Китоблик боғча мудираси, Ўзбекистон халқ таълими аълочиси Мунаввар Турсунова ана шунақа аёл. У бундай эътирофга сазовор бўлгунга қадар ўз касбининг барча босқичини босиб ўтди. 1982 йилдан тарбиячи, 1989 йилдан методист, 1992 йилдан “Бойчечак” боғчаси мудираси бўлди. Тумандаги энг катта – ўша пайтда “Коинот” деб номланган 280 ўринли 11-мактабгача таълим муассасасига раҳбар бўлиб ишлаганига 21 йил бўлди. Боғча қўш қаватли, барча шароит бор, маҳалланинг қоқ ўртасида, шаҳар ичида жойлашган.
У ишини дастлаб боғчани обод, кўкаламзор қилиш ва ходимлар салоҳиятини оширишдан бошлаганди. Рус ва инглиз тилларини яхши биладиган тарбиячиларни ишга олди. Боғчасида бадиий гимнастика, каратэ тўгараклари очди. Тез-тез очиқ машғулотлар ўтказди. Тадбирларда чет тилларда бийрон сўзлаб, шеърлар айтадиган болажонларни кўриб ота-оналарнинг боши кўкка етди. Боғчанинг шундоққина биқинида жойлашган, таҳсил рус тилида олиб бориладиган 2-умумтаълим мактабига бу ерда тарбияланган болаларни бажонидил қабул қиладиган бўлишди. Хуллас, фарзанди бу ерда тарбия топишни истовчи ота-оналар сони кўпайди. Айниқса, уч йил олдин муассасанинг давлат дастури асосида капитал таъмирланиши бу ердаги шарт-шароитни янада яхшилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Мунавварни руҳлантириб юборди. Ишларини янада жонлантириш, боғча ёшидаги болаларнинг иқтидорини кўпроқ юзага чиқариб, барча тарбиячилар салоҳиятини шунга қаратиш лозимлигини ҳис этди. Сал ўтмай давлат-хусусий шерикчилик ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари ташкил этишга эътибор қаратилди. Мунавварга, боғчангни хусусийлаштириб ол, қанча меҳнат қилгансан, дегувчилар топилди. Бунақа қилиш унинг хаёлига келмаганди. “Тайёр боғчани хусусийлаштириб бўларканми, боғча очадиган бўлсам, йўқ жойдан бор қиламан”, деди у.
Шундай қилди. Истиқбол маҳалласи Янги чармгар кўчасида 50 ўринли нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этди. Албатта, бу осон иш эмас, бинони боғчага мослаштириш, қўшимча бинолар қуриш...
Оила аъзолари билан муштни бир қилишди. Қисқа муддат ичида рисоладагидай, шинам боғча тайёр бўлди-қолди. “Менинг болажонларим” деб номлади уни.
- Бу боғчани қизим Дилноза бошқаради, – дейди Мунавварнинг ўзи. –Ҳозирча 12 киши иш билан таъминланди. Келгусида 100 ўринли боғчага айланади.
Дарвоқе, Дилноза Ҳотамова ҳам онасидай болажон, уч йилдан бўён тизимда ишламоқда. Онасидан касб сирларини мунтазам ўрганаяпти.
Айтмоқчи, Мунаввар Турсунова жамоат ишларида ҳам фаол. Ҳамид Олимжон маҳалла фуқаролар йиғинида хотин-қизлар кенгаши раиси, бир неча йил олдин “Энг фаол хотин-қизлар комиссияси раиси” республика танловида муваффақиятли қатнашган. Туман хотин-қизлар қўмитаси бошқаруви аъзоси. Қўмитанинг Каромат Рустамова номидаги мукофоти соҳибаси.
Хуллас, Мунаввар Турсунова ана шунақа аёл.
Лола ЎРОҚОВА