Ҳазил ўз йўлигаю, асли қамашилик, айни пайтда Тошкент давлат юридик университети талабаси Мансуржон Боймуродов ҳам эрта тонгдан олий ўқув юрти автотураргоҳида машинасини қолдириб, дарсга кириши бор гап. Бошқа кўплаб машинали талабалардан фарқли ўлароқ унга "Нексия"ни отаси ё бобоси совға қилгани йўқ. У бу мукофотга ўз билими, интилиши билан эришди. Ва ҳақли равишда учқур "тулпор"ининг "эгар"ида ҳам кўпкарида олий соврин учун улоқ айирган моҳир чавандоздек ғурур ва виқор билан ўтиради...
Қамаши тумани Гулистон қишлоғида жойлашган 54-мактабда Маҳмуд Раҳимов деган муаллим 28 йилдан буён француз тилидан дарс бериб келади. Муаллимнинг оиласи каттагина, уч ўғил, бир қизи бор, эл қатори яшайди. Аёли Рисолат Жўраева билан фарзандларига яхши тарбия беришди.
Орадан йиллар ўтиши билан ота ва онанинг ташвиши ҳам ортиб бораверди. Бу ҳам бўлса фарзандларини ўқимишли ва касб-ҳунарли қилиш масаласи эди. Муаллим бу борада барча имкониятни яратиб қўйиш учун қаттиқ тер тўкди. Рисолат рўзғорга қувват деб чеварлик билан машғул бўлди. Айниқса унинг куёв тўнларини бежирим қавишини ҳамқишлоқлари яхши билишади.
Муаллимнинг боласи-да, ўғил-қизлари мактабда аъло баҳоларга ўқишди. Ўғиллари Ғайрат ва Бегали олий даргоҳга кириш учун бир-икки уриниб кўришди, аммо, омадлари келмади.
Навбат қизи Холидага келди. Қизи пойтахтдаги олий ўқув юртларига киришга тайёрлайдиган нуфузли ўқув марказларидан бирида таҳсил олиб, Тошкент жаҳон тиллари университетига давлат гранти асосида ўқишга кирди. Ҳозир охирги босқичда таълим олмоқда.
Оиланинг кенжа ўғли Мансуржон мактабда ҳам ўт-олов эди. У ҳам камига опаси ўқиган ўқув марказида тайёргарлик кўриб, Тошкент давлат юридик университетига 190,9 балл билан ўқишга киришга муваффақ бўлди.
Пировардида эса Мансуржон Боймуродов ўқув маркази томонидан энг юқори балл тўплаб, ўқишга кирганлар ўртасида ютуққа қўйилган иккита "Нексия" машинасининг бирига муносиб деб топилди. Тантанали маросимда машина калитини ўғли билан бирга машҳур санъаткорлар қўлидан олар экан, Маҳмуд муаллимнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди...
Кимлардир буни омадга йўйди. Балки шундайдир. Бироқ омад ҳам интилганга кулиб боқади-да. Президент ҳам бежизга айтмади: "Билимли авлод - буюк келажакнинг кафолати" деб...
Ўролбой ҚОБИЛ