Давлатимиз раҳбари кўрсатмалари асосида жорий йил апрель ойидан бошланган қурилиш-таъмирлаш ишлари "ERIELL" ҳамда "ENTER Engineering" компаниялари ҳомийлигида 12 миллиард сўм маблағ эвазига бажарилиб, Янги йил байрами арафасида ниҳоясига етказилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда интернат уйи тарбияланувчилари, ходимлари, соғлиқни сақлаш тизими ҳамда ҳомий ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев сўзга чиқиб, имконияти чекланган шахсларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаатларини таъминлаш доимий эътиборда эканини таъкидлади.
1976 йилда фаолияти йўлга қўйилган мазкур муассаса имконияти чекланганларга ҳар томонлама ёрдам бериш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, руҳий мадад кўрсатиш, жамиятга интеграциялашувига кўмаклашиш билан шуғулланади. Айни пайтда бу ерда 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган ақлан заиф ва ногиронлиги бўлган 285 нафар бола яшаб, тарбия олади.
Интернат қисқа вақт ичида бутунлай янги қиёфа касб этди, бош бино, ошхона мажмуаси, қозонхона, иссиқлик, электр ва вентиляция тизимлари таъмирланди, мебеллар янгиланди, ҳудуд ободонлаштирилди.
- Бу янгиланишлар болаларга қулайлик яратиши билан бирга ходимларимизнинг ҳам самарали ишлашини таъминлайди, - дейди муассаса раҳбари Рўзиқул Ходжаев. - Биламизки, қулай ва яхши шароит таълим-тарбияда муҳим ўрин тутади.
Тадбир санъаткорлар иштирокидаги концерт билан янада файзли тус олди, интернат тарбияланувчиларига ҳомийларнинг байрам совғалари топширилди.
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.