Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Нуриддин ЭГАМОВ

27.06.2018


“МУХБИРЧА ПАЛОВ” САБОҒИ

“MMF” – “ОШ”

Оббо укам-ей, шунақа денг? “Қашқадарё” газетасига шунча мақола оббордим, биттасини ҳам беришмади”, дейсизми? Бундай хом мақолани беришмайди-да. У ер – улуғ даргоҳ, “олтин қалам”ли, катта ижодий мактаб. Қандай улуғ устозлар ишлашмаган. Бир гап айтаман, ишонаверинг – пойтахтдаги нуфузли нашрлар ва телеканалларда ишлаб юрган қашқадарёлик таниқли журналистларнинг кўпчилиги мана шу “қозонда қайнаган”.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ботир Темиров ҳам мана шу мактабнинг уста мураббийларидан. Мен мақола ёзишни палов тайёрлашга ўхшатаман, Ботир ака эса...  Таҳририят қошида ташкил этилган “Журналистик маҳорат мактаби”да ёшларга бирга дарс бериб юрган кезларимизда у “MMF” деган формула кашф қилганди. “Мукаммал мақола формуласи” деб аталадиган бу соддагина “кашфиёт” семиз-семиз назарий китоблардаги узундан-узоқ қоидалардан фарқли ўлароқ соҳага ҳавасманд ёшларга сабоқ беришда жуда қўл келганди бизга...

Шундай қилиб, укажон, ёндафтарингга Ботир аканинг ўша формуласини (рецептини) тўлиқ ёзамиз: MMF=DSV+VEF+ETS+JT+JP…

Нима-нима? Ҳеч ҳам мураккаб жойи йўқ-да. Шошилмай турсангиз, “қозон устида” ўзимизнинг “ош”имизга қиёслаб, бирма-бир шарҳлаймиз. Чойдан қуйинг...

DSV- “ГУРУЧ”

Хўш, дастлаб “гуруч”нинг тошини териб, ювиб оламиз...

Аввало яхшилаб кўздан кечиринг – “гуруч”ингиз “девзира”ми, “сечка”ми? Сув кўтарадими-йўқми? Курмаги кўп эмасми?..     

Хуллас, DSV – бу “DIQQATGA SAZOVOR VOQEA” дегани.

Шоир айтганидек, шеър деганлари оёқ остида ағанашиб ётган тойчоқларга ўхшайди, “қани, тур, кетдик” десанг бас. Шу каби диққатга сазовор воқеа ҳам ҳар қадамда учрайди. Айниқса, бугун... Кўзимизни каттароқ очсак - бўлди.

Бир замонлар биргина звенонинг пахта режасини бажариши, қайсидир бригаданинг пайкални кўллатиб юборгани, қайсидир корхона ишчисининг мажбуриятини ошириб бажаргани  матбуот, радио ёки ТВда оламшумул воқеа деб талқин этиларди. Шу боис ҳам газеталар саҳифаларини бир-бирига эгизакдай ўхшайдиган “барабан” мақолалар босиб  кетганди.

Эсимда, ўша пайтларда урф бўлган мавзуда - илғор хўжалик раиси ҳақида очерк ёзган кекса журналистларимиздан бири уни ярим тунда ўрнидан туриб, ташқарига айланиб келгач, хотинига об-ҳавонинг авзойи ёмонлигидан, далада пахта қолиб кетаётганлигидан шикоят қилган ҳолда тасвирлабди. Ёшлик – ғўрлик экан-да, билиб-билмасдан устозга қалтисроқ савол бериб юборибман: “Шу гапларингизга ўзингиз ишонасизми? Раиснинг ярим тунда хотинига айтган гапини қаердан эшитдингиз? Ўша пайтда сиз қаерда эдингиз – хонтахтанинг тагидами?”.

Бизда “чайналган” мавзу” деган бир ибора бор. Қайсидир йиллар матбуотда Орол мавзусини роса “чайнашди” – бироқ шўрлик денгизга бундан бир қатра наф бўлмади. “Қайта қуриш”, “жадаллаштириш”, ҳатто тил роса  “чайналди”...

Кейин ўзимиз ҳам “мустақиллик шарофати билан”,  дея анча чайналдик. Воқеликни кекса ҳамкасбим сингари “хонтахта тагида” кузатдик. Мавзулар эса оёқ остида “тойчоқдай ағанаб, кишнаб” ётаверди.

Бугун давр ўзгараяпти. Мавзулар ҳам... “Тойчоғу тулпорлар” ҳам... Энди уларни тезроқ жиловлаб, миниб олмасак, замонанинг шиддатига етиб бўлмай қолди. Чунки энди мавзуларга, диққатга сазовор воқеаларга бошқачароқ ёндашилаяпти. Кечагина биргина раиснинг шаънига ўйланиброқ нордон гап айтадиган ҳамкасбларимиз энди журъат билан бемалол вазирлардан тортиб прокурорларгача танқид нишонига олишаяпти. Ҳаққоний, холис гапни айтишса, қандини урсин.

 Фақат интернет нашрларида воқеа деб ўлмаганни ўлдига, юрмаганни юрдига чиқаришаётгани ёмон-да... Сиз ҳам шунақа мавзу танлаб юрманг...

Шундоқ қилиб, яхши мухбир мавзуни йўрғалатиб, “гуруч”ни ўрмалатиб юбориши керак, укам.

VEF – “САБЗИ”

Энди “сабзи” тўғраймиз.

VEF – бу “VAKOLATLI EKSPERTLAR FIKRI” демакдир. Танлаб олган мавзумиз юзасидан фикр, мулоҳаза, муносабат, далил, маълумот бера олувчи кишилар ваколатли экспертлардир.

Сабзини артиб туринг, мен бир воқеани айтиб бераман. “Қашқадарё”га янги ишга кирган кезларим бир мақоланинг маълумотларини чалароқ олган эканман. Тўғриси, маълумот берадиган масъул раҳбарнинг ёнига боришга эриниб, ўша жойини “андавалаб” юборгандим,  бош муҳаррир Бўри Норқобилов сезиб қолди. Нима қилди денг?! Уришмади, дакки бермади. Бир ривоят айтиб берди, холос.

Эмишки, бир бойнинг икки хизматкори бўлган экан. Биринчисига ўн танга, иккинчисига бир танга маош берар экан. Бир танга оладигани бир куни бойга шикоят қилиб, бир хил ишни бажаришса-да, шериги ундан ўн карра кўпроқ ҳақ олишини тушунмаётганини айтибди. Бой жавоб ўрнига унга “Кўчага чиқиб қара-чи, нима шовқин экан?”, деб иш буюрибди.

Хизматкор қайтиб келиб, кўчага савдогарлар келганини айтибди. Бой “қаердан экан?”, деб сўрабди. Хизматкор яна кўчага чиқиб келиб, “Арабистондан экан”, деб айтибди. “Нима сотишаяпти экан?”, дея сўрабди бой. Хизматкор яна кўчага чиқиб келибди: “Мато экан”. Бой сўрабди: “Буғдойга алишмас эканларми?”. Хизматкор яна кўчага югурибди...

Охири бой ўн танга оладиган хизматкорини чақириб, унга ҳам бояги юмушни буюрибди. Хизматкор бир боришнинг ўзида бойга савдогарлар қаердан келганию қаёққа кетаётгани, нима сотаётганию нима олаётгани ҳақида тўлиқ маълумот келтирибди...

Бу ривоятни кейин ҳам кўп эшитдим. Чала иш қилган пайтларим бўлдими, устозим секингина “Бир бойнинг икки хизматкори бор экан...”, деб қўярдилар. Шундан сўнггина мақола учун мавзуга доир маълумотлар жамлаётганимда соҳага алоқадор ўнлаб одамларнинг фикрига, маслаҳатига, маълумотига таянишни одат қилдим.

Журналист ҳамма соҳани ҳам ипидан игнасигача билаверадиган “гений” эмас. У мақоласида ўзича донолик қилаверса, “қовун тушириб” қўйиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам у муайян мавзу юзасидан ёзаётганида “чумчуқ сўйса ҳам...” қабилида иш юритмоғи зарур.

Хўш, укам, сабзини тўғраб бўлдингизми?

ETS – “ГЎШТ”

Энди бир “ёндафтар”ингиздаги формулага қараб юборинг-чи, навбатдагиси нима экан? Ҳа, бу -  энг асосий унсурлардан бири. Гўштсиз ош ош бўладими? Думбаликкина қўй гўштию  қази-қарта бўлмаса, оҳ-оҳ, қулинг ўргилсин палов пишармиди?

ETS – бу “E`TIBORNI TORTADIGAN SARLAVHA” демакдир. Бизда “сарлавҳа - ярим мақола”, деган гап бор. Шунча яхши мақола ёзинг, сарлавҳаси ўхшовсиз бўлса, биров ўқимайди.

Эсимга бир ҳангома тушиб кетди. Кимлигини айтиб ўтирмай, бир куни таҳририятда кекса журналист билан ёш мухбир тортишиб қолишди. Аралашишга тўғри келди. Ёш мухбирнинг айтишича, газетанинг тўртинчи бетидаги сарлавҳа олтинчи бетдаги билан бир хил бўлиб қолибди. Иккаласи ҳам “Ибрат” экан. У кекса мухбирдан мақоласи сарлавҳасини ўзгартириб беришини сўраётган экан. “Нега энди мен ўзгартирар эканман? – тутақиб кетди кекса мухбир. - Сен ўзингникини ўзгартир. Мен бу сарлавҳани ўттиз йилдан бери ишлатаман...”.

Очиғи, шунақа “штамп” бўлиб қолган сарлавҳалар ўқувчининг меъдасига тегади. Таъбир жоиз бўлса, таомнинг рангига қарабоқ иштаҳаси бўғилади.

Бир куни таҳририятдаги ёш ходимлардан бири “Вилоятда паррандачилик қачон ривожланади?”, деган мақола тайёрлади. Аммо у бош муҳаррирдан ўтмади. Ёш мухбир тепасига қизил ручкада каттакон сўроқ қўйилган мақоласини менга кўтариб келди. Ёрдам сўради. Ўқиб кўрсам,  жуда яхши ёзилган. Фақат...  “гўшти пишмаган” экан.

- “Жўжани кузда санаймиз”, деган ибора бор халқимизда, - дедим муаллифга. - Шунга ишора қилиб “Жўжани баҳорда санасак-чи?!”, деб сарлавҳа қўйинг, ўзингиз қўйган сарлавҳани эса “подзаголовка” (тагсарлавҳа)га айлантиринг. Вассалом...

Бош муҳаррир эртаси куни ўша мақолани “летучка”да роса мақтади...

JT – “ЁҒ”

Дўкон тўла заводда ишлаб чиқарилган, сифати кафолатланган ёғу, сиз нима қилиб жувознинг қўлбола сассиқ мойини кўтариб юрибсиз, ука?

JT деганлари ҳам бу паловхонтўранинг ёғидай нарса. Яъни “JONLI TIL” демак. Ҳа, мақоланинг тили жонли, халқона, самимий, кези келганда жайдарию деҳқонча бўлса, у одамга мойдай ёқади. Тил деганларининг бураб ташланганидан, эзмаланганидан, аччиқ ичакдай чўзилганию, жимжимадор қилиб  бузилганидан асрасин.

Эътибор берганмисиз, ҳозир радиода, ТВда айрим мухбирлар бирон корхонага шунчаки боришмайди, балки “ташриф буюришади”. Гўё уларнинг ташрифлари кутиб олувчиларга шараф бағишлаётгандай. Бирон тадбирга шунчаки таклиф этиб қўя қолишмайди, “лутфан ташриф буюришингиз”ни сўрашади. Гўё Сиз аслида ўша тадбирга таклиф этилишга арзимайсизу, лутфу марҳамат кўрсатиб чақиришаяпти. Сухандонларимизнинг айтишларича, қўшиқ эфирда шунчаки янграмайди, балки “жаранг сочади”. Шунчаки раҳмат айтишга тиллари айланмайди уларнинг, “ташаккурларимиз изҳори”, дея айюҳаннос солишади. Раҳматли Абдулла Қаҳҳор тирилиб келганида уларнинг ҳар гапидан сўнг ҳуштак   чалармиди?! Машҳур фильмда Иван Васильевичнинг гапи ёдингиздами: “Одамга ўхшаб гапирсанг, тушунаман-да...”.

Бир куни масъул котиб ҳокимликда ўтган муҳим тадбирдан қайтган ходимга эллик йўл, яъни           А4 ҳажмли қоғозда ярим   бет ахборот ёзишни тайинлади. Вақт алламаҳал бўлиб қолган, аллақачан тайёр бўлиб қолаёзган газета саҳифаларининг бузилишидан хуноб бўлган навбатчию саҳифаловчилар бир уйқуни олиб бўлишди ҳамки, “эллик йўл”лик ахборотдан дарак йўқ. Бир маҳал котибиятга кириб келган  мухбир опамиз стол устига бир неча варақлик “оргинал”ни қўйиб, эснаганича  деди:

- Укажон, узр, саҳифа бўлиб кетди...

Ўша ҳамкасбимиз анча меҳнаткаш, сермаҳсул эдию, ҳамиша тилининг жимжималарию, жумлаларининг узунлигидан панд еб юрарди. Роса икки бетда ҳам нуқтаси топилмайдиган бир жумласидан нақ ўнта гап ясаса бўларди. Бугун унинг  лўндалик талаб этиладиган интернет нашрларида ишлашини тасаввур қила оласизми?

“Шап-шап” дегунча “шафтоли” деганга нима етсин!

JP – “ТУЗ ВА ЗИРАВОРЛАР”

Хўш, укам, “мухбирча палов”имизга нима етмаяпти энди?

Ҳа, яшанг. Туз керак, зира-зарчава, қалампир...

JP ҳам мақолада худди ана шундай вазифани бажаради. Усиз мақоланинг тузи бўлмайди, таъми бўлмайди.

JP – бу “JURNALIST POZITSIYASI” демак.

“Ота” деган бир хорижий фильм бор. Камбағал ота фарзандига сунъий юрак қўйдириш учун касалхонадаги кишиларни гаровга олади. Ҳамма изтиробда, ҳамма таҳликада. Ичкаридаги назорат камерасига уланишга эришган “саккизинчи канал” телебошловчисининг гапини қаранг: “Энди мен машҳур бўпкетаман!”. Бу ҳам позициями?

Артур Хейлининг “Оқшом хабарлари” деган асари бор. Унда машҳур телеканал янгиликлар дастури бошловчисининг оиласини қаттол гангстерлар ўғирлаб кетишади. Бошловчи изтиробда, оиласидан хавотирда. Унинг совуққон ҳамкасблари эса бу қайноқ янгиликни рақобатчи телеканалдан олдинроқ эфирга узатиш ҳаракатида... “Қассобга мой қайғу...” Шуми позиция?

Асло! Бизнинг позициямиз  аниқ - ҳалоллик, холислик, ҳаққонийлик!

Кимгадир нохолис ён боссак, ялтоқлансак, кимгадир ноўрин тиш қайрасак, тош отсак ёхуд шуҳрат қозониш илинжида инсофдан чекинсак - эл кўриб турибди, дарров баҳомизни беради. Бизни эшитмай қўяди, бизни ўқимай қўяди, бизга ишонмай қўяди...

Ялтироқ гапларни тўйдаги бачкана ўртакаш ҳам айтаверади. Журналистнинг эса тиши бўлиши керак, укажон! Кези келганда ниши, найзаси бўлиши зарур! Сўзининг юки, салмоғи бўлиши лозим!

“Сўзингни авайла, омондир бошинг”, дея лутф этади Юсуф Хос Ҳожиб.

Сўз – ибтидо, сўз – интиҳо. Сўз – неъмат, сўз – бидъат. Сўз – малҳам, сўз – заққум.

Сўз – ҳикмат, сўз – иллат. Сўз - маърифат, сўз - жаҳолат. Сўз – ғоя, сўз – қурол...

Мана шундай нозик иш қуролимиз бор бизнинг. Позициямиз ҳам шунга яраша бўлмоғи зарур.

Энди кўзларимга тик қараб туриб айтинг-чи, укажон, сиз нега шу касбни танладингиз?

Амалдорлар сесканиб тургани учунми?

Борган жойимда ҳамиша қучоқ очиб, кутиб олишади, зиёфат билан сийлашади, деб ўйлайсизми?

Даромади, “тушум”и зўрми? Ё обрўсими?

Кези келганида биргина мақоланинг изидан тоғма-тоғ, чўлма-чўл... судма-суд юришга тайёрмисиз?

Тўғри сўзнинг тўқмоғига-чи?

Шу саволларга жавоб бера олсангизгина, касбий позициянгиз шакллана бошлайди, укажон!

Сўзингизнинг ҳам тузи бўлади!

P.S. YH ёхуд СЎНГСИЗ СЎНГСЎЗ

Хўш, укажон, “мухбирча палов”имиз тайёр бўлай деб қолдими?

Ош баҳона юракдаги гапларни бир тўкиб олдик. Қани, дамини егунича яна чойдан қуйинг...

“Ботир ака нега формуласининг охирига “уч нуқта” қўйган?”, дейсизми?

Нега бўларди, давоми борлиги учун-да!

Менимча, давомини ҳар ким ўз услубидан келиб чиқиб яратади. (Палов пишириш борасида ҳам ҳар кимнинг ўз услуби, ўз рецепти бор).

Масалан, мен йигирма йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, “мукаммал мақола формуласи”га YHни қўшган бўлардим.

Яъни YURAK HARORATIни! (Ҳарорат бўлмаса, ош пишадими?)

Сиз-чи, ёш дўстим?!

Қани, “оштовоқ”ни узатиб юборинг...

       Нуриддин ЭГАМОВ, журналист

Report typo