Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Рисолат ХОЛИҚОВА

08.02.2018


МУТАФАККИР ВА СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ

Навоий тиб илми асосларини яхши билиши, табобатга қизиқиши, халқ аҳволини яхшилашга бўлган инсонпарварлик ҳаракати туфайли Ҳиротда Дор уш-шифо, яъни даволаш уйи фаолият кўрсатган. Амир Навоийнинг саъй-ҳаракатлари билан Ҳиротда машҳур табиблар бир ерга жамланади. Бу эса ўша даврдаги табобат илмини ривожлантиришга қулайлик туғдирган. Бундан ташқари, Шарқда шифохоналар очиб, уларда касалларни қабул қилиш ва илмий ишлар олиб бориш қадимдан маълум бўлиб, Навоий ҳам албатта бундай шифохоналар фаолиятидан бохабар эди.

Ҳиротдаги бу машҳур шифо маскани тўғрисида тарихчи Хондамирнинг “Хулосат ул-ахбор”, яъни “Хабарларнинг хулосаси” номли китобидаги “Ҳирот ичида қурилган баъзи иморатларнинг зикри” бобида шундай маълумотларни ўқиймиз:

“Маҳди улё Милкат оғонинг Дор ул-ҳадис ва Дор уш-шифо (бинолари) ҳозирги пайтда ҳазрат Султоннинг яқинлари, дарёдил, олижаноб (Навоий)нинг диққат-эътиборлари билан ободонликка юз қўйган...”

Яна бир ўринда қуйидагича ёзилади:

“Масжиди Жомеънинг жанубида Дор уш-шифо бўлиб, у бағоят латофатли ва ниҳоятда назофатли қилиб қурилган.  Бу жаннатнишон бинолар орасида кавсар мисол бир ҳовуз қурилган бўлиб, Ҳизр қадамли ҳакимлар ва  Исо нафаслик табиблар доимо беморларни даволаш  ва ғарибларнинг касалини шифолаш билан машғулдирлар...”

Навоий тарбияси билан камолга етган машҳур тарихчи, кўпгина тарихий асарлар муаллифи, мазкур шифохона ва унинг табибларини ўз кўзи билан кўрган Хондамирнинг мазкур маълумотидан кўриниб турибдики, шифохонада ўз даврининг етук табиблари, Навоий ҳурматини қозонган ҳакимлар иш олиб боришган.

 Навоий ижодига назар ташлар эканмиз, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи кўплаб ҳикматларга кўзимиз тушади. Ҳар бир байтда олам-олам маъно, яхшиликка, эзгуликка, саломатликка оид насиҳатлар борлигининг гувоҳи бўламиз. Инсон  руҳияти ва жисмини ширин сўз билан ошуфта этиш, нафсни меъёрда сақлаш шулар жумласидан.

Неким бўлса мижозингга гуваро,

Анга кўп майл қилма ошкоро, деб ёзади шоир. Яъни мижозга ёқадиган овқатлардан ҳам ҳаддан ошиқча ейиш зарарли эканлигини уқтиради.

Яна бир асарида шундай мисраларни ўқиймиз:

Бўлса таъб ичра хилтдан иллат,

Моддий бўлса ҳар нечук заҳмат.

Бизга ишдур они илож этмак,

Тиб ила сиҳҳати мижоз этмак.

Тиб илмидан маълумки, киши баданида тўртта хилт - қон, сафро, савдо, балғам бўлади. Шулардан бирортаси ошиб кетса, киши касалга чалиниши мумкин. Тиб ва табиб ана шу ошиқча хилтни даф этиб, беморга саломатлик етказади. Юқоридаги сатрларда шоир шу жиҳатни назарда тутган. Шоирнинг яна бир ҳикматида “Кўп деган кўп янгилур ва кўп еган кўп йиқилур”, дейилади. Яъни кўп гапирган одам кўп адашади, янглишади, кўп ейдиган одам кўп касал бўлиб, йиқилади.

Мутафаккирнинг тўғри овқатланиш борасида айтган қуйидаги фикри диққатга сазовор:

Ғизо бўлса муфиду таъб роғиб,

Бас эт таъбинг ҳануз ўлғонда толиб.

Яъни, овқат фойдали бўлиб, сиҳатга мос бўлса ҳам, яна егинг келиб, табиатинг тортиб турганда, ейишни тўхтат. Бу фикрни бугунги давр олимлари ҳам тасдиқлашади, яъни таомни жуда тўйиб ейиш керак эмас, меъда чала тўлган вақтида таомланишни тўхтатган маъқул. Шу мавзуда шоирнинг яна бир ҳикмати кўп такрорланади:

Кўп демак бирла бўлмағил нодон,

Кўп емак бирла  бўлмағил ҳайвон.

Юқоридагилардан аёнки, Алишер Навоий ўз даврининг зиёли, маърифатли кишиси ва мутафаккир сифатида кўпгина масалаларда бўлгани сингари соғлом турмуш тарзи борасида ҳам илғор фикрли шахс бўлган. Унинг бу хусусидаги қарашлари чуқур ўрганишга лойиқдир.

Рисолат ХОЛИҚОВА,

Қарши шаҳридаги 9-мактаб ўқитувчиси

Report typo