Чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаатлари, таъбир жоиз бўлса, тақдири турибди. Бу борада мамлакатимизнинг Биринчи Президенти куюнчаклик билан айтган қуйидаги сўзларини келтириш ўринли: "...ҳар қайси мурожаатнинг ортида тирик жон турибди, уларда кимнингдир арзи-доди, керак бўлса дарди, айрим амалдорлар томонидан йўл қўйилган адолатсизлик турганини унутмаслик лозим". Демакки, ижро интизомини таъминлашда эътиборсиз қараладиган масаланинг ўзи бўлмаслиги керак.
Шу маънода яқинда Ўзбекистон ҳукумати порталида очилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонаси адолатпарварлик, ҳақиқатни таъминлаш борасидаги анъаналарнинг мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин. Бугун минглаб юртдошларимиз ҳал этилмаган масалалар, муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар билан тўғридан-тўғри мамлакатимиз Бош вазирига мурожаат қилмоқда. Мазкур мурожаатларнинг барчасига тезда ечим топилиб, ижобий ҳал қилинишига эришилмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг вилоятда ҳал этилиши, шу жумладан, давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат ва бошқа органларнинг мазкур мурожаатларга муносабати мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, вилоят прокурори ва барча мутасадди идораларнинг раҳбарлари масъуллигида мурожаатлар билан ишлашнинг натижадорлигини оширишга қаратилган ишчи гуруҳ тузилди. Шунингдек, мурожаатларни жойида ўрганиш мақсадида Қарши шаҳри ва барча туманларга давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг масъул ходимлари бириктирилди.
Бунда яшаш жойлари ва меҳнат жамоаларида сайёр қабулларни ўтказиш, фуқароларга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, шунингдек, соҳага доир қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш ишларига асосий эътибор қаратилмоқда.
Оммавий ахборот воситаларида фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунда белгиланган ҳуқуқ ва бурчлари, мутасадди раҳбарлар олдидаги аниқ вазифалар хусусида чиқишлар қилинмоқда.
Виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатларни ҳокимлик ва бошқа мутасадди идоралар томонидан бевосита жойларда кўриб чиқиш натижалари ҳақида тўхталадиган бўлсак, масалан, Деҳқонобод туманида яшовчи фуқаро Ж.Мўминов 2016 йил 10 октябрда Бош вазир виртуал қабулхонасига мурожаат қилиб, тумандаги агросаноат коллежига ишга киришда амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.
Ишчи гуруҳ томонидан мурожаат кўриб чиқилиб, ариза муаллифи Деҳқонобод агросаноат коллежига ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашиши таъминланган.
Фуқаро А.Ҳамраев эса "Чироқчи озиқ-овқат деҳқон бозори" масъулияти чекланган жамияти билан тузилган "мулкий улуш қўшиш" шартномаси талаблари жамият томонидан бажарилмаётганини билдирган.
Мазкур мурожаатни ўрганиш давомида "Чироқчи озиқ-овқат деҳқон бозори" МЧЖ томонидан А.Ҳамраевга 10 миллион сўм нақд пул шаклида қайтариб берилиши ва фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланган.
Ғузор туманида яшовчи фуқаролар А.Ортиқов ва Ж.Тўхтаевнинг виртуал қабулхонага бузилган уй-жойлари учун компенсация тўловлари тўланмаётганидан норози бўлиб йўллаган мурожаатларини кўриб чиқиш якунида уларнинг пластик карточкаларига биринчи тўлов сифатида жами 82 миллион сўмнинг ўтказиб берилиши таъминланди.
Яккабоғ туманида яшовчи Р.Алиеванинг топширган ипак хомашёси учун "Файзли тонг ёғдуси" фермер хўжалигидан хизмат ҳақини ололмаётгани юзасидан йўллаган мурожаати жойида ўрганилиб, унга 2 миллион сўм пул ундириб берилди.
Албатта, бундай мисолларни бошқа ҳудудлар мисолида ҳам келтириш мумкин. Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, жорий йилнинг 24 октябрь ҳолатида Бош вазирнинг электрон қабулхонасига келиб тушган ва Бош прокуратура орқали бевосита вилоят прокуратурасига юборилган мурожаатлар сони 300 тага яқинлашди.
Мазкур мурожаатлардан 214 тасининг ҳал қилиниши таъминланди, шу жумладан, 61 таси қаноатлантирилди, 151 таси бўйича муаллифларга асослантирилган тушунтиришлар берилди.
Таҳлилларга кўра, вилоят прокуратурасига юборилган мурожаатларнинг асосий қисмида, хусусан, 64 тасида тергов ва суриштирув, 49 тасида суд қарорлари ижроси, шу жумладан, алимент ундируви, 43 тасида меҳнат муносабатлари, 32 тасида судларда жиноят (23) ва фуқаролик (5) ишлари кўрилиши, 31 тасида қишлоқ хўжалиги, шу жумладан, фермер хўжаликларига ер ажратиш, 23 таси уй-жойга доир, 17 тасида таълим, 11 тасида аҳолининг ижтимоий ҳимояси, 9 тасида тадбиркорлик ҳуқуқларининг турли тарзда бузилиши билан боғлиқ масалалар баён этилган.
Виртуал қабулхона орқали юборилган электрон мурожаатларнинг 207 таси 5 кунлик ва 7 таси 15 кунлик муддатда ҳал қилинган ва бугунги кунда 76 таси бўйича текширишлар давом эттирилмоқда.
Ҳал қилиш натижасига кўра, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 3 та ҳуқуқий ҳужжатга протест келтирилган, тегишли мансабдор шахсларга 4 та тақдимнома киритилган, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 5 та жиноят иши қўзғатилган, етказилган 250,3 миллион сўм зарар айбдор шахслардан ихтиёрий ундирилиши ва судларга 15,5 миллион сўмлик ариза киритилиши таъминланган. Энг муҳими, бу жараёнда 31 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Масалан, фуқаро Г.Мусаеванинг мурожаати вилоят прокуратураси томонидан текширилиб, қарздордан унинг фойдасига 3,2 миллион сўм алимент пуллари тўлиқ ундириб берилди.
Ёки, виртуал қабулхонага мурожаат қилган Касби туманида яшовчи фуқаро Ғ.Жумаевга Қарши шаҳридаги "ХЭТ-сервис" хусусий қурилиш фирмасидан 13 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақи олиб берилди.
Шуни ҳам қайд этиш зарурки, электрон мурожаатларни ҳал қилиш бўйича мутасадди идоралар томонидан белгиланган муддатларни ва қонун талабларини бошқа тарзда бузиш ҳолатларига йўл қўйилаётгани ҳам аниқланмоқда.
Хусусан, Қарши шаҳри, Деҳқонобод, Шаҳрисабз, Косон, Чироқчи, Муборак, Қарши туманларида электрон мурожаатлар белгиланган муддатда кўриб чиқилмаган.
Айрим муассасаларнинг мансабдор шахслари мурожаатларни сифатсиз текшириш, тегишлилиги бўйича, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбормаслик, муаллифга тўлиқ жавоб бермаслик ҳолатларига йўл қўйишган.
Косон тумани ҳокимлиги томонидан фуқаро Х.Холмуродованинг оилавий шароити оғирлиги, берилаётган нафақа пуллари камлиги ҳақидаги мурожаати ҳал қилиш якунида муаллифга йўлланган жавоб хатида мурожаатни кўриб чиқиш натижасидан норози бўлган тақдирда юқори турувчи органга мурожаат қилиши ҳуқуқи борлиги ва тартиби тушунтирилмаган. Бундай камчиликларга Косон туманида яшовчи фуқаролар - Г.Гаппорова, Г.Қиличова, Х.Эшонқулова, М.Эшонқулова, Р.Хидиров, А.Муҳаммадиевнинг мурожаатлари бўйича юборилган жавоб хатларида ҳам йўл қўйилган.
Мазкур қонунбузилиши ҳолатлари бўйича Косон тумани ҳокимининг ўринбосарлари Б.Қўйбоқаров ва А.Эшатовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 43-моддаси билан иш қўзғатилди.
Шуни унутмаслик керакки, бундан кейин ҳам мурожаатларни кўриб чиқишда масъулиятсизлик ҳолатларига йўл қўйган ҳар қандай мансабдор шахсга қонун доирасида кескин чоралар кўриб борилади. Чунки ҳар бир мурожаат ортида кишиларни қийнаётган муаммо, ечимини кутаётган масала турибди. Мазкур жараён ҳар бир мутасадди раҳбардан зиммасидаги масъулиятни чуқур англаб етишни тақозо этади.
Шуни ҳам афсус билан таъкидлаш керакки, виртуал қабулхонага йўлланган айрим мурожаатларни ўрганишда муаллифларнинг тамагирлик ҳолатларига йўл қўяётганликлари ҳам аниқланмоқда.
Хусусан, Муборак туманида яшовчи фуқаро С.Хўжақуловнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири электрон қабулхонасига қилган мурожаати юзасидан текшириш ҳаракатлари олиб борилганда, унинг келгусида виртуал қабулхонага мурожаат қилмаслиги ва муқаддам ёзган аризаларини қайтариб олиши эвазига пул талаб қилаётганлиги маълум бўлди.
Вилоят прокуратураси ва Миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари иштирокида ўтказилган тезкор тадбирда мурожаат муаллифи С.Хўжақулов Муборак тумани электр таъминоти корхонаси раҳбари О.Ишанқуловдан 5000 АҚШ долларини тамагирлик йўли билан олган вақтда ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан С.Хўжақуловга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, фуқаро Н.Халиқов томонидан йўлланган мурожаатда айтилишича, Миришкор тумани Игначи маҳалла фуқаролар йиғини раиси Д.Паянов мурожаат муаллифининг укаси Р.Халиқовни котиблик лавозимига тайинлаш учун пора талаб қилган.
Мазкур мурожаат юзасидан Миришкор тумани ички ишлар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширишда Н.Халиқовнинг маҳалла раиси Д.Паяновни оғир турдаги пора олиш жиноятини содир этганлиги ҳақида айблаб, олдиндан била туриб, туҳмат қилгани аниқланди. Унга нисбатан Жиноят Кодексининг 139-моддаси 3-қисми "а, г" бандлари билан жиноят иши қўзғатилди ва дастлабки терговга киришилди.
Шуни эсдан чиқармаслик керакки, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасини ташкил этишдан асосий мақсад халқнинг фикрини, муаммоларини эшитиш, уларга ечим топиш ва ҳал этишдан иборат. Шу боис мурожаатларнинг кўриб чиқилишига масъулиятсизлик билан қараган ёки қонунчилик ижросини таъминлашга бефарқ бўлган ҳар бир шахсга нисбатан қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги таъминланиши шубҳасиздир.
Барча мансабдор шахслар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифатини ошириш, энг муҳими, халқнинг фикрини, муаммоларини эшитиш, уларнинг ечимини топиш ва ҳал қилиш асосий вазифа эканлигини чуқур англаган ҳолда иш юритиши керак.
Салом САМАДОВ, вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси