Кўнглим алланималарни сезди. У ўз шахсий жамғармасидан талабаларга стипендия бериш ҳақидаги таклиф билан Президентга мурожаат қилганини эшитгандим. Домланинг хушхабарларини негадир шу мурожаатга тақадим. Кўнглим алдамабди. Ҳақиқатан Мухтор отанинг ниятлари ижобат бўлибди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Миллий университети ректорати таклифни бажонидил қабул қилишибди ва физика факультети талабалари учун "Мухтор Шапсанов номидаги стипендия" таъсис этилибди.
- Тошкентга бориб талабаларга илк стипендияни топшириш маросимида қатнашиб келдим, - деди Мухтор ота стулга ўтириб олгач.
Шундай дея қўлларидаги папкани ёнимга суриб қўйдилар:
- Мана, ўзингиз кўринг.
Кўриб чиқдим. Тегишли низом ва стипендияни тайинлаш тартиби, факультет кенгашининг мажлис баённомасидан кўчирма, илк стипендиатлар - 4-курс талабаси Нурмирзаев Фаррухжон Рустам ўғли ҳамда 3-курс талабаси Аллоқулов Мирзабек Улуғбек ўғлининг анкета маълумотлари, талабаларга стипендия топшириш маросимидан фотосуратлар...
Мухтор отанинг кайфияти менга ҳам "юқди". Орамизда шундай инсонлар борлигидан қувониб кетдим. Отахоннинг собиқ иттифоқ даврида ўзи туғилган Ўртачил қишлоғида янги мактаб биноси қуриб бергани, унга Индира Ганди деб ном берганини эсладим. Бир марта хайрли ишга қўл урган инсон қачон бўлмасин, яна саховат кўрсатгиси келаркан-да, деб ўйладим.
Отахон бу ташаббуси кўплаб саволларга сабаб бўлганини айтди: нега пулни болаларингизга бермадингиз? Нега машина олиб минмаяпсиз? Нега айнан Миллий университетга? Нега айнан физика факультетига? Мухтор ота саволларга эринмай жавоб қайтарибди. Ўзи етимлик билан катта бўлгани, бошланғич синф ўқитувчиси Ҳадя Жабборовадан, Самарқанд жисмоний тарбия билим юртида ўқиганида Рафиқжон Орифий, Ибрагим Холмуродов, Зифа Мустафина каби устозларидан муттасил оқибатлар кўргани, бу ғариб кўнглини обод қилиб юборганини айтди. Ҳатто Ориф Икромов, Шоислом Шомуҳаммедов, Раъно Ғуломова, Евгений Примаков каби устозларини эслаб кўзларида ёш ҳалқаланди.
Болаларига келсак, уч ўғил ва бир қизи ҳам оилали, ҳаммаси ҳаётда ўрнини топган, муҳтожлик жойи йўқ. Бири тадбиркор, бири ўқитувчи, яна бири мактаб директори, қизи эса нотариус.
Мухтор ота ҳали мактабда ўқиб юрган пайтидаёқ ўзини намоён қилган. Ҳамид Олимжоннинг "Бахтлар водийси" шеърини ёддан ўқиб, илк бор жамоатчилик назарига тушди. Фаол ўқувчи сифатида Москвада ўқувчи ёшлар слётида қатнашди. Билим юртини битиргач, бир муддат Чироқчидаги хўжаликда партия ташкилотини бошқарди ва энг ёш иштирокчи сифатида Москвадаги қишлоқ хўжалиги ходимлари қурултойига бориб келди.
Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг шарқшунослик факультетида ўқиш давомида ҳинд, урду, форс-тожик, инглиз тилларини пухта ўрганди. Айниқса, ҳинд тарихига қизиқди. Талабалик йиллари (1961-1965 йиллар) Бишкек, Тбилиси, Санкт-Петербург, Москва шаҳарларида бўлиб ўтган талабалар илмий-амалий конференцияларида "Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқларининг савдо алоқалари", "Ҳиндистон ярим ороли мамлакатлари билан иқтисодий алоқалар", "Чет мамлакатлар билан муносабатларда Ўзбекистон иштироки" каби мавзулардаги маърузалари билан уч марта биринчи ўринни, бир марта иккинчи ўринни қўлга киритди. Бу конференциялар Мухтор акани танитди, айни пайтда сиёсий, иқтисодий, илмий дунёқарашини бойитди.
Университетни тугатгач, бир муддат Қарши давлат педагогика институти талабаларига форс тилидан дарс берди. Шундан сўнг собиқ иттифоқнинг чет мамлакатлар билан алоқалар қўмитасига ишга олинди. Аввал оддий ходим, сўнг масъул ходим ва таржимон вазифаларида ишлади. 1969 йилда қўмита томонидан Ҳиндистон элчихонасига ишга юборилиб, бир неча марта мамлакат раҳбарлари билан Индира Ганди ўртасида таржимонлик қилди. Бу ерда у қарийб олти йил фаолият кўрсатди. Кейин Германия, Польша, Покистон, Шри-Ланка, Япония, Малайзия, Таиланд, Уммон, Қатар мамлакатларида бўлиб, 12 йилдан ортиқ ўз юртидан узоқда яшади.
Кейинчалик Мухтор Шапсанов кўп йиллар Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг тарих факультетида ишлаб, партия ташкилотини бошқарди, ёшларга дарс берди. 1993 йилдан ўзи туғилиб ўсган Китоб туманига қайтиб келди ва бир муддат мактаб директори вазифасида ишлади.
...Мухтор Шапсанов билан суҳбатлашар эканман, ишлаган йилларининг ой, кунигача аниқ гапириши эътиборимни тортди. Бундай хотира тиниқлигини сўраганимда, шунчаки ўзининг ҳаёти билан боғлиқ ҳар бир ўзгариш унинг учун аҳамиятли экани, эҳтимол, шу боис эсида қолишини гапириб, гап орасида 1948 йил сентябрдан 2004 йил 25 январгача қанча китоб ўқигани, ўқиган китобларини рўйхат қилиб боргани, кўзи хиралашгани боис набиралари газета ва китоблар ўқиб беришаётганини айтди.
Кейин отахон ўқиган китоблари ҳақида гапирди. Болалик йиллари эртаклар оламига шўнғиб, кейин достонлар сеҳрига берилганини айтаркан, ҳассасини дўмбира қилганича "Кунтуғмиш" достонидаги Кунтуғмиш билан Алдархўжанинг диалогини айта бошлади. У уйида соатлаб набираларига достон айтиб бераркан. Ёдимга Мухтор ота ҳақида ёзилган "Жасорат ёхуд гарди рўмол қиссаси" китоби тақдимот куни тушди. Ўшанда отахон "Отмагай тонг..." қўшиғини мароқ билан ижро этиб берганди. Дарвоқе, Мухтор ота адабиётдан ҳам, санъатдан ҳам яхшигина бохабар.
Мухтор Шапсановнинг яна бир хислати - дилкашлиги. Қалбида бир олам завқ-шавқ, шижоат яшайди. Ёши саксондан ошганига қарамай тиниб-тинчимайди. Чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланади. Қўйлари сони олтмишдан ошган. Марҳума турмуш ўртоғи Тўхтахон Шойимова номидаги фермер хўжалигининг 50 гектар ерида деҳқончилик қилади, лалмида ғалла етиштиришади.
Кимлардир унга "Бўлди-да энди, дам олинг", дейишади. Мухтор ота буни хоҳламайди. "Токи танамда жоним бор экан, юрагим уриб, нафас оларканман, тўхтамайман, ишлайвераман. Ўзимга ўзим, Мухтор Шапсанов, тўхтама, олдинга қараб юр, олға, деб буйруқ ҳам бераман", дейди ҳазил аралаш.
Хуллас, Мухтор Шапсанов ана шунақа одам.
Лола ЎРОҚОВА