Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бахтиёр АШУРОВ,Отаназар МАТЁҚУБОВ,Соибжон БЕГМАТОВ

08.09.2018


“МУСИҚИЙМИЗНИНГ ТАРИХИЙ БОЙЛИҒИНИ ОЗ-МОЗ КЎРСАТГАН КАБИ БЎЛДИК...”

Нажмиддин Кавкабий

Беш аср муқаддам Шайбонийлар давлати пойтахти бўлган Бухорога замонасининг кўзга кўринган илму маърифат, адабиёт ва санъат аҳли интила бошлайди ҳамда янги тарихий шароитларда шеърият, мусиқа ва тасвирий санъатнинг “Бухоро мактаби” деб ном олган услуби тараққий топади. Бухоро илм ва санъат аҳли орасида Ҳирот олтин даври таъсири остида шаклланган йирик олим ва созанда Нажмиддин Кавкабий (1473-1533) ҳам бор эди.

Нажмиддин Кавкабий, бизга маълум тарихий маълумотларга кўра, Бухорода Мавлоно Гавҳарий оиласида, тахминан 1473 йилда таваллуд топган. Айрим манбаларда унинг 1480 йилда таваллуд топгани айтилади. У Бухорода улғайиб, ўша даврда маданият маркази бўлмиш Ҳирот шаҳрининг мадрасаларидан бирида таҳсил кўрган.

Кавкабий Убайдуллохон (1533-1540 йилларда ҳукмронлик қилган) саройида хизмат қилган. Убайдуллохон Ҳусайн Бойқарога ўхшаб, адабиёт ва нафис санъатлар ҳомийси ва айни чоғда шеърият ҳамда мусиқий илмнинг билимдони сифатида майдонга чиқди, ёрқин истеъдод соҳиби Мавлоно Кавкабийни ўз саройининг кўрки сифатида эъзозлади.

Дарҳақиқат, кўплаб манбаларнинг гувоҳлик қилишича, Убайдуллохон даврида Бухоро хонлиги иқтисодий, маданий жиҳатдан юксалиб, илм-фан, адабиёт ривож топади, шаҳар ободончилигига, масжид, мадрасалар, хонақоҳу йўллар қурилишига жиддий эътибор берилади. Унинг даврида Амир Абдуллоҳ Яманий (XV аср охири – XVI аср боши) номи билан аталган Мир Араб мадрасаси, Мирак Сайид Ғиёс боғи, Кўҳак дарёсига қурилган Меҳтар Қосим кўприги сингари иншоотлар барпо этилган.

Нажмиддин Кавкабий ҳақида бошқалардан кўра батафсилроқ маълумот берган Дарвеш Али Чангий бўлади. У ўзининг “Рисолаи мусиқий” асарида мусиқашунослар қаторида Нажмиддин Кавкабий Бухорийга ҳам ўрин ажратган.

Нажмиддин Кавкабий басталаган куйлар орасида “Ҳусайний” мақомидаги “зарбул фатҳ” усулида куйланган пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг наътлари алоҳида ўрин тутади. Чунки бу ўша даврда шуҳрат қозонган ва манбаларда алоҳида таъкидланган. Шунга ўхшаш “Ироқ” мақомидаги “чаҳор зарби” ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ. Алломани энг машҳур қилган куй шубҳасиз куллиётдир. У Рост мақомида басталанган. Ушбу куллиёт замонлар саҳифасига кўп вақтлар безак бўлиб қолди.

Кавкабий мақомот тарихида Бухоро мусиқий мактабининг намояндаларидан бири сифатида эътироф этилади. Кейинги авлод санъаткорлари томонидан унинг ижод намуналари севиб ўрганилди, басталаган куйлари асрлар давомида хонанда ва созандалар дастурларидан тушмай келди. XIX аср ўрталарида Бухорода номаълум муаллиф томонидан яратилган мусиқий рисолада “У ўз даврининг Хожа Абдулқодири эди”, деб қайд этилади. Фитрат ҳам ушбу фикрни таъкидлаб, Темурийлар даврида Хожа Абдулқодир Мароғийнинг мавқеи нечоғлик бўлса, ўзбек хонлари замонида   Нажмиддин шу мартабадаги санъаткор бўлиб шуҳрат қозонганини уқтиради.

Мавлоно Кавкабий диний ва дунёвий илмлар борасида донг таратган. Мусиқа ва шеъриятда беназир санъаткор даражасига эришган. Ундан “Рисолаи мусиқий” ва “Ўн икки мақом ҳақидаги рисола” мерос қолган. Уларнинг биринчиси соф илмий-назарий йўналишдаги насрий, иккинчиси мақом, шўъба ва овозларнинг рамзий-мажозий таърифларига бағишланган назмий асардир. Бу рисолалар умумийликда Кавкабийни улуғ аллома Сафиуддин Урмавий (вафоти 1294 йил) ва Абдулқодир Мароғий (1353-1435) қаторидаги мусиқийшунос эканлигини кўрсатади.

Дарвиш Али Чангий

Дарвиш Али Чангий – XVI аср охири ва XVII аср бошларида Бухорода яшаб ижод этган мусиқашунос аллома, моҳир созанда ва хонанда. Мирзаолий Чангий оиласида таваллуд топган Дарвиш Али ўз даврининг йирик мусиқашуноси, оҳангсози, мутриби ва шоири бўлиб етишади. Дастлабки маълумотни Бухоро ва Самарқанд мадрасаларида олади. Жуда ёшлигидан мусиқага ҳавасманд бўлиб, қонун, най, ғижжак, руҳафзо ва чанг каби мусиқа асбобларини чалишни Алидўсти Найи, Хожа Жаъфари Қонуний, Мирмасти, Мавлоно Ҳасан Кавкабий, Ҳусайн Удий, Амир Фатҳи Тошкендий каби забардаст устозлардан ўрганади ва бу созларда халқ куйларини ўзига хос услубда ижро этиб, эл орасида катта шуҳрат қозонади.

Дарвиш Али Чангий мусиқий мероси ўша даврда мавжуд Бухоро мақомларининг асл илдизларини англаб етиш, назарий масалаларга ойдинлик киритишда бутун Марказий Осиё халқлари тарихида катта аҳамият касб этади.

Нажмиддин Кавкабий шогирд ва издошлари қаторида Дарвиш Али Чангий алоҳида мавқега эга. Дарвиш Али йигитлигида Абдуллоҳхон (унинг отаси  Искандархон даврида), кексайган пайтларида эса Имомқулихон саройида хизмат қилган ва уларнинг ҳар бирига атаб   мустақил рисолалар битган. Устози Кавкабийга ўхшаб, турли илм соҳаларини ўзлаштирган шоир, созанда, ҳофиз ва олим сифатида шуҳрат қозонган. Ўз  мавқеига кўра Дарвиш Алини ислом  Шарқининг атоқли мусиқашунослари силсиласининг сўнгги намояндаларидан бири, дейиш мумкин. Олимнинг энг йирик асарларидан бири “Рисолаи мусиқий” (“Мусиқа рисоласи”) анъанавий парда ва усулга оид масалаларнигина ёритиб қолмасдан, созандалар ҳаёти ва ижодига тегишли тазкиравий маълумотларни ҳам ўз ичига олади. Ушбу нуқтаи назардан “Рисолаи мусиқий” назарий ҳамда тарихий аҳамиятга молик асар ҳисобланади.

Дарвиш Али Чангийнинг “Рисолаи мусиқий” асари, юқорида айтилганидек, икки вариантда яратилган бўлиб, у мазмун жиҳатидан икки қисмга бўлинади: мусиқанинг назарий масалаларига    бағишланган қисм ва муаллиф яшаган давргача яшаган мусиқадон, созанда ва хонандалар тазкираси. Асарнинг илк варианти 1572-1573 йилларда шайбоний Абдуллоҳхон II га бағишланган. Иккинчи, тўлдирилган, қайта ишланган нашри эса 1611-1642 йилларда хонлик қилган аштархоний Имомқулихонга атаб ёзилган. Биринчи вариант муқаддима ва беш бобдан иборат. Иккинчи вариант ўрта асрларда машҳур бўлган ўн икки мақомга аталиб, ўн икки бобга кўпайтирилган. Ҳар икки вариантда муқаддима ва аввалги беш боб бир-бирига жуда ўхшаш.

Фитрат ва ўзбек классик мусиқаси

ХХ аср бошларида ўзбек мумтоз мусиқаси фидойиси, жонкуяри, тарихчи олим, профессор Абдурауф Абдураҳмон ўғли Фитрат фаолиятининг ҳар бир қирраси ўзбек маънавиятида янги саҳифалар очилишига сабаб бўлган. Хусусан, у “Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи” рисоласи билан XX аср ўзбек мусиқашунослик фанини бошлаб берганини эътироф этиш жоиз.

Фитрат 1921 йилда Бухорода Шарқ мусиқа мактабини (даргоҳга Фитратнинг ўз уйини ажратиб бергани маълум) ташкил қилган ва ушбу ҳаракатларнинг муттасил давоми сифатида айнан Фитрат ташаббуси ҳамда рус этнограф, мусиқашуноси В.А.Успенскийнинг заҳматли меҳнатлари самарасида 1924 йилда “Шесть музыкальных поэм” (“Олти мусиқий достон”) номли илк “Шашмақом” нота ёзувлари нашр этилган.

Абдурауф Фитратнинг мусиқа маданияти ва тарғиботига оид хизматлари жуда катта. У Шарқ мусиқа мактабини ташкил этаркан, бу ерга мумтоз мусиқа билимдонлари (созанда ва хонандалар) билан бирга В.А.Успенский сингари мусиқашуносларни ҳам таклиф этди. У шу вақтдан бошлаб “Шашмақом” куйларини тўплаш ва нотага ёзиб олиш ишларига раҳбарлик қилди. Фитрат ташаббуси билан В.А.Успенский томонидан Ота Жалол, Ота Ғиёсдан Бухоро Шашмақоми илк бор нотага олиниб нашр этилди.

“Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи” рисоласи ҳам албатта замон ва тарихга асосланиб яратилган. Фитратнинг илмий қарашлари, у ёритмоқчи бўлган масалалар асослидир. Ҳозирги кунда ушбу рисола, унинг мусиқамиздаги ўрни ҳақида бехабар қолган мусиқа аҳли йўқ. Ўзбекларни ўрганиш қўмитаси Фитратнинг ушбу рисоласини “ўзбек мусиқаси тарихининг маълум бир даврини ўрганиш учун қийматли материал”, деб таъкидлайди.

Фитрат китобда ўзбек мумтоз мусиқасига нисбатан илк маротаба “классик” атамасини қўллайди. “Классик” тушунчаси инсоният бадиий меросининг тан олинган энг мукаммал ва дунёвий аҳамиятга молик намуналарига нисбатан қўлланилар экан, бу ўринда Фитрат “бизнинг классик мусиқамиз “Шашмақом” исми билан юргизилган олти қатор куйлардан иборатдир”, дейди. Аллома кўп ҳолларда мусиқа ва унинг тарихий тараққиётини бевосита адабиёт ҳамда ислом мафкуралари билан қиёсий ўрганади. “Бизнинг адабиётимиз шарқ ислом адабиётига қандай боғланган, қандай муносабатли эса, мусиқамиз ҳам шарқ ислом мусиқаси билан шундай боғланган, шундай муносабатлидир”, дея теран фикр юритади.

Ушбу рисоладаги мавзуларни ўрганиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, Фитрат мусиқа илмига назарий ёндашган ва ўтмиш мусиқа алломаларининг мусиқий рисолаларини чуқур ўрганиш билан хулосалар чиқарган.

Рисоланинг “Шарқ мусиқаси” номли бўлимида Шарқ халқлари мусиқаси услуб жиҳатдан ўзаро фарқ қилса-да, назарий жиҳатдан 12 мақом асосида бирлашгани эътироф этилади. Ушбу яхлит назария бевосита араб истилосидан кейин мусулмон шарқида ҳукм сурган “мадраса бирлиги”, яъни умумий таълим тизими туфайли вужудга келгани таъкидланади.

Фитрат Шашмақом “байроғи” остига кирмаган эл куйлари – халқ оғзаки ижоди намуналари йўли ва ўлчови маълум бўлгани ҳолда уларнинг қандай басталаниши ҳақида маълумотлар йўқлигини ўринли равишда кўп маротаба такрорлаган. 

Фитрат мусиқий чолғулар ҳақида фикр юритганда, танбурнинг мусиқа рисолаларида “танбура” тарзида ёзилганини айтиб, унинг дўнбира-танбура-танбур шаклига келганлигига шубҳа қилмайди.

Дутор чолғусининг танбурга қараганда ижроси енгил бўлганлиги туфайли халқ орасида танбурдан кўра кенгроқ  тарқалгани айтилади. Пардалари 13-14 бўлиб, камлиги учун мақом куйлари дуторда чалинмайди. Фақатгина Шашмақом шўъбача ва уфарлари ҳамда эл куйларини чалиш мумкинлиги таъкидланади.

“Мусиқамизнинг тарихига бир қараш” боби турк мусиқа тарихига оиддир. Китобда “турк мусиқаси” дейилганда, бизнинг ўзбек мусиқамиз назарда тутилади. Фитрат ижодини кузатар эканмиз, унда жуда кўп ўринларда турк тили, турк адабиётига алоҳида эътибор қаратганини кўрамиз. Фитратнинг 1909-1913 йилларда Истанбулдаги “Дорулмуллимин”даги таҳсили, 1921 йилда айнан унинг ташаббуси билан турк (ўзбек) тили давлат тили деб эълон қилиниши, қолаверса, рисолада Қонтемир ўғли, профессор Кўпрулийзода, Рауф Яктобек каби турк мусиқа назариётчиларининг тадқиқотларига суяниши сўзимизнинг исботидир.

Қолаверса, Фитрат жуда кўп ўринларда ўз ижодида соф туркий (ўзбекча) атамаларни қўллашни жоиз топади. Бунда тилни ўз имкониятлари асосида ривожлантиришга ҳаракат қилиш, хорижий сўзларни имкон қадар камроқ қўллаш ёхуд унга мос миллий тушунчаларни жорий қилишга ҳаракатлар бўлди. Баъзи маълумотларга қараганда, Фитрат тор доирада ўз маслакдошлари билан фақат турк тилида гаплашиб, хусусан, 30-йилларда мазкур қарашлари туфайли пантуркизм, миллатчиликда ҳам айбланади.

Кейинги ўринда Ҳазрат Навоий ижодида туркий мусиқага оид қарашларни кузатар экан, “турк халқи орасида машҳур бўлган мустазод ҳамда “қиз кўчириш тўйларида” айтилган жуда таъсирли “Ёр-ёр” навъ-жанрлари хусусида маълумотлар беради. Сўнг эса “...юқоридағи қийматли маълумотни ўқуғондан кейин кошки шул араб арузини ёзғанингиз жойида турк вазни, турк мусиқийси тўғрисида китоблар ёзса эдингиз”, деб улуғ шоирдан таъна қилиб, ўз норозилигини изҳор қилади.

 “Сўнги сўз”ни ёзганда олим камтарлик билан “Мана шу узун гаплар билан мусиқиймизнинг тарихий бойлиғини оз-моз кўрсатган каби бўлдик”,   дейди. Энг сўнгида Маориф комиссарлигига қаратилган кичкина мурожаат-аризасида миллий мусиқа мактаблари сонини кўпайтириш, уларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш, мазкур мактаб битирувчилари Россиядаги мусиқа техникумларида таҳсилни давом эттиришлари, миллий мусиқа мактабларида рус тили ва нота саводи дарслари ўтилиши лозимлиги, миллий мусиқани нотага олишда Европа оҳанг-усули (интонацияси)га эргашмаслик кераклиги таъкидланади.

Фитратнинг сўзга муносабати, айниқса, қисқа ва далилли фикр юритиши кишини ҳайратга солади. Гарчи у мусиқашунос бўлмаса-да, унинг мусиқа соҳасидаги теран қарашлари кўпчилигимизга намуна бўла олади.

Исхоқ Ражабов

Исхоқ Ражабов ХХ аср ўзбек мусиқашунослигининг буюк намояндаларидан бўлиб, у 30-40-йилларда авж олган сиёсий курашлар ва мафкуравий тазйиқлар натижасида четда қолиб кетган илмий йўналишларни, миллий мусиқа меросимизнинг, мақом асосларини илмий ўзлаштиришнинг илғор удумларини қайта тиклашда жонбозлик кўрсатган ҳамда мазкур соҳада бурилиш ясашга муяссар бўлган олимдир.

Исхоқ Ражабов – академик Юнус   Ражабийнинг акаси, атоқли танбурчи Рихси Ражабийнинг ўғли. У ёшлигидан танбур ва дутор чалишни машқ қилиб, ўзбек мусиқаси, хусусан, унинг мумтоз навларини пухта ўзлаштиришга муяссар бўлган.

Мақомлар масаласида И.Ражабов, хозирги тил билан айтганда, ўз концепциясига эга, яъни мавзуга кенг кўламда, атрофлича қарашларга таянади. Бу қарашлар икки асосий омилдан келиб чиқади. Биринчиси – амалдаги мақом меросидан. Иккинчиси – бу санъатнинг мозийдан келаётган илмий илдизлари.

Исҳоқ Ражабовнинг дастлабки йирик монографияси – “Мақомлар масаласига доир” деб номланиб, 1963 йилда нашр қилинган. Бунгача мақом мавзусига доир йирик мақолалар ҳам эълон қилган.

Ўтган асрда мумтоз мусиқа меросимиз кўрқув остида, эҳтиёткорлик билан тилга олиниб турган бир пайтда, И.Ражабов “Мақомлар масаласига доир” монографиясининг “Сўз боши”сини қуйидаги баралла баён этилган таърифдан бошлайди: “Мақомлар кўпчилик Шарқ халқларида жуда қадим замонлардан мавжуд бўлган, профессионал созанда ва хонандалар томонидан яратилган музика жанридир. Улар ҳар бир халқнинг ўзига хос музика бойликлари асосида яратилган ва узоқ маданий-тарихий тараққиёт жараёнида мустақил жанр сифатида юзага келган”.

И.Ражабов асарларида “мақом” сўзи, “лад” тушунчаси билан бир қаторда, мусиқий асар маъносида ҳам кенг қўлланилади. “Мусиқий асар”га илмий тушунча сифатида бирон-бир қатъий таъриф берилмасдан, кенг ва умумий маънода ишлатилади.

Исҳоқ Ражабов асарларини чуқур ўрганиш ва долзарб жиҳатларига эътибор қаратиш бугунги кун мусиқашунослигининг муҳим вазифалари қаторидан ўрин олмоғи лозим. Шаҳрисабзда ўтаётган Халқаро мақом санъати анжумани бу борада ўзининг ижобий самарасини берса ажаб эмас.

Мусиқашунос олим Абдуманнон Назаров ижодига чизгилар

Ўзбек мусиқашунослигида илмий-тадқиқот ижодиёти билан ёрқин из қолдирган мусиқашунос олим, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Абдуманнон Назаров Шарқнинг буюк донишмандлари томонидан яратилган мусиқий рисолалар, мусиқа илмига тегишли манбаларни ўрганиш ва замонавий талқин этишда арзигулик мерос қолдирган олим эди.

Абдуманнон Назаров 1953 йили Жиззах вилоятидаги ўзига хос гўшалардан бири – Куйтош шаҳарчасида оддий ишчи оиласида таваллуд топган. Мусиқа оламига созанда, яъни ғижжакчи сифатида кириб келади. Унинг мусиқадаги илк сабоқлари ана шу чолғуни ўзлаштириш мезонлари билан боғлиқ. Аввалига мусиқа мактаби, сўнгра Ҳожи    Абдулазиз Расулов номидаги Самарқанд мусиқа билим юрти унинг учун мусиқий таълим кошонаси бўлди. Кейин Тошкент давлат консерваториясига ўқишга кирди. 1972 йили консерваторияда янги йўналишдаги таълим, яъни Шарқ мусиқаси кафедраси эндигина ташкил топган эди. А.Назаров ана шу кафедранинг қалдирғочларидан бўлиб, таниқли олим Ф.Кароматов синфида таҳсил олади. Ана шу сабоқ даври унинг ҳаётида алоҳида из қолдирди.

Консерваториядан сўнг Ҳамза номидаги санъатшунослик илмий тадқиқод институти аспирантура бўлимига ўқишга кириб, ушбу соҳа билан жиддий шуғуллана бошлайди. Унинг илк йирик тадқиқоти Абулфараж Исфаҳонийнинг “Қўшиқлар китоби” эди. Шу асосда у 1984 йили “Книга песен ал-Исфахани в аспекте транскультуративных процессов” мавзуида номзодлик диссертациясини ёзади ва муваффақиятли ҳимоя қилади.

1984 йилдан бошлаб А.Назаровнинг ҳақиқий тадқиқотчилик фаолияти бошланади. Шарқ дунёси алломалари – ал-Форобий, ибн Сино, Сафиуддин Урмавий,      Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий каби мутафаккирларнинг мусиқа илмига бағишлаб яратган рисолаларини ўрганади.

Абдуманнон Назаровнинг мусиқашунослик соҳасида олиб борган серқирра фаолияти алоҳида аҳамиятли эканлигини эътироф этиш лозим. Унинг илмий изланишлари кенг мавзули бўлиб, ўтмиш анъаналари ва замонавий мусиқашунослик муаммолари ўзаро уйғунлаштирилган.

Олим 1996 йилда ўзининг йирик тадқиқотини якунига етказади. “Форобий ва ибн Сино мумтоз ийқо назарияси” мавзуида докторлик диссертациясини ёзади.

Абдуманнон Назаров қисқа, лекин мазмунли умр кўрди. Унинг республикамиз ва хориж матбуотларида юзга яқин илмий мақолалари, монография ва дарсликлари, ўқув қўлланма ва илмий маърузалари дунё юзини кўрди.

Олим Шарқ мусиқий рисолаларини ўрганишга жуда катта аҳамият қаратганини илмий меросидан билиб оламиз. Юқорида айтилганидек, Абулфараж   Исфаҳоний (897-967)нинг “Қўшиқлар китоби” асари ҳақида йирик тадқиқот яратган. “Форобий ва ибн Сино мусиқий ритмика хусусида (мумтоз ийқо назарияси)” деб номланган монографиясини чоп эттирди. Сафиуддин Урмавийнинг (1216-1294) мусиқа илмига доир “Китаб ул-адвор” (“Даврлар китоби”) номи билан  машҳур асарини ўзбек тилига таржима қилди ва унга шарҳ ёзди.

Абдуманнон Назаров ўзбек мусиқий шарқшунослик илмининг зийнатларидан бири эди.

Эъзозга лойиқ

Мусиқа санъати дунёсида шундай ижодкорлар борки, улар қолдирган мерос улканлиги ва ибратини доим намоён этиб туради. Коммуна Исмоилова ҳам умрини санъатга бағишлаган, бетакрор овози ва хонишлари билан халқимиз  дилидан жой олган буюк санъаткорлардан эди.

Коммуна Исмоилова – дарҳақиқат бетакрор ва забардаст санъаткор. Фақат унга хос бир неча жиҳат мавжуд. Булар: энг аввало, жозибали ижро талқини. Ўзига хос овоз ва унинг тараннумидаги жозиба, гўзаллик, нафосат ва пурмаъно меҳр билан суғорилганлиги. “Ўғлима ўхшайди овозинг сани”, Ўйланма”, “Ёшлик чоғимда”, “Оқ олтин карвон-карвон”, “Шифокорлар”, “Эй чеҳраси тобоним”, “Сўлим баҳор”, “Эй соҳиби дил”, “Токай”, “Бир гўзал”... Уларнинг сони жуда кўп. Лекин ижро бетакрор, гўёки Коммуна опа қўшиқлар сеҳрига парвоналардек, самода наво билан учиб юргандек куйлайди. Шу боис, бу санъаткорнинг бетакрор талқинини “назира”чилар забт эта олганича йўқ.  Дарҳақиқат, Коммуна Исмоилованинг хонишида уйғунлашган талқиний-эстетик мезонлар мажмуи унинг бетакрор овоз соҳиби эканлиги ва замонасининг забардаст устозлари сабоғи ила суғорилган устозона ижро соҳиби эканлигини намоён этиб туради.

Иккинчидан, ижро репертуари, яъни хонандалик фаолиятидан ўрин олган мусиқий намуналардир. Бу борада Коммуна Исмоилова ижро репертуарининг  серқирралиги, байналмилаллиги, халқоналиги ва мумтозлигини таъкидлаш жоиз. Оддий халқ қўшиқларидан мақом тароналаригача, Хоразм достон йўлларидан Фарғона яллаларигача, Хоразм сувораларидан – водий катта ашуласигача,  бастакорлар асарларидан халқ мақом йўлларида яратилган ашулаларгача, қардош халқлар қўшиқларидан жаҳон композиторлари романсларигача ўзига хос талқинини топганини эътироф этиш мумкин. “Саратовские частушки”, “Пойду выду”, “Песня девушек” каби рус халқ қўшиқларининг нақадар жозибали ва жонли талқини ҳали-ҳалигача тингловчилар ёдидан чиқмайди.

Учинчидан, ўзбек мусиқа санъатида устоз сифатида обрў-эътиборга эга бўлганлиги. Қайд этиш жоизки, Коммуна Исмоилова устозлардан жуда омади келган санъат намояндасидир. Фахриддин Содиқов, Тўхтасин Жалилов, Саиджон Калонов, Комилжон Отаниёзов, Комилжон Жабборов, Юнус Ражабий, Жўрахон  Султонов, Маъмуржон Узоқов каби замонасининг санъат дарғалари таълимини олганлиги унинг ижодида муҳим ўрин тутган.

Тўртинчидан, хонишда ижро йўлини топиб самарали ижод этганлиги.

Бешинчидан, ўтмиш санъат дарғалари каби шогирдлари кўплиги. У бутун умр ижрочилик билан шуғулланибгина қолмай, ўз давомчиларини тарбиялашга ҳам катта эътибор қаратди. Меҳри      Бекжонова, Зулайҳо Бойхонова, Замира Суюнова, Комила Аминова, Санобар    Каримова, Тожибар Азизова, Мақсад Юнусова, Шарофат Тожибоева каби санъатимиз кўзгулари опанинг издошлари эканликларини фахр билан зикр этадилар.

Энг муҳими, Коммуна Исмоилова ўзбек мусиқа санъатида ибрат даражасида обрў ва эътибор қозонган, ўз қўшиқлари билан халқ қалбидан жой олган санъаткордир.

Бахтиёр АШУРОВ, санъатшунос

Отаназар МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор

Соибжон БЕГМАТОВ,

Ўзбек миллий мақом санъати маркази

бош директори

Report typo