Мангуликка дахлдор бўлган ушбу кунга ҳам чорак аср бўлаётир. Мен ўша вақтларда ҳозирги Тошкент давлат юридик университетининг талабаси эдим. Биз талабалар муҳтарам Юртбошимиз томонидан давлатимиз мустақиллигининг эълон қилинганини қанчалик ҳис-ҳаяжон ва қувончу шодлик билан кутиб олганимиз ҳали-ҳануз ёдимда.
Инсоният тарихига бир қур назар ташлайдиган бўлсак, аксарият элу халқлар эрку озодликка тинимсиз урушлар, қон тўкиш ва йўқотишлар орқали эришганининг гувоҳи бўламиз. Тарихий шарт-шароит бизга шундай имконият яратиб бердики, халқимиз сабр-тоқат ва вазминлик, жипслик ва тинчлик йўли билан Президентимиз раҳнамолигида давлат мустақиллигини қўлга киритди. Бу билан халқимиз истиқлолга осонликча эришди, дейиш фикридан мутлақо йироқмиз. Зеро, бу юртнинг озодлигини истаган, очиқ ёхуд пинҳона курашган элнинг қанчалаб асл фарзандлари шаҳид кетдилар. Уларнинг ҳаёти, фаолияти ва курашини ўрганиш, ҳаққоний ва адолатли ёритиш ҳамда келгуси авлодларга етказиш бизнинг муқаддас бурчимиздир.
Ислом Каримов республикага раҳбар бўлиб тайинланган 1989 йилнинг июнь ойида аҳвол ўта мураккаб ва кескин эканлиги ҳам хотиримизда турибди. Республика ҳудудида юз берган фожиали воқеалар, сиёсий беқарорлик, бошбошдоқлик, оммавий тартибсизликлар, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги инқирозлар, “ўзбек иши”, “пахта иши” деган қатағонлар, бутун бир миллатнинг елкасига ёпиштирилган туҳмат ва бўҳтонлар, одамлар иқтисодий аҳволининг оғирлашиб бориши – буларнинг барчаси довулдек ёпирилиб, халқнинг тинка-мадорини қуритган эди. Марказда ҳеч ким халқнинг дардига қулоқ солмасди. Одамлар дарду дунёсини кимга айтишларини билмасди. Шундай бир паллада Ислом Каримов республикага раҳбар бўлиб келгач, ана шу инсоннинг донолиги, зукколиги ва узоқни кўра билиши, фидойилиги ва тинимсиз саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистонда сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий барқарорлик сақлаб қолинди. Халқ ўзининг йўлбошчисига комил ишонч билан эргаша бошлади. Бугун бу гапларни айтиш осон. Аммо ўша таҳликали ва оғир шароитда бутун бир мамлакатни тараққиёт сари етаклаш ҳазилакам иш эмасди.
Ўзбекистонимизнинг мустақиллик йўлидаги қатъий ва дадил ҳаракатлари, албатта, ҳаммага ҳам бирдек ёқавермасди. Масалан, собиқ Марказдаги империяпараст кучлар ва уларнинг юртимиздаги тарафдорлари томонидан уюштирилган фитна, бир гуруҳ қўпорувчи кучларнинг жиноий ҳаракатлари ва ҳоказо... Буларнинг барчаси Ўзбекистондаги вазиятни издан чиқаришга, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътиборига путур етказишга, умуман олганда, мустақиллигимизни йўққа чиқаришга қаратилганди. Собиқ марказ томонидан Ўзбекистонга, ўзбек халқига қанча-қанча тамғалар босилмади, қанчалаб маломат тошлари отилмади, дейсиз?
Мустақиллик ва унга эришиш жараёни ҳақида фикр юритаётганда Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли асарини яхшилаб ўрганишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Кекса ва ўрта авлод вакиллари халқу давлатимиз ҳаётини мустақилликкача ва мустақилликдан кейинги даврларга бўлиб, таққослаб баҳолайдилар, инсоф ва адолатга таянган ҳолда асосли хулоса чиқарадилар. Ёш авлод ҳам истиқлолнинг нечоғлик муҳим ва буюклигини тўлиқ англаб бормоқда. Юртбошимиз бундан чорак аср муқаддам, яъни 1991 йилнинг 31 август куни давлатимизнинг сиёсати ҳақида шундай деган эди: “Мустақил Ўзбекистоннинг сиёсати – инсонийлик, эзгулик қонунларига асосланади ҳамда фуқаролар осойишталиги ва миллий муроса сиёсати бўлиб қолади”.
Шу ўринда мустақилликнинг нима эканлигини ойдинлаштирувчи иккита савол пайдо бўлади. Биринчиси – “Мустақиллик бизга нима берди?” Кейингиси - “Ким эдигу ким бўлдик?”
Аввало мустақиллик бизга ўзлигимизни англаш ҳуқуқини берди. Муқаддас динимиз, тилимиз ва миллий қадриятларимизни қайтариб берди. Собиқ иттифоқ таркибида Ўзбекистон учун дунё эшиклари ёпиқ эди. На иқтисодиётда, на сиёсатда эркимиз қўлимизда эди. Истиқлол эса бундай эшикларни ланг очиб қўйди. Ўзбекистон ўз сиёсий йўлини белгилади. Бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётнинг ёрқин йўлига чиқиб олди. Тарихан қисқа давр ичида мамлакатимизда улкан ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари, барча жабҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, биз ўз мустақил йўлимизни қатъий танлаб олдик. Энди бизни кечаги мустабид ҳаёт билан боғлайдиган ҳеч қандай кўприк қолмади.
Узоққа бормайлик, чекка ва қолоқ бир ҳудуд сифатида қараб келинган Деҳқонобод тумани ҳам истиқлол неъматларидан четда қолмади. Туман ҳудудидан темир йўл ўтиши инфратузилманинг ривожланишига сабаб бўлди. Калийли ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, электр энергиясини тежовчи лампочка цехи, қандолатчилик ва ширинликлар, печенье ва макарон ишлаб чиқарувчи корхоналар, маъмурий, маиший иншоотлар, намунавий лойиҳадаги турар жойлар, замонавий коллежлар ва мактаблар, спорт мажмуалари бунёд этилди. Буларнинг барчаси мустақиллик шарофатиданки, санаб адоғига етиш душвор.
Кичик бир мисол. Туманда жорий йилнинг 3 ойи давомида 169 та кичик бизнес ва якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 34 таси савдо ва хизмат кўрсатиш, 8 таси чорвачилик, 1 таси паррандачилик, 10 таси бошқа соҳалар ва 57 таси деҳқон хўжаликларини ташкил этади. Шу давр мобайнида 698 ёки режага нисбатан 100,1 фоиз янги иш ўрни яратилди. Туманнинг экспорт салоҳияти тўғрисида ҳам худди шундай фикрларни билдириш мумкин. Буларнинг барчаси турмуш фаровонлигини, дастурхонларимиз тўкинлигини таъминламоқдаки, барча тўкинчилик, ободлик ва бунёдкорлик замирида истиқлол, у ато этган тинч-осойишта кунлар турганини яхши биламиз.
Она Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги айёми тобора яқинлашиб келмоқда. Байрам муносабати билан туман ҳудудидаги 25 та кўча ва унинг атрофидаги турар ва нотурар жойларни ободонлаштириш режалаштирилган. Ҳозир бу борада муайян ишлар бажарилмоқда.
Халқимизнинг кайфияти, эртанги кунга ишончи баланд. Улар мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир эзгу ишдан фахр-ифтихор туйғуларини туймоқдалар, тинчлик ва осойишталик тараққиётга нечоғлик боғлиқ эканлигини қалбдан англайдилар. Зеро, юртимизда тинчлик ва тотувлик ҳукм сураётган экан, мустақиллигимиз абадул абад мустаҳкам, эртанги кунларимиз бундан-да нурафшон бўлиб бораверади.
Абдишукур ОМОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Деҳқонобод тумани ҳокими