Уруш – эртак эмас!
Уруш – кино эмас!
Уруш – фақатгина сафлари йил сайин тўкилиб бораётган, кўксиларини орден ва медаллар безаган ветеран отахонларимиз ёшлар даврасида айтиб берадиган ҳикоя эмас…
Бу – бани башарнинг қон силқиган, жароҳати минг йиллар азоб берадиган яраси.
Бу – ҳеч қачон музаффари бўлмайдиган бемаънилик.
Бу бемаънилик ҳақида ўнлаб рўмонлар ёзган Эрих Ремарк битгани каби: “Қон дарёсини тўхтатишга қурби етмаган, юз минглаб бунақа даҳшатхоналарни очиб қўйган жамиятнинг минг йиллик тараққиётига ишонмайман, бари ёлғон, бу тараққиётдан инсонга сариқ чақалик наф йўқ”.
Интернетда уруш, тартибсизликлар кечаётган мамлакатлар ва юртимиз ҳаётига доир суратларни кузатганимда кўз ўнгимда мана бу манзаралар таққоси намоён бўлади – зулмат ва зиё... уруш ва тинчлик, ёвузлик ва эзгулик, эрксизлик ва эркинлик, таназзул ва тараққиёт, хароблик ва ободлик, бузғунчилик ва бунёдкорлик, жаҳолат ва маърифат, изтироб ва табассум, қайғу ва шодлик, фарёд ва алёр...
Донишларимизнинг айтишича, яхшилик, яхши ният бор жойда илоҳий нур кўтарилар экан. Бу шундай нур эканки, бошқаларга ҳам татир экан. Минг шукур, ана шундай нурафшон ва тинч-осойишта манзилда яшаш бахти бизга насиб этган. Дунёнинг кўплаб халқлари орзу қиладиган бундай бахтни ҳар дақиқа, ҳар сонияда асрашимиз зарурлигини яхши биламиз.
Биз шундай халқмиз, ота-боболаримиз бизга шундай таълим беришган – уйимизда тансиқ таом тайёрланса, боғимиз мевага кирса, бир товоқ ош ё бир сават мевани қўни-қўшнимизга, маҳалладошимизга илинамиз. Ҳали-ку ўз боласи, уруш қаъридан юртимизга кўчирилган ўнлаб ўзга миллат фарзандларига ҳам ўзи емай едирган, киймай кийдирган Шомаҳмудовларнинг авлодимиз. Минг йиллар аввал “Авесто”да битилган “эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” ғояси қон-қонимизга сингиб кетган. Жаҳолатга қарши қурол кўтариб эмас, маърифат билан курашишга ўрганган элмиз...
Минг афсус... Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда айрим ижтимоий муаммоларимиз фонида "Шукур, осмонимиз мусаффо" деган гапни киноя ва ҳазилга ўраб айтадиганлар пайдо бўлди.
Менимча, бошқа ҳар нарсани кинояга олиш мумкиндир, аммо Ватан, ота-она, тинчлик сингари табаррук тушунчаларни ўйин қилиб бўлмайди. Эскиларимиз билиб айтади: "Нимани қилсанг хор..." (Ўзи асрасин!)
Яқиндагина табиатимиз инжиқлиги сабаб осмонимизни қоплаган чанг-тўзонни бир эсланг, шунда қанча азият чекдик... Мусаффолик қадри шунда суяк-суягимизга ўтмадими? Тавба деб айтаману, бу-ку ҳали чанг экан...
Кўнгилда бир тилак бор – юртимиздаги барча яхшиликларни дунёга ҳам илинайлик, эзгу ниятларни, эзгу амалларни кўпроқ қилайликки, унинг нури башариятга таралсин! Кексаларимиз айтганидай, аввало дунёмиз тинч бўлсин! Жондай азиз неъматимиз – осойишталигимизга кўз тегмасин! Юртимизга ярашиб турган тинчлик, фаровонлик, бунёдкорлик, тараққиёт, бағрикенглик ва тотувлик шукуҳи бошқаларга ҳам насиб этсин!
Ватанимиз ҳимоясида собит турган посбонларимиз омон бўлишсин!
Осмонимиз мусаффо бўлсин!
Фақат...
Мусаффо...
Мусаффо...
МУСАФФО...
Нуриддин ЭГАМОВ, журналист