Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • МУСТАҚИЛЛИГИМИЗНИНГ 25 ЙИЛИ: БИЗ ЎЗИМИЗНИ ҲАР ТОМОНЛАМА БАХТЛИ ДЕБ ҲИСОБЛАШГА ТЎЛА ҲАҚЛИМИЗ

Акмал САИДОВ

30.01.2017


МУСТАҚИЛЛИГИМИЗНИНГ 25 ЙИЛИ: БИЗ ЎЗИМИЗНИ ҲАР ТОМОНЛАМА БАХТЛИ ДЕБ ҲИСОБЛАШГА ТЎЛА ҲАҚЛИМИЗ

Маълумки, Президент Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг 30 июнь - 1 июль кунлари Қашқадарё вилоятида бўлди. Мамлакатимиз раҳбарининг янги китобидан ана шу сафар давомида билдирган фикр-мулоҳазалари ўрин олган.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида бўлгани сингари Қашқа воҳасида ҳам улкан янгиланиш ва ўзгаришлар рўй берди. Шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, одамларнинг турмуш даражаси юксалиб бормоқда. Бир пайтлар фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан чекланган воҳада бугун саноатнинг бир неча тури изчил ривожланаётир. Замонавий илғор технологиялар билан  жиҳозланган корхоналар ишга туширилмоқда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тараққий этмоқда.

Албатта, истиқлол йилларида ҳаётимизнинг барча соҳаларида эришилган кўплаб салмоқли ютуқлар халқимиз, шу жумладан, Қашқадарё вилоятида истиқомат қилаётган 3 миллион нафардан зиёд аҳоли - ҳалол ва меҳнаткаш, самимий ва жонкуяр юртдошларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан, тинч ва барқарор, обод ва фаровон, аҳил ва ҳамжиҳат, тўкис ва бахтли ҳаёт кечиришларига қаратилган.             

Давлатимиз раҳбари ҳар гал Қашқадарё вилоятига ташриф буюрганида таъкидлаганидек, бу қадимий ва навқирон диёрнинг энг катта бойлиги, ҳеч шубҳасиз, унинг ҳаёт синовларида тобланган, бағрикенг, мард ва ориятли халқидир. Айни чоғда, собиқ тузум даврида Қашқа воҳаси қолоқ ҳудудлардан бири бўлгани, бунинг оқибатида эса одамлар ҳар томонлама эзилиб, ҳаётдан норози бўлиб яшагани ҳам бор гап.

Энг ёмони, Ўзбекистон мустақилликка эришишидан олдинги яқин тарихнинг аламли саҳифалари, яъни ХХ асрнинг 80-йиллари охирида халқимиз бошига ёғдирилган "пахта иши" деган уйдирма ва бўҳтонлар, "марказ"дан юборилган, ўзини "десантчи"лар деб атаган ёвуз кучларнинг қонунни, адолатни, халқимизнинг шаъни ва ғурурини оёқости қилиб амалга оширган кирдикорлари минглаб қашқадарёликларни ҳам не-не жабр-зулмларга дучор этмади, дейсиз.

Юртбошимиз Қашқадарёга раҳбар этиб тайинланган 1986 йили вилоятда "пахта иши" билан айбланиб, бир ярим минг одам қамалган экан. Агар уларнинг оила аъзолари, қариндош-уруғларини ҳисобга олсак, биргина шу вилоятнинг ўзида "пахта иши" оқибатида 150 минг одам совет   тузумидан жабр кўрган.

Мамлакатимиз раҳбари воҳа аҳлининг бошига оғир мусибат тушган, қийин ва мураккаб синовлардан ўтишига тўғри келган даврлар асло хаёлидан кўтарилмаслиги борасида мушоҳада юритар экан, шундай деб таъкидлайди: "Бугунги кунда ортда қолган, тарихга айланган ўша қалтис пайтларда Қашқадарё эли ҳар қандай машаққатларни сабр-бардош билан енгиб ўтишга қодир эканига ўзим бевосита гувоҳ бўлганман. Бу элнинг олижаноб инсоний хусусиятлари, юксак фазилатлари ҳеч қачон ҳеч бир шароитда ўзгармаслиги, бу инсонлар доимо ўзлигига содиқ бўлиб яшашига ишонч ҳосил қилганман" (4-бет).

Ўз навбатида, қашқадарёликлар ҳам ўшанда Президентимиз уларни ҳимоя қилиб, ишга, ҳаётга руҳлантиргани, энг муҳими, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш борасида матонат кўрсатганини ҳалигача миннатдорлик туйғуси билан эслайдилар. Бинобарин, Ислом Каримов ўша пайтда вилоят раҳбари сифатида воҳа аҳлининг дардини кўп эшитган, "қачон бу замон ўзгаради, қачон кўксимизга шамол тегади", деб куюнганларни кўп кўрган, уларга ҳамиша таянч ва суянч бўлган.

Ҳа, агар мен тенги кишилар сталинча қатағонларни асосан китоблардан ўқиб билган бўлсак, "пахта иши" қатағонини ўз кўзимиз билан кўрдик, таъбир жоиз бўлса, халқимиз бошига тушган ўша ноҳақ азоб-уқубатларни ҳар биримиз жон-жонимиздан, юрак-юрагимиздан ўтказдик. Шу ўринда собиқ марказнинг бундай зўравонликларига, аввало, ҳуқуқшунос сифатида ёндашишни истардим.

Гап шундаки, "марказ"дан юртимизга ташланган "десантчи"лар - Гдлян ва Иванов бошчилигидаги машъум гуруҳ ўшанда гўёки "пахтачилик соҳасидаги коррупция"га қарши "кураш" қуроли бўлиб майдонга чиқди. Бу гуруҳнинг "иш" усули дастлабки қадамлариданоқ қонунчиликни ўта қўполлик билан бузиш, тергов қилинувчилар ва уларнинг қариндош-уруғларига нисбатан очиқдан-очиқ зўравонлик қилиш билан ажралиб турди. Юридик тилда айтганда, "пахта иши" билан боғлиқ тергов жараёнларида "десантчи"лар томонидан тергов қилинган ҳамюртларимизга нисбатан "айбсизлик презумпцияси" эмас, балки "айблилик презумпцияси" қўлланилган.

Кейинги текширишлар давомида аниқланганидек, юртдошларимизни ҳибсга олиш ва қамашлар далил-исботлар йўқ бўлгани ҳолда амалга оширилган. Депутатлар тегишли Кенгашларнинг дастлабки розилиги бўлмагани ҳолда ҳибсга олинган. Уларнинг иш ва яшаш жойлари ноқонуний тинтув қилинган.

Айбланувчиларнинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари ҳам қамоққа олинган. Шу жумладан, беморлар, қариялар, кўпболали оналар ҳам аяб ўтирилмаган. "Вақтинча" қамоқда сақлаш йиллаб давом этган. Қамоққа олинганларнинг айримлари таҳқирларга бардош беролмай, ўз жонига қасд қилган. Аксарияти эса соғлиғидан маҳрум бўлган.

Эл-юртимизнинг бахтига 1991 йилнинг 25 декабрида Президентимиз томонидан "пахта иши" билан қамалганларнинг ҳаммаси афв этилди. Бундай мардона ҳаракатлар бошида Ислом Каримовнинг шахсан ўзи тургани бежиз эмас, албатта.

Аслида, бу ҳаракат Юртбошимизнинг ташаббуси билан айнан Қашқадарё заминида бошланган эди. Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, шундай ўта оғир ва мураккаб вазиятда Президентимизнинг Қашқадарё вилоятидаги (1986-1989 йиллар) фаолиятида "ўзбеклар  иши", "пахта иши" деб аталган кампаниялар туфайли ноҳақ жабр кўрган инсонларни ҳимоя қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини тиклаш алоҳида ўрин тутади.

Мен қарийб 20 йилдан буён ҳар сайловда Қашқадарё вилоятидаги сайлов округидан Олий Мажлис депутатлигига сайланиб келаман. Шу йиллар давомида "пахта иши" қатағонидан жабр кўрган ва Ислом Каримов ҳамда истиқлол шарофати туфайли елкасига офтоб теккан юзлаб қашқадарёликлардан юқоридаги каби аянчли қисматлар тарихини ва айнан Юртбошимизга нисбатан айтилган самимий миннатдорлик сўзларини кўп бор эшитганман.

Мана, Мустақиллик шарофати, халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли мамлакатимиз ҳар томонлама обод бўлиб бормоқда, одамлар ҳаётидан рози бўлиб яшамоқда. Бугунги замонавий шароитлар биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз деган эзгу мақсадимизнинг амалий ифодасидир.

Ўтган ишга салавот, дейди халқимиз. Бу ҳикматли нақлнинг замирида яқин ўтмишда бўлиб ўтган кўнгилсиз ишларни, нохуш ҳолатлару номақбул гапларни унутиш, гина-кудуратга чек қўйишдек хайрли ният мужассам. Бу - тўғри, албатта. Айни вақтда, Президентимиз таъкидлаганидек, "сохта ва ёлғон сиёсат асосига қурилган совет давлатининг барча кирдикорларини ёшларимиз билиши, мустақиллик билан мустабид тузум даврини қиёслаши ва холисона хулосалар чиқара олиши лозим" (8-бет).

Истиқлол йилларида Қашқадарё вилоятининг иқтисодий салоҳияти мисли кўрилмаган даражада юксалди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан "Шўртан газ-кимё мажмуаси", "Муборакнефтгаз", Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Талимаржон иссиқлик электр станцияси каби замонавий саноат корхоналари барпо этилди. "Ҳисорнефтгаз", "Кўкдумалоқгаз", "Шўртангазмаҳсулот" каби йирик қўшма корхоналар ташкил қилингани бу борада  айниқса улкан аҳамият касб этди.

Президентимизнинг китобида қайд этилганидек, "Бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 7 фоиздан ортиғи, табиий газнинг 64 фоизи, нефтнинг 67 фоизи, газ конденсатининг 87 фоизи, юртимизда етиштирилаётган жами ғалланинг 12 фоизи, пахта хомашёсининг эса қарийб 12 фоизи айнан Қашқа воҳаси ҳиссасига тўғри келмоқда". Бу йил ғалла ҳосилдорлиги гектарига ўртача 62 центнерни ташкил этаётгани ҳам қашқадарёлик миришкорларнинг фидокорона меҳнати ва омилкорлиги самарасидир.

Айни пайтда Муборак, Деҳқонобод туманларидаги энг замонавий технологияларга асосланган саноат корхоналари фаолияти тобора кенгаймоқда. Денгиз сатҳидан 1800 метр баландликда бунёд этилган "Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон" темир йўли эндиликда осмонўпар тоғлар орасини кесиб ўтиб, ер ости минерал ресурслари, нефть ва газ, рангли металл, кўмир ҳамда калий тузи, қурилиш материаллари ва бошқа қимматбаҳо фойдали қазилмаларни ўзлаштириш имконини бермоқда.

Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларининг 2700 йиллиги муносабати билан вилоят янада гўзал ва обод масканга айланди. Айни соҳадаги ишларни янада юксак босқичга кўтаришда, жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг "2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарори муҳим омил бўлди. 

Ушбу қарорга мувофиқ, вилоят ҳудудида мавжуд 1 минг 20 тадан ортиқ ноёб тарихий ва маданий объектлар халқаро ҳамда маҳаллий сайёҳликка мослаштирилди. Вилоятдаги кўҳна  тарихий мажмуалар, ёдгорликларни асраб-авайлаш ва уларни келажак авлодга етказиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари ўтган йили вилоятга ташрифи асносида, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида амалга оширилаётган улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари "Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?" деган саволга жавоб эканини, улар вилоят қиёфасини ўзгартириб, аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас.

Чиндан ҳам, бугун Қарши шаҳрини ривожлантиришнинг янги босқичи изчил бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 июлда қабул қилинган "Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, кейинги даврда Қарши шаҳрининг ҳудуди 9 минг гектардан 17 минг гектарга кенгайтирилди. Янги йўл ва кўприклар, кўп қаватли уй-жойлар, боғ ва хиёбонлар, хизмат кўрсатиш объектлари бунёд этилди. Ўзбекистон, Мустақиллик, Амир Темур, Алишер  Навоий, Насаф, Хонобод кўчалари кенгайтирилиб, атрофи ободонлаштирилди.

Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 56 километрлик халқа йўли қурилмоқда. Унинг темир йўл ва дарёлар билан кесишадиган жойларида 6 та замонавий йўл ўтказгич ва кўприклар бунёд этилмоқда. Бу шаҳар ҳавоси мусаффолигини ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлайди.

Ободлик ва замонавийлик ҳақида сўз борганда, қарийб 141 километрлик Мароқанд-Қарши участкаси тўлиқ электрлаштирилгани ва поездлар ҳаракатини бошқарадиган замонавий тизим йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Айниқса, 2015 йил 22 августдан эътиборан юқори тезликда ҳаракатланувчи "Afrosiyob" электропоезди Тошкент-Қарши йўналишида мунтазам қатнаётгани ғоятда аҳамиятлидир.

Қашқадарё дарёси устидаги Амир Темур тарихий кўпригидан кўп марта ўтиб-қайтганман. Истиқлолгача бўлган даврда қашқадарёликлар ушбу кўҳна иншоотни жуда қадим замонларда бу юртларда бўлган юнон фотиҳи Искандар Зулқарнайн, яъни Александр Македонский номи билан боғлаб, "Македонский кўприги" деб аташарди.  Назаримда, бу ҳолнинг иккита сабаби бўлган.

Авваламбор, воҳа аҳли Соҳибқирон аждодимиздан мерос ушбу муқаддас тарихий обидани "компартия"нинг вайронкор мафкураси зуғумидан асраб қолиш мақсадида шундай оқилона ҳийла ишлатган бўлиши мумкин. Ёки аксинча, бу - Амир Темур бобомизнинг номи, кўприк баҳонаси билан бўлса-да, халқимиз тилида янграб туришини истамаган ўша шўро мафкурачиларининг иши бўлишиям эҳтимолдан холи эмас.

Нима бўлганда ҳам, эндиликда тарихий ҳақиқат қарор топди. Қисқа вақт ичида мазкур муҳташам кўприк ва унинг атрофида улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Амир Темур кўприги замонавий талаблар асосида реконструкция қилинди. Қашқадарё дарёсида учта тўғон қурилиб, 51 та катамаран, 2 та туристик катер келтирилди. Қирғоқ бўйидаги эски бинолар ўрнида гўзал хиёбон бунёд этилди. Болалар учун замонавий аттракционлар ўрнатилди. 14 коттеж, 4 кафе-бар, болалар майдончалари, 4 сунъий қопламали спорт майдончаси барпо этилди. 24 гектар майдон кўкаламзорлаштирилиб, 4 мингдан ортиқ манзарали дарахт ва буталар экилди.

Президентимиз роппа-роса бир йил илгари Қашқа воҳасига келганида Амир Темур бобомиз номидаги кўприк атрофида бугун амалга оширилган ишларнинг режаси пайдо бўлганига эътибор қаратиш асносида шундай деб қайд этади: "Ушбу ҳудудни ҳар томонлама обод қилиб, уни замонавий Қашқадарёнинг бир намунаси, Қашқадарё халқининг ибратли ишларидан бири сифатида тарихда қолдиришни мақсад қилган эдик. Бугунги имкониятдан фойдаланиб, шу эзгу ва олижаноб ишга ҳисса қўшган, унда иштирок этган барча-барча инсонларни бағримга босиб, чин қалбимдан табриклайман ва чуқур миннатдорлик билдираман" (24-бет).

Юртимизнинг қадимий масканларидан яна бири, олис тарихда Кеш номи билан машҳур бўлган, истиқлол йилларида Юртбошимиз томонидан "Қашқа воҳасининг зумрад гавҳари" деб таърифланган Шаҳрисабз ҳам шу кунларда том маънода ям-яшил, зумрад ва кўркам шаҳарга айланган. Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллик тўйига армуғон сифатида улуғ аждодимиз туғилиб-ўсган бу азиз шаҳарда жуда катта кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди.

Жумладан, биргина муҳташам Оқсаройга туташ тарихий майдонга кўрк бағишлаш учун Бельгиядан 10 минг туп атиргул олиб келинди. Қашқадарё вилоятига сайловчиларимиз билан учрашувга борганимизда, бу эзгу ишларга бевосита гувоҳ бўлдик. Бу ноёб гулларнинг аксарияти Амир Темур ҳайкали атрофини бадиий шаклли ажиб гулзорга айлантиришда қўл келганини кўриб қувондик.

Шунингдек, марказий хиёбонда 24 турдаги манзарали дарахт ниҳоллари ва буталар экилди. Мисол учун, магнолия, жўка, лола дарахти, эман, каштан, қарағай, зирк дарахтлари, ҳаттоки, сайёрамиздаги энг ҳайратомуз, улкан ўсимлик - секвойя каби ранг-баранг ниҳоллар кўзни қувонтиради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралда қабул қилинган "Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, ҳудудни архитектуравий режалаштириш, қиёфасини яхшилаш мақсадида 36 та объектда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Хусусан, Оқсарой мажмуасини Дорут-тиловат ва Дорус-саодат мажмуалари билан бирлаштирувчи хиёбондаги одам нафасини қайтарадиган бетон майдонлар ўрнида гулзорлар билан ўралган яшил ҳудуд барпо қилинди. Бу билан шаҳар марказида ўзига хос микроиқлим вужудга келтирилди.

Оқсарой мажмуаси атрофидаги майдон кенгайтирилиб, Чорсу бозори, Кўкгумбаз, Дорут-тиловат, Дорус-саодат обидаларини боғловчи сўлим хиёбон барпо этилди. Хиёбондан Дорут-тиловат мажмуаси ҳудудигача бўлган кўчалар энг замонавий тунги ёритиш мосламалари билан жиҳозланди. Амир Темур ҳайкали атрофида 72 та замонавий ёритиш ускунаси ўрнатилди. Майдон йўлаклари ва ҳайкал пойидаги гранит ва мармар плиткалар алмаштирилди.

Яшил майдонларнинг суғориш тизимлари ҳам бутунлай янгиланди. Йўлакларга 5,5 минг квадрат метр безакли қоплама ётқизилиб, сувпуркагичлар майдондаги суғориш тизимига уланди. Бошқача айтганда, Амир Темур майдони, унинг ён-атрофи янада кенгайиб, мазкур ҳудуддаги тарихий обидаларни боғлаб турадиган янги, гўзал хиёбон барпо этилди. Натижада бу пурвиқор маскан бетакрор меъморий мажмуага айланди.

Шаҳрисабз шаҳрининг Ипак йўли кўчаси ҳам бутунлай ўзгача қиёфа касб этди.  16 та кўп қаватли турар жой биноси қад ростлади. Уйларнинг биринчи қаватидан савдо дўкони, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ўрин олган. Қарши шаҳрига борадиган 129 километрлик замонавий йўл қурилмоқда. Шу тариқа Шаҳрисабз жаҳон туризми марказларидан бирига айланмоқда.

Шаҳрисабзнинг бугунги обод ва кўркам қиёфасидан баҳра олар эканмиз, Президентимизнинг қуйидаги сўзлари хаёлимиздан кечди: "Мен яхши эслайман, 1986 йили Қашқадарёда ишлаган пайтимда Шаҳрисабзда янги уйлар қуриш тажрибасини бошлаган эдик. Ўшанда уйларнинг ташқи деворини пишиқ ғиштдан, ички деворини эса хом ғиштдан қуришга мажбур бўлганмиз. Чунки пишиқ ғишт ҳам, ғишт заводлари ҳам бугунгидек кўп эмас эди. Бугун эса, мана, кўряпмиз, ҳар томонлама қулай шарт-шароитларга эга бўлган уй-жойларни қуриш учун барча шароитлар етарли" (Президент Ислом Каримовнинг Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқидан, 2014 йил 2 апрель).

Эътиборлиси, бундай бунёдкорлик ишлари вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларини ҳам қамраб олаяпти. Натижада қишлоқ жойларда худди шаҳардаги сингари замонавий қулайлик, шарт-шароитлар яратилмоқда. Бинобарин, бунёдкорлик халқимизга хос азалий фазилат.

Қашқадарё бир кунда тўртта фаслнинг чиройи ва баракасини ўзида намоён этадиган диёр. Юртбошимиз таъкидлаганидек, Қашқадарё - Оллоҳнинг назари тушган  Ватанимизнинг муқаддас гўшаларидан бири. Бу заминда юздан ортиқ азиз-авлиёларнинг қадамжолари мавжуд.

Касби туманидаги зиёратгоҳда мангу қўним топган Султон Мирҳайдар ота ҳазратлари бугунги кунда мақбара ва мажмуалари тубдан обод этилаётган Занги отамизнинг машҳур шогирди экан. Ҳатто  Алишер Навоий бобомиз ўз волидасини шу улуғ зот мақбараси яқинида дафн эттирган, деган тарихий маълумотлар бор.

Истиқлол йилларида мўътабар аждодларимизнинг шу каби не-не зиёратгоҳлари обод бўлиб, шаҳар ва қишлоқларимизнинг кўрки тамомила очилиб бормоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида қанчадан-қанча замонавий ҳамда гўзал иншоотлар, дунёда тенги йўқ саноат корхоналари, равон йўллар ва кўприклар, шифохона ва мактаблар, коллеж ва лицейлар, маданият ва спорт мажмуалари бунёд этилди. Кўплаб намунавий уй-жойлар, гузарлар, замонавий инфратузилмалар қурилди ва изчиллик билан яна қурилмоқда.

Энг асосийси, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган кўркам уйларда ҳамма нарса муҳайё. Сайловчилар билан учрашувлар пайтида ҳар бир қашқадарёлик бу каби бунёдкорлик ишларида бевосита иштирок этаётганига ва ўз меҳнати ҳамда истиқлол берган имкониятлар самараларидан миннатдор бўлиб, келажакка ишонч билан яшаётганига шахсан гувоҳ бўлдим.

Ўз даврида Амир Темур бобомиз "Агар куч-қудратимизга шубҳангиз бўлса, биз бунёд этган муҳташам иморатларга боқинг", деган  сўзларни Оқсаройнинг пештоқига ёздириб қўйганларини яхши биламиз. Айни чоғда, ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда, бевосита иштирокимизда барпо этилган мустақиллик даври архитектурасининг ноёб намуналари ҳам шундай фахру ифтихорга ҳар томонлама муносибдир.

 Миллий қадрият ва анъаналаримизни тиклаш, маънавият ва маърифатни юксалтириш борасида амалга оширилаётган бу каби улкан бунёдкорлик ишлари, биринчидан, бугунги авлоднинг саодатли ҳаётини таъминлаётган бўлса, иккинчидан, келгуси авлодлар учун бахтнинг мустаҳкам пойдевори бўлмоқда. Қолаверса, миллий тикланиш йўлидаги шахдам одимларимиз улуғ аждодларимиз руҳларини ҳам шод этаётган бўлса, не ажаб!

Шундай қилиб, Президентимиз таъбири билан айтганда, "Энг муҳими, бугун Қашқадарё аҳли билан, бутун халқимиз билан бирга амалга оширган ва ошираётган ишларимизни ҳисобга оладиган бўлсак, тинч ва осойишта, обод ҳаётимизга баҳо берадиган бўлсак, биз ўзимизни ҳар томонлама бахтли деб ҳисоблашга тўла ҳақлимиз" (27 -бет).

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати

Report typo