Сараланган сатрлар
"Тишланган олма" деса, ёшу қарининг хаёлига "Apple" телефонларию компьютерлари келади. Дарҳақиқат, бугунги ҳаётни ушбу қурилмаларсиз тасаввур этиш қийин. Шахсий компьютерлар, "iPod", "iPad", "iMac" ва бошқа шу каби қурилмаларни ишлаб чиқарувчи "Apple Inc." компанияси бош директори Стив Жобс (1955-2011) ўз даврининг ихтирочиси ва бизнес келажагини олдиндан кўра оладиган тадбиркорлардан бири эди. "Apple" компанияси унинг раҳбарлиги остида одамларнинг коммуникация имкониятларини кенгайтирди ва янги технологиялар яратди. Жобснинг мулоҳазалари беқиёс тажрибага ва теран маънога бой. Бу мулоҳазалар одамларга ушбу таниқли тадбиркорнинг дунёсини очиб беради.
Қуйида "Стив Жобс бизнес ҳақида" китобидан айрим фикрларни сараладик. Ўйлаймизки, сизга-да манфаатли бўлади.
* * *
10 йил олдин "Аррlе"га қайтиб келганимда нималар қилардим?! Стенфордга музей, барча ҳужжатлар ва эски машиналарни берардим. Веб-сайтлардаги маълумотларни супуриб ташлардим ва шундай дердим: "Орқага қарашни бас қилинг. Эртага нима бўлиши ҳақида ўйлаб кўриш керак".
* * *
Сиз нима кераклигини мижозларнинг ўзидан шунчаки сўрай олмайсиз ва уларга сўраган нарсасини таклиф қилишга уриниб ҳам кўра олмайсиз. Чунки ҳаммаси тайёр бўлган пайтда улар янги нимадир хоҳлаб қолишади.
* * *
Миқдорга нисбатан сифат муҳимроқ. Ғaлабага олиб келадиган битта зарба, самараси паст иккита зарбадан яхшироқдир.
* * *
Менинг шиорларимдан бири - ҳушёрлик ва соддаликдир. Оддийлик мураккабликка нисбатан машаққатлироқ: ғоя аниқ ва содда бўлиши учун кўпроқ меҳнат қилиш керак. Агар шунга эришсангиз, ҳатто тоғларни силжитишга қодир бўласиз. Демак, ғоянинг аниқ ва содда бўлиши қилган меҳнатингизга арзийди.
* * *
Сиз нима бўлишини олдиндан айтиб бера олмайсиз, лекин ҳаракат йўналишини олдиндан тушуниб олишингиз мумкин. Бу эса сиз эриша оладиганнинг энг муҳимидир. Шундан сўнг шунчаки четга чиқишингиз ва халақит бермаслигингиз керак. Шунда барчаси ўз-ўзидан жойига тушади.
* * *
Биз ўз тасаввурларимизга таянамиз ва кимгадир тақлид қилишдан кўра шундай йўл тутишни афзал кўрамиз. Майли, бошқалар тақлид қилиш билан шуғулланаверсин. Биз-чи? Биз эса доимо навбатдаги орзуга эргашамиз.
* * *
Ҳатто технологиялар ишлаб чиқарувчи компаниялар учун ҳам маҳсулотга кучли йўналтирилган маданият керак. Таниқли муҳандислар ва билимдон одамларга эга кўплаб компаниялар мавжуд. Аммо, охир-оқибатда, ҳаммасини бир мақсадга бирлаштирувчи тортишиш кучи бўлмаса, буларнинг ҳеч қандай аҳамияти, фойдаси бўлмайди. Бундай вазиятда коинотда сузиб юрадиган тарқоқ технологик лойиҳаларни оласиз, холос.
* * *
Менинг фикримча, вазиятдан чиқиш йўли - ишга жон-жаҳд билан ёпишиб олишда эмас, балки янги йўлларни қидиришдадир.
* * *
Агар бирор бир нарса қилсангиз ва унинг натижаси ёмон бўлмаса, у ҳолда яна бир ҳайратланарли нарсани амалга оширишингиз лозим ҳамда буни амалга оширишни узоқ кечиктирманг.
* * *
Мен бир пайтлар ўзим қатнашишга тўғри келган йиғилишлардаги иштирокчиларнинг энг ёши эдим. Энди эса энг кексасиман. Кексайганим сайин мотивациянинг қанчалик аҳамиятга эга эканлигига амин бўляпман.
* * *
Ҳақиқатан ҳам, ажойиб ғоялар ва янги технологияларни узоқ йиллар давомида сақланадиган инновацияга айлантириш учун компанияга темир интизом талаб этилади.
* * *
Бизнес соҳасидаги ҳозирги билим илгари мавжуд бўлганида эди, мен эҳтимол ҳозиргига нисбатан яхшироқ иш қилган бўлар эдим. Бироқ бошқа томондан, балки, бундан ҳам ёмонроқ иш қилишим мумкин эди. Хўш, бу билан нима демоқчиман? Ҳозирги кун билан ҳисоблашиш жуда муҳимдир.
* * *
Агар мен сизга 20 та ғишт берсам ва сиз уларнинг ҳаммасини ерда қолдирсангиз, сизда ерда ётган 20 та ғишт мавжуд бўлади. Бироқ сиз уларни бир-бирининг устига теришингиз ва девор қуришни бошлашингиз мумкин.
Биз дунёдаги энг яхши нарсаларни амалга оширишни хоҳлайдиган одамларни ёллаймиз.
* * *
Ҳар қандай ишдан кучингизни аяманг. Ухламанг! Муваффақият янада кўпроқ муваффақиятлар келтиради, шунинг учун унга интилинг. Мукаммалликка интиладиган яхши одамларни ишга ёлланг!
* * *
Менинг вазифам одамларга кўнгилчан муносабатда бўлишдан иборат эмас. Менинг вазифам уларни янада яхшироқ қилишдир.
Мен қачонки, ҳақиқатан ҳам масъулиятли лавозимга кимнидир тайинлар эканман, биринчи навбатда эътибор берадиганим - бу билимдонлик. У жуда заковатли бўлиши керак.
* * *
Мен тенг натижалар эмас, тенг имкониятлар ғоясининг қаттиқ тарафдориман. Тенг натижаларга ишонмайман, чунки ҳаёт ҳар доим ҳам ундай эмас. Агар шундай бўлса, бу ерда даҳшатли зерикиш ҳукм сурар эди.
* * *
Ҳаммамиз ҳақиқатни рамзий қаҳрамонларга кўчиришга интиламиз, аммо "Супермен"нинг даври ўтиб кетди. Сиз муҳим ютуқларга фақат жамоавий равишдагина эришишингиз мумкин.
* * *
Ижодкорлик - нарсаларнинг ўзаро бирлашиши, холос. Ижодкорлардан бу нарсаларни қандай қилиб яратганини сўрасангиз, уларни ноқулай вазиятга қўясиз. Чунки, аслида, улар ҳеч нарса яратмаганлар, бор нарсага бирор қўшимча киритганлар, холос.
* * *
Инновация биз минг марта: "Йўқ", деб айтганимиздан сўнг хато қилмаслигимиз ва бирданига ҳамма нарсани илғаб ололмаслигимизга амин бўлганимиздан кейин намоён бўлади. Биз ҳар доим киришимиз мумкин бўлган янги бозорлар ҳақида ўйлаймиз, лекин айнан мана шу "йўқ"лар бизни ҳақиқатан ҳам муҳим бўлган нарсаларни бир жойга тўплашга имкон беради.
* * *
Баъзан бир янги нарса яратар экансиз, хатоликка йўл қўясиз. Бунда сизнинг энг яхши ҳаракатингиз камчиликларни тезда тан олиш ҳамда бошқа янги маҳсулотларни такомиллаштиришни бошлашдан иборатдир.
* * *
Айримлар: "Японияликлар нарсаларнинг нусхаларини кўчиришади", деб ўйлайдилар. Мен эса бундай деб ўйламайман. Назаримда, улар қилаётган иш - барчасини янгидан кашф қилишдир. Улар аллақачон яратилган бирор қурилмани олишади-да, уни ипидан-игнасигача ўрганадилар. Баъзан улар бу қурилмаларни ўз яратувчисидан ҳам яхшироқ тушунадилар.
* * *
Менга табақаларни тенглаштириб берадиган, инсонни ташкилот билан ёки кичик гуруҳни кўпроқ ресурсга эга бўлган катта гуруҳ билан бир даражага қўядиган нарсалар ёқади. Веб-сайтлар ва интернет эса айнан шу ишни қилмоқда. Бу эса жиддий иш.
* * *
Ўйлашимча, компьютер дунёни қамраб олади ва бу ҳолат янада кучайиб бораверади. Ҳамма ишнинг иккинчи томони бор, ҳамма нарса кутилмаган оқибатларга эга. Мен гувоҳи бўлган энг зарарли ихтиро телевидение деб аталади, аммо у фойдали пайтларда жуда ажойибдир.
* * *
Узоқ вақт давомида бирор нарсага берилиб кетсангиз, қолган ҳамма нарсадан воз кечишингизга тўғри келади. Агар аҳамиятга молик бирор нарсани амалга оширишни истасангиз, сизга аниқ мақсадга мувофиқлик, маълум бир чегара керак. Айниқса, бизнесмен эмас, балки ижодкор одам бўлишни истасангиз.
* * *
Бир кун ўзингиз ҳам ўлишингизни ёдда тутинг: бу - йўқотадиган нарсам бор деган фикрдан сақланишингизнинг энг яхши усулидир.
* * *
Муваффақиятли тадбиркорларни омадсизларидан ажратиб турадиган фарқнинг ярми шунчаки қатъиятдир.
* * *
Бизнинг юксалиш жараёнимизда содир бўлиши мумкин бўлган энг ёмони шуки, дунёда бироз кўпроқ обрў-эътиборга эга бўлиш илинжида асосий қадриятларимизнинг ўзгариши ҳамда уларга менсимай қарашдир. Мен бунга йўл қўя олмайман. Ундан кўра кетганим яхши. Биз ҳали ҳам ўша пайтдаги қадриятлар билан биргамиз.
НАСРИДДИН тайёрлади.