Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  •  Мурожаатларга бефарқ ҳоким ўринбосари, "Ҳайфсан" олган бўлим мутахассиси ва 245 миллион сўм имтиёзли кредит

Ботир ЮСУПОВ

21.09.2021


 Мурожаатларга бефарқ ҳоким ўринбосари, "Ҳайфсан" олган бўлим мутахассиси ва 245 миллион сўм имтиёзли кредит

 Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат идораларига йўллаган мурожаатларини ўз вақтида, адолат тамойиллари асосида қонунчиликка қатъий риоя этган ҳолда кўриб чиқиш одамларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Аксинча, юртимизда уларни рози қилишга бўлаётган ҳаракатлар самараси кечикиб кетиши оддий ҳақиқат. Шундай экан, ҳар бир мурожаат ортида кимнингдир тақдири, оиласи хотиржамлиги, келажаги турганини унутишга ҳаққимиз йўқ.

Прокуратура тизими раҳбар ходимлари ана шу нуқтаи назар билан жойларда мунтазам сайёр қабуллар уюштириб келмоқда. Уларда 1207 нафар фуқаро мурожаатлари тингланиб, ижобий ҳал қилиш чоралари кўрилган.

Хусусан, Ғузор тумани Қўнғирот маҳалласи Обод қишлоғида яшовчи Ш.Раҳимов кушхона фаолиятини ривожлантириш учун кредит ажратилишида амалий ёрдам беришни сўраган.

Ана шу мурожаат доирасида ўтказилган ўрганишда "Иброҳим Шорасул ўғли чорвалари" МЧЖга "Агробанк" АТБ ҳудудий филиали томонидан "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури асосида кушхона фаолиятини ривожлантириш учун 245 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилиши таъминланиб, Ш.Раҳимовнинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Сайёр қабулга келган Қамаши тумани Кўкбулоқ МФЙ Лангар қишлоғида яшовчи фуқаро Р.Ражабов бола парвариши учун нафақа пуллари тайинланмаётганлигидан норозилигини билдириб, масала юзасидан амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.

Натижада бевосита вилоят прокуратурасининг аралашуви билан оила Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Қамаши тумани бўлими томонидан "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимига киритилиб, Р.Ражабовнинг турмуш ўртоғи О.Норовага тўланмай келинаётган бола парвариши учун нафақа пуллари тўловга қаратилиши таъминланди. Ана шу муаммо юзага келишига сабабчи бўлган бўлим мутахассиси Д.Келдиёровга нисбатан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси раҳбарининг тегишли буйруғи билан "Ҳайфсан" интизомий жазоси эълон қилинган.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуни ижроси ҳам доимий равишда ўрганиб борилмоқда.

Жумладан, шу мақсадда вилоят ҳокимлигида ўтказилган текшириш натижасида Косон тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари У.Очилов 11 та ҳолатда фуқароларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқилиши ва муаллифга жавоб берилишини таъминламагани, статистик ҳисоботларни тўлиқ шакллантирмагани ва ҳар чоракда умумлаштириб бормаганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун ЖИБ Косон туман судига юборилган.

Умуман, прокуратура органлари Президент портали, виртуал қабулхона ва ишонч телефонлари орқали ҳамда сайёр қабулларда рўйхатга олинган мурожаатларни қабул қилиш, тақсимлаш, келтирилган барча важларни тўлиқ, сифатли ўрганган ҳолда ҳал этилишини таъминлаш ва натижалари белгиланган муддатларда электрон дастурга киритилиши устидан тизимли назорат тадбирларини амалга оширишда давом этмоқда.

Ботир ЮСУПОВ,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Report typo