Тиббиётчилар дунёга машҳур футболчи Диего Марадонанинг ўлими юз берган аниқ вақтни ўрнатди. Унга кўра, спортчини жонлантиришга уринишган пайтда унинг вафот этганига аллақачон бир неча соат бўлганди.
Футболчининг ўлими сабабини ўрганиш учун тузилган тиббий комиссия хулосасига кўра, Марадона 4.00 дан 6.00 гача бўлган вақт оралиғида уйқусида жон берган. Бу маълумот спортчи ёнига чақирилган врачлар фаолияти, шунингдек, гувоҳлар кўрсатмаларига ҳам зид келаяпти. Жумладан, ўшанда эълон қилинган ва тегишли ҳужжатларга киритилган дастлабки тафсилотларда касал олдига етиб келган шифокор футболчини чамаси 45 дақиқа давомида жонлантиришга уриниб, ўлимни соат 13.15 да қайд қилгани баён этилганди. Ваҳоланки, "тана аллақачон совиб бўлганди", дейилади комиссия хулосасида.
Бундан ташқари, ишга жалб этилган ҳамширалардан бири - Даяна Мадрид гўёки, Марадона ўша куни эрталаб уйғонгани ҳақида ёлғон кўрсатма берган.
Шунингдек, тиббий комиссия Марадонага зарур муолажа ва қаров бўлмагани ўлимга олиб келгани эҳтимолини қайд қилган. Бинобарин, таниқли футболчи юрак миопатиясидан азият чекарди. Аммо шифокорлари уни даволашда юрагида касаллиги бор мижоз сифатида ёндашмаган.
Спортчи ҳеч қандай парҳез тутмаган, унга соғлиғи ёмонлашиши олдини олишга қаратилган бундай кўрсатма қилинмаган. Боз устига, доимий кузатувда бўлиши керак бўлган футболчи ёлғизликда жон берган. Яна, Марадона танасининг айрим қисмларида шиш бўлган, у кетма-кет уч кун ухлаган.
Эслатиб ўтиш жоиз, дунё футболининг сўнмас юлдузи ўтган йили 25 ноябрь куни, 60 ёшида вафот этганди. Айни вақтда Аргентинада Марадона ўлими сабаблари юзасидан суриштирув кетаяпти, иш бўйича етти киши терговга жалб этилган.