Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Раъно САЙДУЛЛАЕВА

20.01.2017


МУНАВВАР УФҚЛАР

Буларнинг бари нимадан? Албатта, истиқлолнинг чексиз имкониятларидан. Ҳа, ҳеч нарса озодликка тенг келмайди. Ахир, тақдири ўзгалар ихтиёрида бўлган одам билан эркин одамнинг ишлашида, яшашида, ўйлашида фарқ бўладими? Бўлади. Буни собиқ тузум даврини бошидан кечирган ва истиқлолдек буюк неъматдан баҳраманд бўлиб яшаётган одамлар айниқса яққол ҳис қилади.

Бугунги аср – глобаллашув давридир. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли китобида айтилганидек, мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилиш, демократик  ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнлари изчил давом эттирилаётган, муҳими, халқимиз, айниқса, ёш авлодимиз мутлақо янгича инсоний сифат кўрсаткичлари билан майдонга чиқаётган, юксак марраларга интилиб яшаш унинг ҳаёт мазмуни, фуқаролик позициясига айланиб бораётган бир пайтда, шубҳасиз, давр олдимизга тобора ўткир ва долзарб вазифалар қўйиши табиийдир.

Мен бир зиёли сифатида, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти асарларини, учрашувларда қилган нутқларини ўқиб бораман. Асарларда айниқса Ўзбекистоннинг   кейинги йиллардаги тараққиёт натижалари чуқур сарҳисоб этилгани, истиқболдаги режаларнинг белгилаб берилгани Ватанимиз келажаги уфқларининг мунаввар эканлигидан далолат этиб туради. Бундан фахр туймаслик мумкинми? Бу саъй-ҳаракатлар кўз ўнгимизда, дунёни ҳайратга солиб юз бермоқда ва қадам-бақадам амалга оша бормоқда.

Мисолларга назар ташлайлик. Вилоятимизда айни вақтда фақат нефть-газ, нефть-кимё саноатининг ўзида қиймати салкам 10 миллиард долларга тенг 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда. 2020 йилгача худди шу соҳада яна 11 миллиард долларлик 31 та янги лойиҳа устида иш олиб борилади. Бу рақамлар қанчалик залворли эканини англаш қийин эмас. Кечаги аграр воҳада саноатнинг тобора юксалиб бораётганини кўз олдимизга келтирсак, мунаввар уфқлар бор бўй-басти билан намоён бўлади.

Бугун олий ўқув юртларида, умумий ўрта таълим, касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олаётган ёшларга ҳавасинг келади. Гап энди, биноларнинг муҳташамлигида эмас – бу аллақачон босиб ўтилган йўл, гап – ёшларимизнинг касбу корни эгаллашда жаҳон андазаларига мос малака ҳосил қилишида. Ёшларнинг аксариятида илмга чанқоқлик ҳисси устун. Қўлга киритаётган ютуқлари ҳам ана шу истакка монанд.

Мустақиллик йилларида Ватанимиз, халқимиз ҳаётида, барчамизнинг онгу шуур ва тафаккуримизда рўй берган улкан ўзгаришларни кўз олдимизга келтирганимизда, истиқлолнинг буюк моҳияти ва аҳамиятини, бу улуғ неъматнинг муқаддас заминимизда яшайдиган барча инсонлар ҳаётида тутган ўрнини янада теран англаймиз.

Йигирма беш йиллик тараққиёт йўлимизни сарҳисоб қилар эканмиз, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган савол билан атрофга боқамиз. Кечаги кунимизни, яъни бир ёқлама ривожланган, фақат хомашё етказиб беришга, мутлақ пахта яккаҳокимлигига асосланган иқтисодиётимизнинг ғоят ночор аҳволини, қашшоқликка дучор бўлган кишиларнинг сабр косаси тўлиб, оғир ҳолатга етиб борганини, одамларимизнинг таъминоти, жамиятда соғлом муҳитни қарор топтириш муаммолари нақадар ўткир бўлиб турганини эслайдиган бўлсак, айни шу йиллардаги мавжуд вазият кўз олдимизда намоён бўлади.

Тарих учун 25 йил – асрнинг тўртдан бир бўлаги. Ҳолбуки, асрлар давомида, юз йилликлар теграсида ўзбек халқи бу қадар мислсиз тараққиётни бошдан кечирган эмасди. Энг муҳими, истиқлол сабаб бу азиз тупроқда гуллар яшнамоқда, боғлар қулф урмоқда. Осойишталик, барқарорлик ҳукмрон – тинчлик асоси мустаҳкам юртда эса яратувчанлик бўлади, ёрқин келажак асослари барпо қилиб борилади. Бу – шу муқаддас заминда, озод ва обод юртда  умргузаронлик қилаётган, истиқлолнинг буюк аҳамиятини, инсон қадрини юксалтиришдаги ўрнини теран англайдиган ҳар бир юртдошимизнинг дил сўзларидир.

Раъно САЙДУЛЛАЕВА,

Қарши давлат университети ўқитувчиси

Report typo