвон берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ички ишлар органларининг ходими ҳисобланади.

Ички ишлар органлари ходимларининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш масаласи ҳам қонунда ўз ифодасини топди. Улар давлат органи вакили сифатида иш юритади ва давлат ҳимояси остида бўлади. Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш тадбирлари сирасига ИИВ тиббиёт муассасаларида бепул тиббий ёрдам кўрсатиш, хизмат вазифаларини ижро этиш муносабати билан ходимнинг мулкига етказилган зарар ўрнини қоплаш, транспортнинг барча турлари учун навбатдан ташқари сафар чипталарини харид қилиш, шахсий транспортидан хизмат мақсадларида фойдаланганлиги учун пул товони тўлаш, пенсия таъминоти каби масалалар киритилган.

Қонунда белгиланганидек, ички ишлар органлари ходимлари махсус унвонларига қараб, яъни подполковникка қадар эллик ёшгача, полковниклар эллик беш ёшга қадар ва  генераллар олтмиш ёшга тўлгунига қадар ички ишлар органларида хизматда бўлади.

Қонуннинг 46-моддасида ички ишлар органи ходимининг жавобгарлик масаласи ҳам аниқ белгилаб қўйилди. Улар ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, шунингдек, хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги учун қонунга мувофиқ жавобгар бўлади. Ички ишлар органларининг интизом устави Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Ички ишлар органи ходимининг фаолиятидан норози бўлган жисмоний ёки юридик шахс юқори турувчи ички ишлар органига, прокурорга ёхуд судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш, шахс эркинлиги, қонун устуворлиги ва адолатни    таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

ТАБИАТНИ АСРАШ - КЕЛАЖАКНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШДИР

“Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун 6 боб, 53 моддадан иборат бўлиб, қонуннинг мақсади ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонунга мувофиқ ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасини тартибга солиш, мазкур соҳада давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамаси ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролар ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлашда иштирок этадилар ва кўмаклашадилар.

Қонунда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш нормалари белгиланган бўлиб, унга ҳайвонот дунёси объектларини ҳисобга олиш ва ҳайвонот дунёсининг давлат кадастри, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи     остида турган ёввойи ҳайвонлар турларининг Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилиши, ёввойи ҳайвонларни давлатимизга олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби кабилар киритилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жисмоний ва юридик шахслар ҳар қандай турдаги хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида ёввойи ҳайвонлар нобуд бўлишининг олдини олиш чораларини кўриши шарт. Барча турдаги қурилишлар учун ер участкалари танлашда давлат экологик экспертизаси ўтказилиши лозим.

Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Қонунда зоология коллекцияси деган тушунча мавжуд бўлиб, бунда ёввойи ҳайвонларнинг илмий, маърифий ва эстетик аҳамиятга молик жонсиз экспонатлари тўплами, ярим эркин шароитда сақланаётган ёввойи ҳайвонларнинг тирик коллекцияларини тушуниш  керак. Зоология коллекциялар ташкил қилишга Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб асосида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар бўйича йўл қўйилади.

Ёввойи ҳайвонлар ғайриқонуний тутилганда, тутиш қуроллари, воситалари ва транспортлар олиб қўйилиши ёки мусодара қилиниши мумкин.

Қонунга мувофиқ, эндиликда Фанлар академияси ҳайвонот дунёсининг давлат кадастри ва Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби юритилишини илмий жиҳатдан таъминлашни амалга оширади, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги илмий йўналишларни белгилайди, илмий тадқиқот дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Қонунда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни, шунингдек, ёввойи ҳайвонлар яшаш муҳитининг муҳофаза қилинишини ҳамда ҳолати яхшиланишини таъминлаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ рағбатлантирилиши мумкинлиги белгилангани ҳам бу борадаги ишларнинг самарадорлигини ва таъсирчанлигини янада оширишга хизмат қилади.

Умуман олганда, Сенатнинг икки кун давом этган мажлисида 10 та масала, шу жумладан, демократик ислоҳотларни босқичма-босқич  чуқурлаштиришга ва фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган 6 та қонун кўриб чиқилди. Хусусан, юқорида келтирилган қонунлар билан бирга, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрири, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди ва амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Мазкур қонунларнинг рўёбга чиқарилиши эса мамлакатимизда аҳоли турмуш даражасини янада оширишнинг, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашнинг кучли омили бўлиб хизмат қилади.

Абдишукур ОМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Report typo