Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдуқаюм БЕККАМОВ

20.01.2017


МУСТАҚИЛЛИК МЎЪЖИЗАЛАРИ

Буни Деҳқонобод тумани мисолида ҳам кўриш мумкин. Туман республикамизнинг чекка ҳудудида жойлашган. Ўтмишда Деҳқонободга қолоқ бир манзил сифатида қараларди. Тўғри, Деҳқонободнинг пурвиқор тоғлари ва сўлим боғлари ҳар қандай кишини ҳам ўзига ром қилиб қўярди. Самимий ва қалби очиқ, танти ва меҳнаткаш одамлари бу гўшанинг кўрки. Бироқ одамларнинг яшаш тарзи ўзига яраша эди. Йўллар тор ва ўйдим-чуқур. Аҳоли турар жойлари пастак ва лойсувоқ. Маъмурий бинолар ҳам кўримсиз ҳолатда эди. Туман маркази – Деҳқонобод шаҳарчасида бор-йўғи тўрттагина чойхона мавжуд бўлиб, улар ҳам етарлича жиҳозланмаган, санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган даражада эди. Чойхоналарда атиги бир, нари борса икки хил таом тайёрланарди. Унинг сифатига ҳеч ким кафолат бермасди. Бунга одамлар кўникиб ҳам қолишганди.

Туман аҳолиси фақат аграр соҳа – қишлоқ хўжалиги билан шуғулланарди, аммо бири ҳеч икки бўлмасди. Саноат ҳақида, ишлаб чиқариш хусусида гап бўлишиям мумкин эмасди. Илгари ногаҳон туманни газлаштириш ҳақида сўз очилса, “Ўйнатадиган одамингни топибсан-да”, деб қўл силтанарди. Борди-ю тоғ оралаб поезд келармиш дейишса, эртак тўқимасликни айтишарди. Ҳа, дарҳақиқат, илгари бу фикрлар мутлақо ишониш мумкин бўлмаган, ҳайратомуз гаплар эди. Тақир бир ерда улкан завод қурилиши кимнинг ҳам хаёлига келибди, дейсиз?!

Фақат мустақилликкина тушга ўхшаган таъбирни ростга, афсонани эса ҳақиқатга айлантирди.

Ўтган аср 80-йилларининг охири. Мен туман партия қўмитасида ишлардим. Ўшанда бир йиғилишда туман раҳбари Деҳқонобод туманини газлаштириш масаласида Москвага юборилган хатга собиқ иттифоқ вазирлигидан туманни 2005 йилгача газлаштириш мумкин эмас, деган қатъий жавоб келганини афсус-надомат билан баён қилганди. Масковдан ёқимли мужда кутиб ўтирган одамларда тушкунлик кайфияти пайдо бўлгани ҳамон ёдимизда.

Хайрият, бу ҳол узоқ давом этмади. Истиқлол бундай тушкунлик туманини буткул тарқатиб юборди. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Деҳқонободга табиий газ келтирилди. Ҳозирги кунда салкам 4 минг хонадон ва 102 та улгуржи истеъмолчи газдан фойдаланмоқда.

2007 йилнинг августи. “XXI аср мўъжизаси” номини олган узунлиги 223 километрни ташкил этувчи Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўл линиясининг ишга туширилиши деҳқонободликлар учун ҳам чинакам байрамга айланиб кетди. Чавандоз йигитлар мустақил Ўзбекистоннинг байроғини ҳилпиратганларича вагонларни тортиб, дадил одимлаётган паровоз билан ёнма-ён от чоптириб ўтишди. Темир йўл атрофларида дошқозонларга ошлар осилди. Поезднинг пўлат излар устидан илк ўтишини қишлоқлар аҳли бўлакча ҳаяжон, ўзгача шоду хуррамлик билан кутиб олишди. Кишиларнинг қувончу шодликлари куй-қўшиқларга уланиб кетди. Шу куни байрам кечгача давом этди.

“Деҳқонобод” ва “Оқработ” темир йўл станцияларида темир йўл транспорти ходимларининг яшаши учун 4 та икки қаватли ва 2 та бир қаватли замонавий коттеж қурилди. Шунингдек, “Деҳқонобод” темир йўл станцияси ҳудудида барча қулайликлар ва замонавий жиҳозларга эга бўлган спорт мажмуаси барпо этилди. 2009 йилнинг 20 августидан эса Тошкент – Термиз – Тошкент йўналиши бўйича йўловчиларни ташиш бошланди.

Қорадаҳна қишлоғи яқинидаги Консой устига қурилган салобатли кўприкнинг узунлиги 234,2 метрни, баландлиги эса 45 метрни ташкил этади. Темир йўл 170 километр масофани ва 7 соат вақтни тежаш имконини берди ҳамда минтақада ижтимоий инфратузилмани яратиш борасида муҳим омил бўлди, индустриал тараққиётни янги босқичга кўтарди, туман иқтисодиёти ва маданий ҳаётида кескин бурилиш ясади. Туманга саноат дадил кириб кела бошлади. Умумий қурилиш қиймати 123,7 миллион АҚШ доллари бўлган, йилига 200 минг тонна калийли ўғитлар ишлаб чиқариш қувватига эга калийли ўғитлар заводи бунёд этилди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, Тепақўтондаги калий тузлари захираси 300 йилга етаркан. Конда 215 миллион тоннадан ортиқ калий тузлари (сильвинит) бор бўлиб, тоғ остида 250-700 метр чуқурликда жойлашган. Бир сўз билан айтганда, буюк истиқлол Деҳқонобод заминида “мудраб” ётган нефть, газ, калий тузи, гипс, оҳак ва бошқа хил қазилма бойликларини “уйғотиб”, мамлакат тараққиёти ва халқ манфаати учун хизмат қилдиришга бўйсундирмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Жума бобо Ибрагимов ҳайратини яширолмайди:

- Инсон қадрини осмон қадар кўтариш, кексаларни эъзозлаш бундан ортиқ бўладими? Шундай тинч ва осойишта юртда яшаётганимиз учун қанча шукрона айтсак кам.

- Собиқ тузумнинг асоратлари ҳали ҳам кўнглимиздан ўчгани йўқ, - дейди умрининг эллик икки йили таълим соҳасида ўтган, чучукқудуқлик меҳнат фахрийси Бозор Бердиев. – Ўшанда ўқитувчиларга йилига 4 центнердан гўшт топшириғи бериларди. Уйида бир тишлам гўшти бўлмаган киши қаёқданам гўшт топиб берарди? Топшириқни бажармасликнинг эса иложи йўқ. Емасак ҳам, ичмасак ҳам ўша “режа”ни бажарардик-да, қутулардик. Тўрт-бешта мол-ҳолга сомон олиб келиш учун далага чиқсак, қопимизни йиртиб, ўзимизни ҳақоратлаб, даладан ҳайдаб юборишарди. Додингни ким тингларди?

Бозор бобо ҳақ гапларни айтаяпти. Одамларимиз шундай аянчли кунларни ҳам кўрди. Бугун одамларнинг эрки қўлида. Яхши яшаяпти. Меҳнат қилган кам бўлаётгани йўқ.

Мустақиллик йилларида туман ҳудудида барча замонавий қулайликларга эга 8 та касб-ҳунар коллежи, 80 га яқин таълим ва 12 та тиббиёт муассасаси, болалар мусиқа ва санъат мактаби, ўнлаб савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилгани ҳам кишиларимизнинг фаровон умр кечириши, ўқиб-изланиши, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтирмоқда. Шунингдек, “Шўртан газ-кимё мажмуи” ҳомийлигида электр энергиясини тежовчи лампочка цехи, қандолатчилик ва ширинликлар, печенье ва макарон ишлаб чиқарувчи корхоналар бунёд этилгани кўплаб ёшларнинг иш билан таъминланишига гаров бўлиб хизмат қилаяпти. Кейинги олти йил давомида туман ҳудудида 270 дан зиёд оила намунавий лойиҳадаги уй-жой соҳиби бўлди. Эҳ-ҳе, бундай ўзгаришларни бирма-бир санаб, адоғига етиш қийин.

 Икки йил илгари бунёд этилган 5-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг кўркам биноси туман марказига узукка кўз қўйгандек ярашиб турибди. 2 миллиард 400 миллион сўмлик қурилиш-пудрат ишлари амалга оширилган ушбу замонавий маскан 150 нафар ўқувчига мўлжалланган. Ташқи кўриниши ва салоҳияти Тошкент давлат консерваториясини эслатиб юборадиган мазкур мактаб биносида 250 ўринли концерт зали, хореография, рақс, тасвирий санъат, маънавият хоналари мавжуд. Ишончимиз комилки, келгусида бу даргоҳдан етук санъат намояндалари етишиб чиқажак.

Бибиқорасоч қишлоғида яшовчи Ҳайдар бобо Бозоров ҳам узоқ йиллар таълим соҳасида ишлаган. Бугунги кунда кексалик гаштини сурмоқда.

- Бугунги кунга шукур қилиш керак, - дейди Ҳайдар бобо. – Юрт гўзаллашиб, бирам обод бўлиб бораяптики, ҳавасинг келади. Биз қандай мактабларда ўқиган эдик? Томининг усти ёпилганини айтмаса, мисли чалдивор эди. Мактаб болалари гуррос ўтиб-қайтса, шипгача қуюқ чанг ўрларди-ю нафасинг ичингга қайтиб кетарди. Энди эса бири-биридан кўркам, чиройли мактаблар, коллежлар қурилаяпти. Бир куни қизиқсиниб, мактабга борсам, оғзим ланг очилиб қолди. Синфхоналар – кенг, ёруғ, шинам ва озода. Билим олиш учун нимаики зарур бўлса, барчаси муҳайё. Энди ёшлик чоғим ўтиб кетгани бир алам қилади, бир ҳозирги ёшларга ҳавасим келади. Бозорларимиз тўкин-сочин, обод ва файзли - ҳамма нарса топилади. Йўллар – кафтдек теп-текис. Юрса, ҳатто машина ҳам роҳат қилади, одамни-ку қўяверинг. Тоғ оралаб кетаётган анови поездга бир қаранг, поездга... Ким ҳам ўйлабди, бу ерлардан поезд ўтади, деб. Баланд-баланд тоғларни қўпориб, темир йўл ётқизишди. Ҳеч ишонмайдиган гаплар, етти ухлаб тушингга кирмаган воқеалар – бу! Буларнинг бариси – мўъжиза-ку, мўъжиза! Бу кунларнинг қадрига етиш керак. Яратган юртимизни ўз паноҳида асрасин!

- Илгари тадбиркор, хусусий мулк деган гаплар йўқ эди, - дейди “Нуроний” жамғармаси туман бўлинмаси раиси Кенжа Эшбоев. -  Оёғимизга бир жуфт туфли ёки эгнимизга яхшироқ кийим олиш учун ҳам Ғузор ёки Қаршига борганларимиз эсимда.

Ҳа, бугун деҳқонободликларнинг дастурхони тўкин, ҳаёти эса фаровон. Туман бозорларида аҳоли эҳтиёжи учун исталган нарса топилади. Одамларнинг кайфияти баланд ва кўтаринки, эртанги кунга ҳам ишончи минг чандон ортган. Уларнинг чеҳраларида истиқлолдан масрурлик аломатлари балққан. Қалбларда бугунги тинч ва осойишта, дориламон  кунларга шукрона мужассам.

Дарҳақиқат, озод ва обод юртимизда инсоннинг ақли шошадиган улкан ишлар - мўъжизалар бўлаяпти. Булар - мустақиллик инъом этаётган мўъжизалардир. Улар шундоқ ёнгинамизда, нақ мўъжизаларнинг ичида яшаяпмиз, уларга ўрганиб ҳам қолдик. Шунинг ўзи ҳам тенгсиз бахт эмасми?!

Абдуқаюм БЕККАМОВ,

Деҳқонобод туман ҳокимлигининг масъул ходими

Report typo