Мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 18 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги Фармони асосида 9 май умумхалқ байрами - Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 71 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш белгилангани, Ватанимиз озодлиги ва шаъну шарафи ҳимоячиларига бағишланган қатор тадбирлар негизида ҳам ана шу ҳурмат-эҳтиром, эъзоз туйғулари мужассам.
Қарши шаҳридаги Қўрғонча маҳалласида умргузаронлик қилаётган Тошар бобо Азизов ҳам мамлакатимизда фахрийларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан, қўллаб-қувватлашдан мамнун.
- Бундай юртда яшаётганимизнинг ўзи катта бахт, - дейди Тошар бобо Азизов. - Мустақиллигимизга бу йил чорак аср тўлади. Шу қисқа вақт ичида барча соҳаларда мисли кўрилмаган ютуқларга эришдик. Шаҳар ва қишлоқларимиз кундан-кунга чирой очаяпти, турмушимиз тобора фаровон бўлиб бораяпти. Биз урушнинг даҳшатли манзаралари, қонли кунларининг гувоҳи бўлдик. Фарзандларимиз зинҳор ундай кунларни кўрмасин. 96 ёшимда невара-чевараларим бағрида тинч-осойишта юртимнинг бахтиёр дамларини кузатиб, кўнглим кўтарилади, минг бора шукур қиламан. Истиқлолимиз абадий, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Н.ХЎЖАЕВ.
***
Суратда: Тошар бобо Азизов чеваралари Исломбек ва Дилдорахон билан.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.