Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
10 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Х.ҚИЛИЧЕВА

08.06.2017


МУСАФФО ҲАВО, ТОЗА АТРОФ-МУҲИТ УЧУН

Юлдуз бирор сана ёки тадбир муносабати билан ўтказиладиган веломарафонларда доимо фаол иштирок этади. Жумладан, у жорий йил 5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан вилоятимиз марказида ўтказилган марафоннинг ҳам фаол иштирокчиси бўлди.

- Атмосфера ҳавосини зарарлантиришнинг энг катта манбаи, маълумки, автомобиллар ҳисобланади, - дейди Юлдуз Жўраева. – Бугунги марафон орқали биз зарарсиз улов – велосипедлардан фойдаланишни, шу орқали атмосфера ҳавосини тоза-мусаффо сақлашга ҳисса қўшиш мумкинлигини кўрсатишга ҳаракат қилдик.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ташаббуси билан Қарши шаҳар ҳокимлиги ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур веломарафонда ҳокимият вакиллари, корхона ва ташкилотлар мутасадди раҳбарлари, Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ва касб-ҳунар коллежлари талаба-ўқувчилари, “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши фаоллари, Қарши шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, йўл-патруль хизмати ходимлари иштирок этишди.         4 июнь якшанба тонгида Қарши олимпия захиралари коллежи олдида старт олган веломарафон Қарши шаҳрининг Мустақиллик шоҳкўчаси бўйлаб тантанали суратда давом этди. Вилоят мусиқали драма театри олдидаги майдонга қадар масофани босиб ўтган турли ёшдаги велосипедчилар бу ҳаракатлари билан автотранспортдан фойдаланишни камайтириш, зарарсиз транспорт тури - велосипеддан фойдаланишни кенг оммалаштиришни мақсад қилишган.

- Марафоннинг олди чизиғида ҳаракатландим, - дейди Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши вакили Акром Нормуродов. – Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш барчамизнинг муқаддас вазифамиз. Айниқса, биз каби ёшлар бу масалада илғор сафда бўлмоғимиз лозим. Бугунги ҳаракат шунга қаратилган бўлиб, энг яхши тарғибот вазифасини ўтади, деб ўйлайман.

Марафон якунида соғлом турмуш тарзига амал қилиш, атмофсера мусаффолигини сақлашга ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг вазифамиз эканлиги яна бир бора таъкидланди.

Х.ҚИЛИЧЕВА

Report typo