Жумладан, кўплаб мусулмон мамлакатлари илм-фан ва технологиялар соҳасида ривожланган давлатлардан сезиларли даражада орқада қолмоқда. Масалан, аъзо давлатларнинг фақатгина 11 та олий таълим муассасаси жаҳоннинг 500 та энг яхши университети рейтингидан ўрин олган, холос. Ёки 2015 йилда дунё бўйича патент олиш борасидаги мурожаатларда бу мамлакатларнинг ҳиссаси атиги биру ўндан тўққиз фоизни ташкил этган. Ташкилотга аъзо давлатларда 2016 йилда эълон қилинган илмий мақолаларнинг қарийб 80 фоизи 7 та давлат ҳиссасига тўғри келган. Аксарият мусулмон мамлакатлари бой табиий захираларга, катта молиявий салоҳиятга эга бўлса-да, иқтисодиётга инновацион ғоя ва технологияларни жорий этишда фаоллик кўрсата олмаяпти.
Ўз-ўзидан аёнки, фундаментал фан соҳаларини ривожлантириш, даврнинг долзарб муаммоларига илмий ечимлар топишга қаратилган ҳамкорликни йўлга қўйиш ислом оламининг илмий-технологик салоҳиятини ошириш учун мустаҳкам замин яратади.
Мазкур масалалар Қарши давлат университетида ташкил этилган “Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар: моҳият ва мақсадлар” мавзусидаги семинарда ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг вилоятдаги вакиллиги, вилоят маънавият ва маърифат маркази масъул ходимлари, имом-хатиблар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги тадбирда юртимизда жамият ҳаётининг барча жабҳалари қаторида диний соҳада ҳам муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази барпо этилгани, ҳудудларда илмий мактаблар ташкил этилиб, буюк алломаларимизнинг ноёб асарлари тадқиқ этилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ.
Энг муҳими, бу борадаги ислоҳотлар мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ҳамда ҳамжиҳатликнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
- Бироқ ғоялар кураши авж олган XXI асрда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида юз бераётган ташвишли ҳолатлар, зиддиятли тўқнашувлар ўнглаб бўлмайдиган оқибатларни юзага келтирди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими Комилжон Шермуҳаммедов. – Яқин Шарқ мамлакатларида юзага келган вазият, қолаверса, минтақамизда Афғонистон мисолида узоқ йиллардан буён давом этаётган беқарорлик барчани саросимага солиб келмоқда. Энг ачинарлиси, бу фожиали воқеаларни ташкил этаётган ёвуз кучлар дин омилидан устомонлик билан фойдаланмоқда. Гўёки ислом динининг асл моҳиятига қайтишни даъво қилиб, асрлар давомида мусулмон цивилизацияси босиб ўтган йўлни, қўлга киритилган натижаларни, тараққиётни йўққа чиқариш орқали бутун инсониятга зарар келтирмоқда.
Қайд этиш лозимки, муқаддас динимиз ғояларидан ғаразли манфаатлар йўлида фойдаланишнинг олдини олиш бўйича Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида янги ва муҳим таклифлар билан чиқди. Барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишга қаратилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси, ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция ишлаб чиқиш таклифлари жаҳон ҳамжамияти томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.
Юқоридагилардан кўринадики, мазкур жараёнларда дастлабки бўғин – имом-хатибларимиз ҳам ҳар жиҳатдан фаол бўлишлари, аввало, ахборот маконидаги янгиликлардан бохабар бўлиб, ёт ғояларга қарши раддиялар беришда, ёшларимизни тўғри йўлга йўналтиришда зиммаларидаги масъулиятни чуқур ҳис этишлари даркор.
Семинарда айни жиҳатлар бўйича зарур тавсиялар берилди, галдаги вазифалар муҳокама этилди.
Б.ЎКТАМ
Суратда: тадбирдан лавҳа.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.